Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:39

Ҳуқуқ фаоли Алиқул Саримсоқов бедарак йўқолди


Инсон ҳуқуқи фаоли Алиқул Саримсоқов.
Инсон ҳуқуқи фаоли Алиқул Саримсоқов.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Альянси фаоли Алиқул Саримсоқов Тошкентда сирли равишда йўқолиб қолди. Саримсоқов 3 март куни Тошкентда вақтинча яшаб турган уйига келмаган ва ўшандан сўнг унинг мобил телефони ўчирилган. Альянс фаоллари Саримсоқовни милиция ходимлари ўғирлаб кетган, дея гумон қилишмоқда.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Альянси фаоли Шуҳрат Рустамовнинг айтишича, у Алиқул Саримсоқовни сўнгги бор 3 март куни тушдан кейин кўрган:

- Сешанба куни бирга эдик. Чорсудаги меҳмонхона олдидаги остановкада вақтинча ажрашдик. Менинг борадиган жойим бор эди, бирга борайлик десам, “мен чарчадим, шу ерда дам олиб тураман”, деди. Мен соат уч яримларда кетдим ва ишимни битириб, соат бешларда келсам йўқ эди. У Жиззахдан келиб вақтинча мен билан бирга яшар эди. Телефон қилсам, ўчган. Унинг ҳеч қачон бунақа одати йўқ эди. Шундан бери дараги йўқ, дейди Шуҳрат Рустамов.

Ҳуқуқ фаоли шундан сўнг милицияга хабар берганини айтади:

- Мен Саримсоқовни келиб қолар деган умидда соат 19.40 гача кутдим. Ундан дарак бўлавермагач, кейинги пайтларда бизга нисбатан бўлаётган аёвсиз таъқиблардан хабардор бўлганлигим сабабли, хавотирга тушиб, “102” - “Ишонч телефони”га хабар бердим. Шундан кейин тунги соат тўққиз яримларда 4 нафар ИИБ ходимлари хонадонимга ташриф буюришди. Улар белгиланган тартибда суриштирув ишлари олиб боришди. Тунги соат ўнларда Чорсудаги милиция таянч пунктига бориб, аризаларни расмийлаштирдик, дейди Шуҳрат Рустамов.

Ҳуқуқ фаоли Алиқул Саримсоқовнинг изсиз ғойиб бўлишига оид иккита тахмини борлигини айтади:

- Бизнинг биринчи тахминимиз шундай. Тошкент шаҳри ИИББнинг терроризмга қарши кураш ходимлари сўнгги кунларда Саримсоқовни суриштириб юрган эди. 3 март куни эрталаб президент девонига Елена Урлаева борганда ҳам ундан Саримсоқов қаерда деб, сўрашган экан. Иккинчи тахминда эса президентнинг Жиззахга ташрифи арафасида бу одам яна Жиззахга бориб бирор ҳунар кўрсатмасин деб, Жиззах милициясининг ўзи ўғирлаб кетган бўлиши мумкин деяпмиз, дейди Шуҳрат Рустамов.

Алиқул Саримсоқов сўнгги пайтларда Тошкентдаги президент девони олдида “Альянс” ташкилоти уюштираётган норозилик пикетларида фаол иштирок этган эди.

Жумладан, яқинда бир гуруҳ Альянс аъзолари Каримовнинг тўртинчи бор президентликка номзоди илгари сурилганига норозилик билдириб, Конституцион судга расман шикоят аризаси топширган эди.

Озодлик Алиқул Саримсоқовнинг милиция томонидан ҳибсга олинган ва олинмаганини аниқлаш мақсадида Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси билан боғланди. Ҳар икки идора вакиллари ҳам Алиқул Саримсоқов улар томонидан ҳибс қилинганини тасдиқламади.

Ҳуқуқ фаоли ва собиқ фермер Алиқул Саримсоқов бундай ҳодисага илк бор дуч келаётгани йўқ.

Ўтган йилнинг июнь ойида Жиззах вилоятининг Зомин туманида истиқомат қиладиган фермер Алиқул Саримсоқов Жиззах шаҳридаги руҳий касалликлар шифохонасига мажбуран ётқизилган ва 16 кунлик тутқунликдан сўнг қўйиб юборилган эди.

XS
SM
MD
LG