Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:41

Норинлик милиционернинг онаси, хотини ва боласи чавақлаб кетилди


Воқеадан хабардор манбаларга кўра, жасадлар Андижонсойдан топилган.
Воқеадан хабардор манбаларга кўра, жасадлар Андижонсойдан топилган.

Наманганнинг Ҳаққулобод шаҳарчасида яшаган 61 яшар Зарифа Ботирова, унинг 27 яшар келини Наргиза ва 4 яшар набираси ваҳшиёна тарзда ўлдирилиб, Андижонсойга ташлаб кетилгани хабар қилинмоқда. Озодлик манбаларига кўра, Ўзбекистон ИВВ Жиноят тергов бўлимида ишлайдиган милиционернинг 2 ярим ойлик гўдаги омон қолган. Ҳозирча бу оилага суиқасд "буюртма" деб тахмин қилинмоқда.

Наманган вилоятининг Норин туманида жойлашган Ҳаққулобод шаҳарчасидаги фожиа тергови билан Учқудуқ тумани ИИВ ва МХХ бўлимлари Наманган вилояти ҳамда Тошкентдан борган ҳамкасблари билан бирга шуғулланмоқда.

Норин тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, жиноят содир этилганидан қарийб бир кун ўтиб, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларига маълум бўлган:

"Шунақа жиноят содир бўлди. 22 февраль куни тушдан кейин жасадлар Андижонсойдан топилди. Ҳозир бу иш билан Учқудуқ, Наманган вилоятидаги "қўшни идоралар" (Миллий хавфсизлик хизмати назарда тутилмоқда - таҳр.) шуғулланаяпти. Тошкентдан ҳам келишди. Биз сизга ҳеч қанақа маълумот беролмаймиз", деди ҳокимлик ходими.

Озодликка бу воқеа ҳақида келган мактубда қурбон бўлган оила Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жиноят тергов бўлимида ишлайдиган милиционернинг оиласи экани иддао қилинди (имлоси сақлаб қолинди):

"21 fevral kuni tunda. Namangan vil. Norin tuman Xaqqulobod shaxrida Botirova Zarifa degan kop toyxona, zapravkasi bor ayolni, kelini va go'dak nabiralarini bosqinchilar chavaqlab ketishgan. Xech narsa o'girlanmagan. Faqat o'ldirishgan va katta andijon kabaliga tashlab ketishgan. O'gli toshkentda rozskada ishlagani va kecha ishda bolgani uchun tirik qolgan. Xozir shaxarda pps va viloyat UVD bosib ketgan. Panika kuchaygan Odamlarni aytishicha bu ish zakaznoy qilingan. Qasddan", деб ёзди Озодликка хабар йўлланган манба.

Мактуб ортидан боғланган мухбир билан суҳбатда бу манба 23 февраль куни тушда марҳумларга жаноза ўқилганини айтди ва жиноятнинг баъзи тафсилотларини қўшимча қилди:

- Кечасида қилишибди бу ишни. Уголовний розискда ишлайдиган 86-йилги боланинг онаси, хотини ва 4 яшар боласини ўлдириб, Андижонсойга ташлаворишибди. Душанба куни пешинда чиқаришди. Зарифа опанинг ич кийимлари қонмиш. Пичоқлаб, кейин сувга ташлашибди, дейишди. Келин шўрликнинг ўлиги 4 яшар боласини қучоқлаган аҳволда чиқибди сувдан. Улар сувда ўлган дейишяпти. Ҳаммаёқ қиёмат бўлиб кетди,- деди ваҳшийликдан даҳшатга тушганини яширолмаган манба.

Озодликнинг Ҳаққулобод шаҳридаги яна бир манбаси, Норин тумани ҳокимиятидаги қариндошига таяниб, муқаддам Учқудуқ тумани ИИБда ишлаган, кейин республика ИИВ таркибига ўтган 30 яшар А.Б. (милиционернинг исм-фамилияси сир сақланмоқда - таҳр.) оиласини Тошкентдан борган буюртма қотиллар ўлдиргани тахмин қилинаётганини айтди:

"Бунақаси Ҳаққулободда бўлмаган. Тошкентдаги ўғлининг ишидан норози бўлганлар оиласини заказ қилишган, дейишяпти. Ёшгина келиннинг кўзлари очиқ қолганмиш. Учқудуқ уголовний розискдан борган начальниги ҳам йиғлаб юборибди, чидолмасдан. Икки ярим ойлик гўдагини бошқа маҳалладаги бир уйнинг дарвозаси тагига ташлаб кетишибди, номардлар. У уйдагилар болани милицияга олиб борибди. Шунақа қилиб, кейин топишибдида ўликларни", деди Озодликнинг ҳаққулободлик манбаси.

Учқудуқ тумани ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирининг ўзини таништирмаган мулозими жиноят мотиви ҳақида ҳаққулободлик манбалар берган норасмий маълумотларни тасдиқламади, аммо инкор ҳам қилмади. Унга кўра, "эҳтиёт чораси ўлароқ Ҳаққулобод шаҳри, Норин туманида ИИБ рўйхатида турган шахсларнинг баъзилари ҳибсга олинган, сўроққа тортилган".

Ўзбекистон республикаси ИИВ Жиноят тергов бўлимида ишлаши айтилган 30 яшар А.Б. ҳақида эса Озодлик ҳозирча бирор расмий маълумот олишга муваффақ бўлмади. Норин туман ҳокимлиги ҳамда тумандаги ҳуқуқ-тартибот идоралари бу борада Озодлик саволларини очиқ қолдирди.

Озодлик бу жиноятга оид қўшимча тафсилотларни аниқлашга уринишда давом этмоқда. Агар сизда ҳам бу борада маълумотлар бўлса, марҳамат, Озодликка йўлланг!

XS
SM
MD
LG