Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:38

Россияда муҳожирлар содир этган жиноятлар сони камайди


Меҳнат муҳожирлари ўртасида Тулада содир бўлган муштлашувдан бир кўриниш
Меҳнат муҳожирлари ўртасида Тулада содир бўлган муштлашувдан бир кўриниш

Москвада мигрантлар томонидан содир этилган жиноятлар сони 15 фоизга камайди. Бироқ,Россия Тергов қўмитаси ҳисоботига кўра, ўтган 2014 йил давомида Москвадаги хорижликлар томонидан содир этилган оғир ва ўта оғир жиноятлар ҳажми қарийб икки баробарга кўпайган. Миграция масалалари бўйича мутахассислар Россияда жорий қилинган янги миграция қоидалари муҳожирлар томонидан содир этилаётган жиноятлар сонининг янада камайишига олиб келишини башорат қилмоқда.

Россия Тергов қўмитасининг Москва шаҳри бўйича бошқармаси йиллик ҳисобот коллегияси йиғилишида идора раисининг биринчи муовини Сергей Ярош 2013 йил билан солиштирганда ўтган йилда Москвада хориж фуқаролари томонидан содир этилган жиноятлар сони 15 фоизга қисқарганини очиқлади.

Тергов бошқармаси вакили Сергей Ярош буни мамлакат пойтахтида маҳаллий полиция билан биргаликда олиб борган махсус амалиётлар натижаси эканлиги билан изоҳлади.

- Алоҳида таъкидлаш жойизки, пойтахт полицияси билан биргаликда биз жиноятларни фош этиш кўрсаткичларини яхшилашга эришдик. 292 қотиллик фош этилдики, бу Москвада содир этилган шу турдаги оғир жиноятларнинг 83 фоизини ташкил этади... Шунга қарамасдан, хориж фуқаролар томонидан содир этилган ўта оғир жиноятлар сонининг юқорилиги хавотир уйғотмоқда. Улар сони қайриб икки баробарга ошган. Мигрантлар қўл урган қотилликлар сони бироз камайган бўлсада, зўрлаш ҳолатлари ўсиши давом этмоқда, дея ҳисобот берди Москва шаҳри бўйича Тергов қўмитаси расмийси Сергей Ярош.

Коллегияда келтирилган рақамларга биноан, 2014 йилда шаҳар ҳудудида муҳожирлар 9 мингдан зиёд, яъни кунига 25 жиноятни амалга оширган. Тергов бошқармаси вакили Ярош жиноятларни содир этиш бўйича Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари “етакчилик” қилишни давом этмоқда, деди.

Тергов қўмитасининг айнан муҳожирлар жиноятчилиги масаласига эътиборни жалб қилаётгани, лекин хорижликларга нисбатан жиноятлар миқдори 6,1 фоизга ошгани тўғрисида бу йиғилишда лом-мим дейилмагани бироз ажаблантиради.

Муҳожирлар жиноятчилиги масаласида Россия Ички ишлар вазирлиги идоралари аниқ рақамларни келтирди. Москва Ички ишлар бошқармаси 2014 йилда Россия пойтахтида қарийб 183 минг жиноят содир этилгани қайдга олингани, жумладан атиги 4,6 фоизига хорижликлар алоқадор эканини очиқлади. Полиция ҳисоботидан 2014 йилдаги Россиядаги барча жиноятларнинг 2 фоизигина муҳожирлар томонидан содир этилганини аниқлаш мумкин.

Аммо, на полиция, на Тергов қўмитаси ҳисоботларида бу жиноятларнинг аксар қисми миграция қонунчилиги билан боғлиқ маъмурий жиноятлар экани қайд этилди.

Олинган расмий хабарларга кўра, Россиянинг бошқа минтақаларида ҳам мигрантларнинг алоқаси борлиги исботланган жиноятлар сони кескин камайгани кузатилмоқда.

Миграция соҳасидаги айрим мутахассислар 2015 йилда тахмин қилинаётган меҳнат муҳожирлари сонининг Россияда кескин камайиши криминал статистикани яхшилашини гапирмоқда.

Россиядаги Ўзбеклар ва ўзбекистонликлар Бутунроссия конгресси раиси Иброҳим Худойбердиев Озодлик билан суҳбатда муҳожирлар томонидан содир этилган жиноятлар сонининг камайишига мамлакатда жорий қилинган кескин миграция қоидалари ҳам ўз ижобий таъсирини ўтказиши мумкинлигини маълум қилди.

- Статистика бўича 15 фоизга камайгани ҳақиқат бўлиши мумкин. Лекин, Россия бўйлаб ўтказилаётган тестлар натижасида мигрантларнинг катта қисми “неучтёнка”, яъни ҳисобда йўқ меҳнат муҳожирлари экани маълум бўлмоқда. Энди улар экзаменлардан ўтиб, патент олишга ҳаракат қиляпти. ФМС, бошқа идоралар меҳнат муҳожирлари миқдорини камайтириб кўрсатган кўп жойларда. Бу давлатга фойдали – Россия хазинасига кўпроқ солиқ келиб тушади. Патенти бор муҳожир қонун билан ҳимояланган бўляпти. Ҳамма нарса ҳисоб-китобли бўлади! Ана энди “30 фоиз жиноят меҳнат муҳожирлари томонидан содир этилди!” деган гаплар асоссиз бўлиб қолади. Реал фактлар келиб чиқади! Шу сабабли, миграция қонунчилигининг кескинлаштирилиши, бошқа томондан, жиноятчилик билан шуғулланувчи элементларни ҳушига келтириб қўяди. “Базадан ўтдим, бармоқ изларим олинди, қочадиган жойим йўқ”, деган ҳаёл келади. Шу сабабли, миграция қоидаларининг кучайтирилиши ҳамма томонларга фойдали, дея хулоса қилди Ўзбеклар ва ўзбекистонликлар бутунроссия конгресси раиси Иброҳим Худойбердиев.

Суҳбатдош Россияда муҳожирларнинг қонуний қайдга олиниши улар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга янада кенгроқ имкониятларни келтириб чиқаришини билдирди.

Эслатиш жойизки, Москва ҳокими Сергей Собянин жорий йилдан бошлаб мигрантлар шаҳар бюджетига 6,5 баробар кўпроқ тўловларни амалга оширишини билдирди.

ФМС ҳисоб-китобича, 2014 йилда Россияга 17 миллиондан зиёд хориж фуқароси кириб келганки, бу бир йил олдинги кўрсаткичга нисбатан 2,8 фоизга камдир.

Айни пайтда, Тошкентда 2014 йилда қотилликлар сони 2013 йилга нисбатан 18,5 фоизга кўпайгани, бундан ташқари, пойтахтда автомобилларни ўғирлаш, талончилик, уй ўғирликлари ҳам сезиларли даражада ўсгани кузатилаётгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG