Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:25

Samsung Galaxy S6 ва Galaxy S6 Edge смартфонларини эълон қилди


Жанубий Кореянинг Samsung ширкати анчадан бери кутилаётган янги флагман смартфони - Galaxy S6 ва унинг ёнлари эгилган дисплейли эгизаги - S6 Edgeни тақдим этди. Кўп функция ва сифатларини ўтмишдоши S5 дан мерос олганига қарамай Galaxy S6 фойдаланувчига қатор янги имкониятларни таклиф этиши айтилмоқда.

Қайд этиш жоиз, корпуси метал ва шишадан ясалган Galaxy S6 va Galaxy S6 Edge смартфонлари Samsung ширкатиниг S-сериясидаги корпуси пластикдан бўлмаган илк мобил аппаратларидир.

Янги смартфонларнинг кўрсаткичлари деярли бир хил. Edge версиясида аппарат дисплейининг икки ёни эгилган бўлиб, фойдаланувчи унга қўшимча функциялар, масалан, энг кўп фойдаланилган иловалар тугмачаларини жойлаштириши мумкин.

Аппаратлар кўрсатиш қобилияти 2560×1440 нуқтага эга бўлган ва ўта чидамли Gorilla Glass 4 ойнаси қопланган 5,1-дюймли Super AMOLED дисплейи билан жиҳозланган.

Samsung вакилларига кўра, S6 смартфонлари бошқа ширкатлар ишлаб чиқараётган мобил қурилмаларга солиштирганда энг пишиқ ҳимояловчи ойнага ва метал корпусга эгадир.

Бундан ташқари, янги аппаратларнинг процессори ва тезкор хотираси ҳам ўтмишдошлариникига солиштирганда анча тезроқ экани айтилмоқда.

Шунингдек, смартфонлар 5 мегапикселли олдинги камера ҳамда f/1,9 диафрагмали ва тасвирни оптик барқарорлаштирувчи қурилма билан жиҳозланган 16-мегапикселли асосий камерага эга.

Янги смартфонлар билан бирга Жанубий Корея ширкати ўзининг Samsung Pay мобил тўловлар хизматини ҳам тақдим этди. Samsung Electronics раҳбари Жей Кей Шин 1 март куни Барселонада ўтган тақдимот маросимида Samsung Pay мобил тўловлар соҳасида катта ўзгаришлар ясай олишига ишонишини айтди.

- Samsung Pay хизмати савдогарлар ва харидорларнинг қўлайликлари ва имкониятларини кескин ошириб, мобил тўловлар тизимидаги чегараларни янада кенгайтиради. Биз тўлов карточкалари соҳасидаги йирик ширкатлар, жумладан, MasterCard ва Visa каби билан яқиндан ҳамкорлик қилдик. Кўплаган банклар ва молиявий институтлар кучларини бирлаштирган ҳолда фойдаланувчиларга хавфсиз ва қулай контактсиз тўлов тизимини яратиш учун иш олиб бомоқда, - деди Жей Кей Шин​.

Эслатиб ўтиш жоиз, Samsung ширкатининг смартфонлар бозоридаги асосий рақиби Apple ўтган йили iPhone 6 ва iPhone 6 Plus смартфонлари билан бирга ўзининг мобил тўлов хизмати - Apple Pay ни ишга туширган эди.

Samsung ўз мобил тўлов хизмати рақибларникига солиштирганда анча тараққий этган фунциялари, хавфсизлиги ва кўпроқ тизимлар билан ишлай олиши билан фарқланишини айтмоқда.

Galaxy S6 ва Galaxy S6 Edge смартфонларидаги янги функциялар орасида тез қувватланиш ҳамда батарейкани симсиз қувватлаш имкониятлари бор. Samsung ширкатининг стратегик режалаштириш бўлими раҳбари Жастин Денисон янги смартфонлар бозордаги мавжуд энг унумдор батарейкалар билан жиҳозланганини айтди.

- Фойдаланувчилар телефонлар ҳақида ўйлар экан, даставвал батарейка кучига этибор қаратишади... Ҳозиргача ҳеч ким туганмас батарейка ишлаб чиқмаган. Лекин биз энг тез қувватланиш имкониятига эга бўлган батарейкани яратдик. 10 дақиқалик қувватланиш смартфоннинг 4 соат ишлашига имкон беради. Тўлиқ қувватланиш учун эса Galaxy S6 смартфони iPhone 6 га солиштирганда икки баробар оз вақт талаб қилади, - деди йўл-йўлакай рақиб ширкат маҳсулотини танқид қилган Жастин Денисон.

Samsung ширкатининг флагман смартфонлари GPS ва ГЛОНАСС тизимлари билан ишлай олади ва Android 5.0 Lollipop операцион тизими ўрнатилган ҳолда чиқарилади. Шунингдек, аппаратларнинг бармоқ излари сканери ўтмишдошиникига солиштирганда анча қулай экани айтилмоқда.

Оқ, қора, тилларанг, зангори ва кўк рангларда сотувга чиқариладиган янги смартфонларнинг нархи қанча бўлиши ҳозирча аниқ эмас. Ширкат вакилларига кўра, аппаратнинг Edge версияси қимматроқ бўлади.

Samsung ширкатининг янги флагман смартфонлари 10 апрелдан бошлаб сотувга чиқади. Ширкатнинг Тошкентдаги шўъбаси аппаратларнинг Ўзбекистон бозорига қачон келиши ҳақида аниқ маълумот йўқлигини билдирди.

XS
SM
MD
LG