Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:29

Туркия ИДга қўшилиш учун Сурияга ўтишга уринганларни депортация қилмоқда


Рус, чечен ва тожик миллатига мансуб бир неча чет эллик Туркиянинг Сурия билан чегарасида қўлга олиниб, мамлакатдан депортация қилинди. Булар шу ой аввалидан буён ушбу чегарадан ноқонуний ўтиб, "Исломий давлат"га қўшилишга уринишда гумон қилинган ўнлаб чет эллик фуқаролардан баъзиларидир.

Туркия-Сурия чегараси бўйлаб назоратни кучайтирган Анқара ҳукумати сўнгги бир ой ичида чегарани ноқнуний кесиб ўтиб, "Исломий давлат" жангарилари сафига қўшилаётганлар йўлини жиддий равишда кесишга уринмоқда.

19 март куни турк матбуот берган хабарларда сўнги 2 ҳафтда ичида ИДга хайрихоҳ 32 чет эллик чегарада қўлга олингани айтилди. Расмий матбуотга кўра, Туркия ҳукумати бундай шахсларни аниқлаш учун махсус дастур ишлаб чиққан.

Сўнги хабарларда депортация қилинганлар орасида бўлган россиялик К.С ва И.С, тожикистонлик С.С. ҳамда чечнистонлик С.Б.лар ҳақида айтилди.

25 март куни Газиантеп ҳокимлиги Россиянинг С.Д. исмли яна бир фуқароси Сурияга ўтишга уринаётган пайтда қўлга олинганини хабар қилди.

20 март куни ҳам айрим турк нашрларида Россиядан борган 4 фуқаро чегарада қўлга олиниб, депортация қилинганини хабар қилган эди.

Айни пайтда номи тилга олинган давлатларда ҳам аэропортларда назорат кучайтирилган. Аммо, Тожикистон расмийлари Туркиядан мамлакатга депорт қилинган фуқаронинг шахсига оид бирор маълумотга эга эмаслиги, зеро Туркиядан чиқариб юборилганлар, одатан, бошқа оддий йўловчилар каби мамлакатга кириб келишини айтмоқда.

Ҳозирча Тожикистон томони Сурия остонасидан қайтарилган фуқаронинг 25 яшар кулоблик талаба қиз эканини тахмин қилаётгани диққатни тортмоқда. Айтилишича, бу аёл Душанбедаги тиббиёт олийгоҳларидан бирида таҳсил олаётган кезда рус тилидаги ижтимоий тармоқлар, хусусан, Одноклассники сайти ва Viber тармоғи орқали бир тожикистонлик эркак билан танишган. Унинг таъсири остида ўқишни ташлаб, Суриядаги "Исломий давлат" сафига қўшилишга қарор қилган. Аммо, Туркия ҳарбийлари томонидан қўлга олингач, мамлакатни тарк этишга маҳкум қилинган.

Сўнги пайтларда тожикистонлик бу талаба каби аёл-қизлар нафақат МДҲ давлатлари, балки Европанинг ривожланган давлатларидан ҳам бормоқда. Февраль ойида Буюк Британиядаги умумий мактабнинг юқори синфида ўқиётган уч ўқувчи қизнинг Сурияга кетиб қолгани катта шов-шувларга сабаб бўлган эди. Ҳозир уларнинг Сурияда жангарилар сафида экани, улар турмушга чиққан жиҳодчиларнинг шахид кетгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабар қолдиргани айтилмоқда.

Бундай ҳодисалар ортидан Туркия ҳукумати Сурия билан узунлиги 900 километрдан ошиқ бўлган чегарасини етарли даражада қўриқламаётгани юзасидан кўп бор танқид қилинди.

Танқидлар ортидан чегарада назоратни кучайтирган Туркия раҳбарияти, айни пайтда, иккита чегара-ўтказиш пунктини вақтинча ёпиб қўйди.

XS
SM
MD
LG