Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:29

Хориждан посилкалар фақатгина Ўзбекистон Почтаси орқали киритилмоқда


Жорий қилинаётган чекловлар Ўзбекистон Почтасига тааллуқли бўлмаслиги айтилмоқда.
Жорий қилинаётган чекловлар Ўзбекистон Почтасига тааллуқли бўлмаслиги айтилмоқда.

Ўзбекистон божхона қўмитаси хориждан юборилаётган посилкаларни мамлакат ичкарисига киргизмаяпти. Посилкаларни расмийлаштириш вақтинча тўхтатилганини божхона хизмати вакиллари Озодликка тасдиқлаб, буни хорижий жўнатмаларга доир янги меъёрларнинг ишлаб чиқилаётгани билан изоҳлади. Озодлик суҳбатлашган хусусий почта хизматлари вакилларининг айтишича, жорий қилиниши кутилаётган ўзгартишларга кўра, бундан кейин фуқаролар хориждан ўз эҳтиёжлари учун, посилка воситасида жўнатаётган товарлар, нархидан қатъий назар, солиққа тортилади. Айрим хабарларга кўра, 1000 АҚШ долларигача бўлган товарлар фақатгина Ўзбекистон Почтаси давлат ширкати орқали жўнатилсагина, божхона тўловидан озод қилинади.

Ҳукумат қарори йўқ, лекин посилкалар берилмаяпти

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси 6 январь куни кутилмаганда хориждан DHL, FedEx, Atlantic Express каби хусусий почта хизматлари орқали жўнатилган посилкаларни божхона омборхонасидан чиқармай қўйди.

DHL ширкатининг Тошкентдаги вакилларидан бири, Озодлик билан суҳбатда, божхона қўмитаси ўз қарорини амалдаги меъёрий ҳужжатлар вақтинача бекор қилиниши билан изоҳламоқда, дея билдирди.

- Бу борада қўшимча изоҳ беришларини кутяпмиз. Ҳозир барча юклар тўхтатиб қолинган. Улар амалдаги қоидалар вақтинча тўхтатилганини айтишмоқда. Янги меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилаётганини ҳам айтишмоқда. Лекин янги қоидалар қандай бўлишини айтишмаяпти. Нима бўлганда ҳам, ҳозир барча юклар тўхтатиб қолинган. Баъзи хабарларга кўра, янги қоидалар бўйича аввал божхона тўловларисиз олиб кирилиши мумкин бўлган нархи минг долларгача товарларга ҳам энди солиқ солинади,- дейди DHL вакили.

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасининг Тошкент аэропортидаги идораси вакили ҳам Озодлик билан суҳбатда ҳукумат қарори кутилаётгани, лекин бу қарор қачон эълон қилинишини билмаслигини билдирди. Божхоначи ҳам бундан кейин посилкага солинган товарлар учун, нархи 1000 долларгача бўлган тақдирда ҳам, божхона тўлови ундирилиши мумкинлигини тасдиқлади.

- Ҳозирча ҳужжат келиши керак, дейишяпти. Лекин қачон келиши аниқ эмас. Ҳужжат келиши биланоқ посилкаларни беришни бошлаймиз. Минг долларгача бўлган товарларни декларациясиз олиб кириш тартиби ўзгаришўи мумкин, дейишяпти. Лекин божхона тўлови қанча бўлиши ҳозирча аниқ эмас,- дейди божхона қўмитаси вакили.

Лекин ҳукумат қарори расман эълон қилинмасдан посилкалар ушлаб қолинаётгани сабабини божхона вакили изоҳлай олмаслигини таъкидлади.

Ўзбекистон Почтаси аввалгидай ишламоқда

Айни пайтда, DHL ширкати вакили, Озодлик билан суҳбатда жорий қилиниши кутилаётган қоидалар Ўзбекистон Почтаси давлат ширкати орқали мамлакатга жўнатилаётган посилкаларга тааллуқли бўлмайди, деган гаплар бор, дея билдирди.

Ўзбекистон Почтасининг халқаро почта жўнатмаларини расмийлаштириш бўлимининг ўзини таништирмаган ходими, Озодлик билан суҳбатда, давлат почтаси орқали хориждан келаётган посилкалар, аввалгидай, мамлакатга кириб келаётганини тасдиқлади.

- Фақатгина хусусий почталар орақли жўнатилган посилкалар тўхтатиляпти. Ўзбекистон давлат почтаси орқали ҳамма нарса белгиланган тартибда кириб келяпти. Посилкада товарлар бўлса, минг долларгача, товар тури битта донадан ошмаса, аввалгидай, кириб келяпти биз орқали. Масалан, телевизор ёки телефон, кийим-кечак нархи минг доллардан ошмаса ва биттадан кўп бўлмаса, божхона тўловисиз кириб келяпти. Лекин хусусий почта хизматлари юклари тўхтатиб қолинаётгани бор гап,- дейди Ўзбекистон Почтаси вакили.

Ўзбекистон Почтасининг катта қисми Гулнорага қарашли

Хусусий почта орқали юбориладиган товарларга божхона тўлови жорий қилинаётгани рост бўлса, бу Ўзбекистон Почтаси давлат ширкатига катта миқдорда қўшимча даромад олиш имконини беради. Чунки DHL, FedEx каби ширкатларнинг Озодлик билан суҳбатлашган вакилларига кўра, ўзбекистонликлар орасида хориждан, Инетрент орқали товарларни сотиб олиш бугун урф бўлган. Бунда улар аосан хусусий ширкатлар хизматларидан фойдаланади.

Катта қисми давлатга қарашли Ўзбекистон Почтаси очиқ акционерлик жамияти акцияларининг 35 фоизи 2007 йилда Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага алоқадор Finex компанияси томонидан сотиб олингани маълум.

Маркази Сараевода жойлашган Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси вакиллари Озодликка кўрсатган ҳужжатларга кўра, Ҳонг Конгда рўйхатга олинган Finex Ltd. фирмаси Гулнора Каримова ёрдамичларидан бири – Екатерина Клюева номига расмийлаштирилган.

Лойиҳа раҳбари Миранда Патручич ўз ихтиёридаги ҳужжатлар Ўзбекистон Почтасининг қарийб 35 фоизлик улуши Гулнора Каримовага тегишли эканини кўрсатади, дейди.

- 2005 йилнинг декабрида Ўзбекистон ҳукумати давлат почта ширкати улушларини савдога чиқариб, тендер эълон қилади. Тендер икки марта қолдирилади. Лекин охир-оқибат тендерни Гулнорага қарашли Finex фирмаси ютиб чиқади. Гулнорага яқин экани маълум Екатерина Клюева номига Ҳонг Конгда рўйхатга олинган бу фирма 2007 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Почтаси давлат компаниясининг 25,4 фоизлик улушини сотиб олади. Бошланғич нархи 2,44 миллион доллар деб белгиланган акциялар учун бу фирма охирида 2,6 миллион доллар тўлайди. Орадан бир неч ой ўтиб, 2007 йилнинг июн ойида, Ўзбекистон Почтаси расмийлари Интерфакс агентлигига Finex Ltd. ширкати миноритар акциядорларда яна 9,44 фоиз акцияларни сотиб олганини билдирган эди. Яъни Гулнорага алоқадор бу фирмага Ўзбекистон Почтасининг жами 34,8 фоиз улуши қарашли бўлган,- дейди журналист.

Миранда Патручич ўз ихтиёрида Finex фирмаси бевосита Гулнора Каримовага қарашли эканини тасдиқловчи молиявий ҳужжатлар ҳам борлигини айтиб, ҳозирда бу акциялар кимнинг тасарруфига ўтганини билмаслигини эътироф этади.

Ўтган йилнинг февраль ойида Гулнора Каримовага яқин экани айтиладиган Екатерина Клюева ҳозирда қамоққа ҳукм қилинган Гаянэ Авакян ва Рустам Мадумаровлар билан биргаликда ҳибсга олинган эди. Ўшандан бери Клюеванинг тақдири номаълум қолмоқда.

Ўзбекистон Почтаси вакиллари Озодликнинг Finex фирмасига қарашли ҳиссалар ҳозирда кимнинг тасарруфида, деган саволига жавоб бермади.

XS
SM
MD
LG