Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:35

Пахта¸ макулатура¸ баклажкадан сўнг ўқувчиларга темир-терсак солиғи солинди


Ўзбекистонда 1-синф ўқувчиларидан тортиб олий ўқув юрти талабаларигача металлолом йиғишга мажбурланмоқда. Белгиланган нормадаги темир-терсакни йиғиб беролмаган ўқувчи ва талабалардан эса ҳар бир кило металл учун 600 сўмдан нақд пул тўлаш талаб этилмоқда.

Жиззах вилояти Мирзачўл туманидаги 6-сонли мактабда кимдир трактор ёки автомобилнинг ишдан чиққан эҳтиёт қисмларини, кимдир эса тешилган иситиш батареяларини судраб, металлолом сифатида топширмоқда.

Икки фарзанди шу мактабда ўқийдиган мирзачўллик Қувондиқ ака гапиради:

- Мактаб олдига тарози илиб қўйиган. Кимдир эшак аравада, кимдир қўл аравада, кимдир эса қўлида судраб, оқ қопларда елкасида кўтариб металл олиб келаяпти. Биттаси машина кўтарадиган кранни олиб келаётган экан, туппа-тузук кран экан. Менга бер¸ ўрнига бошқа темир топиб бераман, деб олдим. Отасини гаражидан сўрамасдан олиб чиққанми, янгида. Хуллас, мактабни олди тоғ бўлиб кетган. У ерда шунақа нарсалар турибдики, иккита ғилдирак қўйсангиз юради. Ўқиш йўқ, ҳамма металлолом билан овора, дейди Қувондиқ ака.

Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонликларга кўра¸ бу манзарани Ўзбекистоннинг бошқа мактабларида ҳам кўриш мумкин.

Самарқанднинг Қўшробод тумани ўқувчилари ҳам шу кунларда металлолом йиғиш билан овора.

Самарқандлик уч фарзанднинг отаси Ҳошимжон аканинг айтишича, беллгиланган нормада темир-терсак йиғиб олиб келмаган ўқувчилардан нақд пул талаб қилинмоқда:

– Биринчи синфдан тўртинчи синфгача 30 кило, ундан тепасига 43 кило металлолом олиб келасизлар, дейишибди. Зўрға 16 килони йиғиб олиб бордик. Бошқа йўқ десам, устози ўрнига пул берасизлар, дейди. Килосига 600 сўмдан берилар экан. Бермасак нима бўлади, болани мактабдан ҳайдайсизларми, десак, йўқ, сиёсат бу, бизни мактаб директори қўймайди, мактаб директорини ҳоким қўймайди, дейди. Нима қилиш керак, тушунмаяпмиз. Фақат металл билан иш битса кошкийди. Бир кун бутилка дейди, эртаси макулатуара, ундан кейин бакалашка дейди. Олиб бормасак, болаларимиз шу мактабда ўқийди-да, дейди Ҳошимжон ака.

Ўзбекистондаги коллеж ва олий ўқув юртларида ҳам¸ айтилишича¸ шу аҳвол. Озодликка мурожаат қилган Жиззах Педагогика билим юрти талабаларидан бири ўқув йили бошланганидан бери тинимсиз металлолом учун пул йиғилаётганини айтади:

- Сентябрь ойида ҳар бир талабадан металлоломга деб 8 минг сўмдан олди. Ўтган ой ҳам 6 минг сўмдан олди. Ҳозир яна 8 минг сўмдан йиғиш айтилаяпти. Ҳар бир гуруҳга ўзи 1 тонна 700 кило темир топшириш айтилибди. Ташқарида бир кило металлолом 600 сўм экан. Ҳисоб-китоб қилсак¸ ҳар бир талаба 40 минг сўмдан тўғри келаяпти. Йил давомида шу пулни йиғиб беришимиз керак экан. Биз бу ерга ўқиш учун пул тўласак, яна металлолом деб пул олишса. Ҳамманинг ҳам бу йиға-йиғларга пули йўқ, 80 фоиз талаба контрактга ўқиса, дейди исми сир қолишини истаган жиззахлик талаба.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айрим мактаб директорлари темир-терсак йиғиш топшириғининг ҳокимиятдан келганини, ҳокимиятидагилар эса эса Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасидан шундай буйруқ келганини айтишди.

Хусусан¸ Жиззах вилояти ҳокимлигининг Озодлик боғланган расмийси металлолом йиғиш ҳукумат сиёсати эканини таъкидлайди:

- Ҳар бир мактаб ҳар йили олти-етти тонна металолом топшириши керак. Олий ўқув юртларига ҳам талабалар сонига қараб режа белгиланган. Шу режани бажармасак бўлмайди, Металлалом бу ҳамма жойда бўлаётган сиёсий жараён. Шундан тушган маблағлар шу ўқув юртларига берилади, дейди Жиззах вилояти ҳокимияти расмийси.

Ўзбекистон мактаблари, коллеж ва олий ўқув юртларида режа бўйича йиғилган металлолом шу вилоятлардаги иккиламчи маҳсулот қабул қилиш корхоналарига топширилади.

Самарқанддаги шундай корхона ходимларидан бири ҳар бир килограмм металлолом учун шуни йиққан ташкилотларга 198 сўму 50 тийиндан пул тўланишини айтади:

- Бизда йиғилган металлолом тўғри Бекободдаги металлургия заводига жўнатилади. Металлоломнинг ҳар килоси учун 198 сўм 50 тийин белгиланган. Биз шу нархда темир-терсакни қабул қилиб оламиз. Ҳар мавсумда Бекободга 800-900 тонна металлолом жўнатамиз, дейди Самарқанддаги иккиламчи маҳсулот қабул қилиб олиш корхонаси ходими.

Ўзбекистонда йилига ўқувчи ва талабалар ҳисобидан қанча металлолом йиғилиши ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Бухоролик ўқитувчи Ғайбулла Бектошевга кўра, металлолом йиғишдан на ўқувчи ва мактабга наф бўлаяпти:

- Мен шунча йилдан буён мактабда завуч бўлиб ишлайман. Бироқ ҳали бирор марта ҳам топширган металлоломга пул берилганига гувоҳ бўлган эмасман, дейди Бектошев.

Ўз навбатида мактаб ўқувчиларининг ота-оналари темир-терсак йиғиш ўз фарзандларини нафақат ўқишдан чалғитиши, балки улар ҳаётига хавф ҳам туғдиришини айтишади:

- Ҳозир болалар металлолом йиғаман деб электр трансформаторларини атрофини, ахлатхоналарни титиб юришибди. Уларга бирон кор-ҳол бўлса ким жавоб беради? дейди мирзачўллик Қувондиқ ака.

XS
SM
MD
LG