Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:27

Юзлаб ўзбекистонлик Россия-Украина чегарасида аросатда қолди


Кейинги кунларда Россия-Украина чегарасида уч юздан зиёд ўзбекистонлик меҳнат муҳожири тўпланиб қолди. Уларнинг кўпчилиги, Россияга "кирди-чиқди"ни расмийлаштириш учун Украинага "бирровга" борган кишилардир. Вужудга келган вазият Россия ҳукумати жорий қилган ноқонуний муҳожирликка қарши янги қонунлар оқибатидир.

Москвада ишлайдиган самарқандлик Азамат - Россия ва Украина орасидаги Погари чегара-транзит зонасида қолиб кетган юзлаб ўзбекистонликнинг бири.

- Москвада ишлайман. “Кирди-чиқди” печатини бостириш учун келгандим. “Депорт” печатини босиб берди. Икки йилгача энди Россияга киролмас эканман. Украинага ўтай десак, улар ҳам киритмаяпти. Ҳозир бизни Россия томони фақат икки кунга Брянск областига киритиб, кейин тўғри Ўзбекистонга жўнатар экан, мен билан бирга жуда кўп одам ҳозир депорт қилинди, - дейди Азамат.

Россияда яшовчи қашқадарёлик Эшқувват уч кун аввал "кирди-чиқди"ни расмийлаштириш учун Украина чегарасига йўл олган 62 ёшли дадаси қайтиб келмаганини айтади.

-“Депорт” қилишибди. Сабабини айтишмабди. Ҳозир озгина солиқдан қарзи бўлса ҳам депорт қилишаётган экан, - дейди Эшқувват.

Россия Чегара хизмати расмийлари депорт қилинган ўзбекистонликлар Россия миграция қонунчилигини бузган мухожирлар эканини айтишди.

- Нима сабабдан у ёки бу одам депорт қилингани сабаби айтилмайди. Россияга келган ҳар бир шахс шу мамлакат қонунчилигига амал қилиши керак, акс холда депорт қилинади, - деди Россия Чегара хизматининг исмини айтмаган расмийси.

Россиядан депорт қилинган ўзбекистонликларнинг кўпчилиги Украинага ҳам киритилмасдан, транзит ҳудудда қолиб кетишга мажбур бўлмоқда.

Украина Чегара хизматининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими ходими Андрей Демченко Озодлик билан суҳбатда бундай фуқароларнинг нима сабабдан Украинага киритилмаётганини тушунтирди:

- Украина худудига ўтмоқчи бўлган ҳар бир одам, жумладан Ўзбекистон фуқаролари ҳам ўз ташриф мақсадини аниқ тушунтириб бериши керак. Агар, ташриф мақсади аниқ бўлмаса чегарачилар уларни киритмайди. “Кирди-чиқди” муҳрини бостириш учун келдим, дейиш ташриф учун асос бўлолмайди,- деди Демченко.

Россияга ишлагани келган ўзбек меҳнат муҳожирлари мамлакатда кўпроқ муддат қолиш учун паспортига чегарани кесиб ўтганини тасдиқловчи муҳрни ҳар йилда янгилаб туришлари керак.

Бунинг учун улар ҳар йили Россия чегарасидан чиқиб, қайта киришади ва буни паспортларига қайд қилдириб келишади.

Москвадаги муҳожирларга кўмак берувчи “Ёрдам” ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроевга кўра, "кирди-чиқди" мухрини бостириш Россияда ўзига хос бизнесга айланган.

- Бу патенти бор мухожирларга оид тартиб. Уч ойга келувчилар ҳозир Россиядан чиқса уч ойгача қайтиб киритилмайди. Қўлида патенти бор ишчилар ҳар йили патенти муддати тугаши билан Россиядан чиқиб "кирди-чиқди"ни бостириши керак. Шунинг учун кўпчилик тожикистонлик, ўзбекистонлик такси кира қилиб Брянск вилоятининг Украинага туташ Погари чегара масканига боради. Шу ернинг ўзида пул бериб печать бостиради. Ҳозир 1 ярим минг рубль бўлибди печать бостириш. Бу чегарачига бериладиган пора. Кейин қайтиб келади. Сўнгги пайтларда чегара постига бориб, депорт қилинаётганлар сони ошганини кўряпмиз. Ҳозир Россияда шунақа тенденция борки, муҳожирни чиқариб, иложи бўлса киритмаслик. Оқибатда кўплаб ҳамюртларимиз чегара зонасида қолиб кетяпти. Айримларини шу ердаги изоляторларга қамаб қўйган. Ўзбекистон элчихонаси ҳам уларга ёрдам бермайди. Украина ҳам қабул қилмайди. Совуқда қийналиб, хор бўлишмоқда, - дейди Ҳамроев.

Россия Федерал миграция хизматига кўра, ҳозир мамлакатда 3,6 миллион ноқонуний меҳнат муҳожири бор.

Россиядаги меҳнат муҳожирлари сони бўйича эса ўзбекистонликлар йиллардан бери биринчи бўлиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG