Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:38

Москвадаги депортация марказида ОМОНчилар ўзбек муҳожирларини калтаклади


Депортация марказидаги муҳожир ОМОНчилар калтагидан баданида қолган изларни кўрсатмоқда.
Депортация марказидаги муҳожир ОМОНчилар калтагидан баданида қолган изларни кўрсатмоқда.

Москва вилоятининг Троицкий округидаги Сахарово қишлоғида жойлашган Хориж фуқароларини сақлаш маркази (депортация маркази)даги муҳожирлар 24 февралдан буён ОМОН ходимлари томонидан ҳар куни калтакланмоқда. Бу ҳақда Озодликка хабар берган ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, ОМОНчилар калтагидан жароҳат олганларнинг аксарини ўзбекистонлик муҳожирлар ташкил қилади.

"Хорижликлар каска ва дубинкалар билан калтакланмоқда"

Сахарово қишлоғида жойлашган депортация марказидаги воқеа борасида Озодликка хабар берган “Қочкинлик ҳуқуқи” лойиҳаси раҳбари адвокат Надежда Ермолаевага кўра, 17 февраль куни бир гуруҳ маҳбус ўз жонига қасд қилган ва “тартиб ўрнатишга” ОМОН (махсус топшириқлар бажарувчи милиция отряди) чақиртирилган:

- 25 февраль куни мен касбдошим Дарья Тренина билан бирга бу муассасага бориб, калтакланган 8 нафар одамни сўроқ қилдик. Аслида жароҳат олганлар сони жуда кўп – бу 8 киши бевосита бизнинг қарамоғимиздаги қочқинлар. Ёнимиздан калтакланган ва оғир аҳволда бўлганларни олиб ўтишди: ўзимизни фронтда юргандек ҳис қилдик: кимнидир қўли гипсланган, ёрилган боши бинтланган, оқсоқланиб кетаётган. Омончилар “оддий меҳнат муҳожирлари – булар яқинда депорт қилинади ва ҳеч кимга арз қила олмайди” деб ўйлаган кўринади. Улар орасида 8 нафари анча йиллардан буён Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди ҳимоясидаги одамлар борлиги уларнинг ҳаёлига ҳам келмаган,- дейди адвокат Ермолаева.

Ҳуқуқ фаоли Сахароводаги депортация марказида ОМОН томонидан дўппосланганлар орасида Страсбург суди ҳимоясидаги ўзбекистонлик Наби Раҳимов, Соҳиб Холиқов, Жавоҳир Эшонқулов, Авазбек Низомов, Раҳматулло Муҳаммадхўжаев, Ҳаким ва Олим Жалолбоевлар борлигини маълум қилди. Бу қочқинлар ҳозирда халқаро суд қарорига хилоф равишда “Россия миграция қонунчилигини бузганлиги” важи билан Ўзбекистонга юборилиш хавфи остида қолмоқда.

Надежданинг иддаосига кўра, ОМОН ходимлари ҳар куни камераларда “текширув” ўтказиб, каска ва дубинкалар билан хонадаги барча маҳбусларни уришни давом эттирмоқда:

- Менимча, бу қўрқитиш акцияси. Улар овозларини “ташқарига” чиқармаслиги, ҳеч қаерга шикоят қилмаслиги учун қилинаяпти. Чунки биздан олдинроқ – 17 феврал куни, Сахарово депортация марказига Москва Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзолари инспекция билан борган ва бир гала қонунбузарликларни аниқлаб, президентга ҳисобот берган. Ўша куни бир гуруҳ маҳбус томирларини кесиб, ўз жонига қасд қилган эди. Одатда бунақа усул зонадаги “ўғрилар қонунлари” бўйича яшовчи “уголовник”лар томонидан қўлланилади. Бу ер зона эмаску! ОМОН коридорга одамларни саф тортиб калтаклаши ҳар қандай қонунга зид,- дейди Надежда Ермолаева.

"Марказда қандайдир номақбул ишлар бўлмоқда"

Куни-кеча Президент ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раҳбари Михаил Федотов ва бошқа бир гуруҳ инспекторларнинг 20 февраль куни депортация марказига қилган фавқулодда текшируви юзасидан ҳисоботи ҳам эълон қилинди. Ушбу ҳисоботда бу марказнинг нормал фаолият юритишига деярли ҳеч қандай шароит йўқлиги таъкидланиб, Северний посёлкасидан йил бошида бу ерга кўчирилган муассасага жавобгар ташкилотга 31 банддан иборат талаблар белгилаб берилгани айтилади.

Кенгаш ҳисоботида депортация маркази “Штурм” хусусий қўриқлаш ташкилоти томонидан қўриқланиши, аммо сўнгги пайтларда ОМОН жангчилари “ёрдамга” чақирилаётгани ҳам аниқланган. “ОМОН томонидан Вьетнам фуқароси калтаклангани қайдга олинган”, дейилади мазкур ҳисоботда.

Надежда Ермолаева вазиятга инсон ҳақлари ташкилотлари ва адвокатлар аралашишидан кейингина жароҳат олган хорижликларга тиббий ёрдам кўрсатилганини билдирди. Бироқ муассаса шифокорлари сабабсиз акт тузишдан бош тортгани ҳам маълум бўлди.

Устига-устак, лагерни қўриқлаётган полиция ходимлари “бу жароҳатларни маҳбуслар ўзларига-ўзлари етказган бўлиши мумкин”лиги тўғрисида хулоса чиқарган”, дейди адвокат.

Ҳимоячи Надежда Ермолаева билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:47 0:00
Бевосита линк

Озодлик бундан салкам бир ой олдин Сахарово депортация марказидан таҳририятга уланган бир гуруҳ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари арз-шикоятларини радио эфирига узатган эди.

Хоразмлик Шуҳрат ва водийлик Фарҳоджон ноқонуний равишда ҳибсга олингани ва депортация қилинаётгани устидан шикоят қилган эди. Ўша суҳбатда Шуҳрат марказда ўз депортациясини кутаётган 500 нафар ўзбекистонлик борлиги тўғрисида гапириб берган.

Озодлик Сахароводаги ўзбек маҳбуслари қўл телефонлари ўчирилганини аниқлади. Надежда Ермолаева маҳбусларнинг телефонлари тинтув вақтида олиб қўйилганини тахмин қилади:

Адвокатлар олган аризалардан бири
Адвокатлар олган аризалардан бири

- Улар бошқа ҳеч кимга хабар бермаслиги учун телефонлар тортиб олинган, деб ўйлайман. Бугун у ерга “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Светлана Ганнушкина кетганини биламан. Қизиғи, роппа-роса бир ҳафта олдин Сахарово депортация маркази ва Миграция идораси раҳбарияти тўлиқ алмаштирилди. Демак, у ерда қандайдир номақбул ишлар бўлаётгани аниқ,- дея тахмин қилади Надежда.

Озодликнинг Сахароводаги Хориж фуқароларини сақлаш марказининг янги тайинланган бошлиғи Елена Аксёнова ва бошқа идора раҳбарларига мурожаати жавобсиз қолди.

Хориж фуқароларини сақлаш марказидаги маҳбуслар, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари калтакланиши юзасидан “Қочкинлик ҳуқуқи” адвокатлари Россия Тергов қўмитасига тафтиш ўтказиш талаби билан махсус билдиришнома тайёрлади.

Озодлик Сахарово депортация лагерида содир бўлган ҳодисалар ёки бўлаётган қонунбузарликларга гувоҳ бўлганларни таҳририятга хабар беришларини сўрайди.

XS
SM
MD
LG