Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:27

Рассом Зулфия Султон: Барчага ëқадиган либос тикишга уринмайман


Дизайнер Зулфия Султон.
Дизайнер Зулфия Султон.

Тошкентлик дизайнер¸ либослар бўйича рассом Зулфия Султоннинг исми қўшиқчи Лола атрофидаги жанжал боис тилга тушди. Рассом Зулфия Султон бичимига кўра тикилган либосда саҳнага чиққан Лола Йўлдошева "Ўзбекнаво" танқидига учради.

Ўзбекистондаги “қуюшқон” чорчўбидан чиққан либос кийиб куйлаган Лола Йўлдошева "Ўзбекнаво"га чақиртирилиб, расман огоҳлантирилди ҳам.

"Ўзбекнаво"нинг расман муҳокамасига сабаб бўлган либос ижодкори 31 яшар рассом Зулфия Султон Озодликнинг “Туркистон рассомлари” рукнига қаҳрамон бўлди.

Озодлик билан суҳбатда Зулфия Султон тасвирий санъат¸ миллий нақшу-нигорлар ҳамда қўшиқчиларга либос тикиш машаққатларидан ҳикоя қилди:

- Болалик пайтимда либос рассоми бўламан деган орзуим йўқ эди. Лекин сал ëшим каттайганда ким бўлсам экан деган савол пайдо бўлди. Ўшанда мен ҳаëлан ўзимни ҳар ҳил соҳаларда синаб кўрдим. Дизайнерлик маъқул келди. Рассомлик коллежига кирдим. Кейин либос дизайни бўйича институтни ҳам тугатдим¸- дейди шу кунларда ўзбек тасвирий санъати уфқларида порлай бошлаган юлдуз сифатида эътироф қилинган рассом Зулфия Султон.

Эмас осон бу майдон ичра турмоқ

Чингиз Аҳмаров¸ Шамсирўй Ҳасанова¸ Варшаам Авакян¸ Эдуард Калантаров каби рассомлар ўз даврида киноасар персонажлари ва театр артистлари учун либос улгиларини чизиб ўзбек дизайн санъатини ривожлантиришган.

Ëш ўзбек рассоми Зулфия Султон санъатга кириб келганида мана шу улуғ санъат арбоблари асос солган миллий нақшу-нигор услубида ишлашга ҳайиққанлигини айтади.

- Миллий нақшлар билан ишлар эканман¸ бошида қўрқдим. Нима десам экан, бачкана бўлиб кетмаслиги учун нақшларни эҳтиëткорлик билан ишлатиш кераклигини билганим учун ҳам озроқ ҳайиқдим. Бирор буюртмани санъат даражасига етказишим учун изланишлар олиб бордим. Тарихни ўқидим. Ўтмишдаги рассомлар ижоди ва либос тарихини ўргандим. Бу изланиш самараси ўлароқ¸ аста-секин миллий матоларни ишлата бошладим. Ундан олдин фақат экспериментлар бўлган¸- дейди Зулфия Султон.

Суҳбатдошга кўра, изланишлар ҳануз давом этмоқда:

- Ҳали катта ютуққа эришдим, дея айта олмайман. Бу борада мен ҳаракат қиляпман¸ балки натижа чиқиб қолар¸- дейди камтарлик билан Зулфия Султон.

Шу ўринда Зулфия Султоннинг ўтган йили Италияда ўтган мода ҳафталигида Ўзбекистонни тамсил қилганлигини ҳам айтиб қўйишимиз лозим.

Ҳаммага ëқишга ҳаракат қилмайман

Зулфия Султон ўзбек поп қўшиқчилари Манзура¸ Зиëда¸ Шаҳноз¸ Муниса Ризаева ва Лола Йўлдошеваларнинг саҳнавий қиëфасини белгилаш йўлида ижод қилмоқда.

Рассом Зулфия Султон бичимига кўра тикилган либосда саҳнага чиққан Лола Йўлдошева ўтган ҳафта "Ўзбекнаво" танқидига учради. Бу танқидларда Зулфия Султон тиккан кийимлар "миллийликка зид", деб топилган эди.

Суҳбатдош бу танқидларга изоҳ беришни лозим топди:

- Бу танқидларга битта изоҳ беришим мумкин. Қаранг, қанча инсон бўлса, шунча фикр бўлади. Лекин мана бу танқидга учраган либосларни миллийликка зид деб айтилганлигини нотўғри, деб биламан. Чунки бу либос (Қўшиқчи Лола кийганидан кейин жанжалга сабаб бўлган елкаси очиқ қизил кийим назарда тутилмоқда) миллий либос эмас. Қўшиқ ҳам миллий қўшиқ эмас. Кийим ашуланинг характеридан келиб чиқиб ва саҳна мантиғидан келиб чиқиб яратилди. Лола бу кийимда кўчада юради¸ у ëқ бу ëққа боради дегани эмаску. Бу саҳнаку. Саҳна учун тикилган ва ашулага мос қилиб яратилган либос. Буни тушунтириш қийин. Агар ҳамманинг эътирозини ҳисобга оладиган бўлсак¸ ҳаммага қулоқ солсак, санъатимиз жойидан жилмай бир ерда қотиб қолган бўлар эди. Барибир ҳар доим изланиш бўлиши керак. Ҳар доим кийим тиксам ҳаммага ҳам ëқмайди. Ҳаммага ëқсин деб ҳаракат ҳам қилмайман¸ дейди "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси танқидига учраган либослар муаллифи тошкентлик таниқли дизайнер Зулфия Султон.

XS
SM
MD
LG