Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:45

Страсбург суди ўзбек қочқинини иккинчи маротаба ўз ҳимоясига олди


Россиядан бошпана топишга ҳаракат қилаётган ўзбекистонлик қочқин Абдусами Раҳмонов.
Россиядан бошпана топишга ҳаракат қилаётган ўзбекистонлик қочқин Абдусами Раҳмонов.

2012 йилнинг октябрида ўзбекистонлик қочқин Абдусами Раҳмоновнинг Россия ҳукумати устидан берган шикоят аризасини қондирган Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Суди уни иккинчи маротаба ўз ҳимоясига олди. 5 йилдан буён Россияда қочқинликда яшаётган 40 яшар бухоролик Абдусами Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари босими остида қолмоқда. Ҳимоячилар бу йигитнинг бугунги аҳволини “чархпалакка тушган” одамникига қиёсламоқда.

"Чархпалакка тушган одам"

2015 йилнинг 12 март куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Суди ўзбекистонлик диний қочқин Абдусами Раҳмоновнинг Россия ҳукумати вақтинчалик қочқинлик мақоми бермаётгани юзасидан қилган шикоятини қондирди ва муҳожирга нисбатан Европа судининг 39-қоидасини қўллади.

Шу тариқа 40 яшар бухоролик диндор Абдусами Раҳмонов Страсбург суди ҳимоясига икки маротаба олинган биринчи ўзбек қочқини бўлди.

Суд қарори тафсилотларини Озодликка гапириб берган адвокат Роза Магомедова Россия Федерал миграция хизмати устидан қилинган бу арзнинг ижобий ҳал этилиши ўзбекистонлик Абдусами Раҳмонов учун ҳаёт-мамот масаласи эканини айтди:

- Унга вақтинчалик қочқинлик мақомини чўздиришга Россияда рад жавоби берилган эди. Вақтинчалик қочқинликни бермаслик эса уни мамлакатдан бадарға қилиб юборишга барча имкониятларни очиб беради. Шу сабабли биз ФМС ва суд қарори устидан шикоят қилдик. Гап шундаки, 24 март куни Москва шаҳар суди Басманний туман судининг Раҳмонов иши юзасидан чиқарган қарорга қилган шикоятимизни кўриб чиқади. Улар туман суди қарорини маъқуллаб берса, Абдусами ўша заҳотиёқ мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкин. Страсбург суди қарори эса бундай ҳаракатнинг олдини олади, - деди Роза Магомедова.

Ҳимоячи Абдусами тушган ҳолатни “чархпалакда айланаётган одам ”га қиёслади ва суд қарори ижобий ҳал этилса яна ФМСга қочқинлик мақомини бериш талаби билан мурожаат қилишини айтди.

Адвокат Магомедова ўзбекистонлик Абдусами Раҳмонов қочқинлик мақоми берилмагани устидан шикоят қилиб, Страсбургнинг ижобий қарорини ололган биринчи муҳожир эканини ҳам эслатди.

Диндор Абдусами Раҳмонов Москва полиция бўлимларидан бирида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:40 0:00
Бевосита линк

Страсбургдаги суд бухоролик бу йигитнинг 2012 йилнинг октябрь ойида Россия ҳукумати ҳатти-ҳаракатлари устидан қилган шикояти бўйича 1000 евро маънавий зарар тўловини даъвогар фойдасига ҳал қилган эди.

"Менга қарши қўйилаётган айбловлар - сохта"

Озодлик билан суҳбатда Абдусами Ўзбекистонда сохта айбловлар билан таъқиб остида қолаётганини гапирар экан, унинг яқинлари ҳам қатағон қилинаётганини маълум қилди.

- Европа суди менинг масаламда яна 39 - қоидани қўллади, яъни ҳеч қаерга чиқармаслик ва бошқа мамлакатга ҳам бериб юбормаслик. Биринчи маротаба Европа суди ҳимоясига олганида мен депортация марказида эдим – Ўзбекистонга депортация қилиш хавфи бор эди. Шунда Европа суди мана шу қоидани қўллаб мени ҳимоя қилган эди. Москва шаҳар суди менга қўйилган ноқонуний ишда қонуний айбловлар йўқ, деб озодликка чиқарган эди.

Иккинчи маротаба 39-ни қўлланилишига сабаб – менга 1,5 йилдан бери вақтинчалик қочқинлик мақомини узайтиришмаётган эди. Ўзи, укам Хумоюнжонни ноқонуний равишда ҳибсга олишганида мен Озодлик радиоси орқали ёшларимиз ёлғон айбловлар билан қамалаётгани, улар қаторида укамни ҳам қамаб қўйишганидан норози эканимни билдириб, Ўзбекистон президенти, Бош прокурори ва Олий суд ҳакамига мурожаат қилган эдим. Бу ишга ҳам мана 4,5 йил бўлиб қолди, - дейди шу давр мобайнида доимий депортация хавфи остида қолаётганини гапирган Абдусами.

Абдусами Раҳмонов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:47 0:00
Бевосита линк

Суҳбатдош ноаниқ қочқинлик ҳолати туфайли саноқсиз маротаба Россия полиция ва ФМС бўлимларига олиб кетилгани ва сўроқ қилинганини ҳам айтди.

Абдусами Раҳмонов Amnesty International фаоллари билан
Абдусами Раҳмонов Amnesty International фаоллари билан

Ўзбекистонда "ҳужрачилик"да айбланаётган бу йигит таъқиб остида бўлган давр мобайнида Москвада олий ўқув юртлардан бирида сиёсатшунослик йўналиши бўйича таҳсил олаётганини гапирди. Шунингдек, у ҳозирда Amnesty International ташкилотининг Россиядаги фаоли сифатида ўзи каби қочқинлар ҳуқуқларини ҳимоя қилаётгани маълум.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан “ҳужрачиликда” айбланиб қидирувга берилган Абдусами Раҳмоновнинг саргузаштлари тўғрисида Озодлик олдин бир неча бор хабар берган эди. Бухоролик бу йигит Ўзбекистон Жиноий Кодекси 159-моддасининг 3-банди билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий тузумига тажовуз қилганлик ва 244.1 моддасининг 3-банди билан жамоат тартибига хавф соладиган материалларни тайёрлаш ва тарқатишда айбланмоқда. У Тошкент томонидан ўзига қўйилаётган айбловларни рад этиб келмоқда.

Экстрадиция хавфи остида Москва турмаларида 7 ою 10 кун ушлаб турилган Абдусами Раҳмонов 2011 йил сентябр ойида жамоатчилик босими ортидан озодликка чиқарилган эди.

XS
SM
MD
LG