Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:22

Россияни 25 фоиз муҳожир тарк этади


Янги йилдан бошлаб Россияни 25 фоиз меҳнат муҳожири тарк этади. Россия Мигрантлар федерациясига кўра, рус рублининг икки баробарга қадрсизланиши ва миграция қонунчилигининг мураккаблаштирилиши муҳожирларнинг оммавий кетишига сабаб бўлмоқда. Таҳлилчилар фикрича, бунинг натижасида Марказий Осиёда ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий вазият таранглашади.

“Бу маошни улар ўз юртларида ҳам топади!”

Ўтган жума куни Россиядаги ўзбек, тожик ва қирғиз диаспораси вакиллари матбуот анжумани ўтказиб, муҳожирларнинг Россияни оммавий равишда тарк этиш сабабларига тўхталишди.

“Мигрантлар Россиядан қочмоқда ёки меҳнат муҳожирларининг рубл қадрсизланиши оқибатида оммавий қайтиши” мавзуси остида ўтказилган бу йиғилишда сўзга чиққан диаспоралар вакиллари вазиятнинг ўта мураккаблашиб бораётганига тўхталди.

“Тожик меҳнат муҳожирлари” ташкилоти раҳбари Каромат Шарипов муҳожирларнинг оммавий қайтишини энг аввало рубль курсининг тушиб кетгани билан боғлаш зарур, деди:

- Муҳожирларнинг ортга оқими ошиб бормоқда. Улар бу ерда қолишга қўрмоқда, чунки рубль қиймати тушмоқда. МДҲ давлатлари, жумладан, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари учун 33 рубль бир долларга бўлганда ҳам нормол эди, аммо 45-50 рублдан бўладиган бўлса, у ойлигидан 50 доллар, жуда борса – 100 доллар жўната олади. Улар ўз юртларида бемалол 200 доллар топишлари мумкин. Айни пайтда, квартирани ижарага олмасдан, иш берувчига ялинмасдан, соат кечки иккида участковой келиб регистрация ва яшаш жойини сўрашидан қўрқмасдан. Чунки Россиянинг депортация ва маъмурий жазолаш бўйича суд тизимлари тунги соатларда ҳам ишлайди,- дейди Каромат Шарипов.

Шарипов тожик муҳожирларининг Россияни тарк этаётганини миграция қоидаларининг ўта мураккаблаштирилгани билан ҳам ушунтиришга уринди.

Россия Мигрантлар федерацияси раҳбари Муҳаммад Амин Маъжумдор ҳам муҳожирларнинг оммавий кетишига рублнинг долларга нисбатан қарийб икки баробарга ўз қадрини йўқотгани ва 2015 йилнинг 1 январидан жорий қилинажак янги миграция тартиблари сабаб тарзида келтирди.

“Рубль қадри тикланади ва муҳожирлар ортга қайтади”

Анжуманда сўзга чиққан "Ўзбеклар ва ўзбекистонликлар бутунроссия конгресси" раиси Иброҳим Худойбердиев рублнинг қадрсизланиши давом этаверса, яқин орада Ўзбекистон ва Россия Федерациясидаги маошлар тенглашиб қолиши мумкинлигини тахмин қилади.

Айни пайтда Худойбердиев рубль яқин орада ўз қадрини тиклаб олишга ҳам ишонади:

- Ўзбеклар ва ўзбекистонликлар Россиянинг деярли барча халқ хўжалиги соҳаларида ишлаб келмоқда. Улар умуман ҳимояланмаган. Маҳаллий аҳоли - руслар каби ҳимояланмаган! Буни йўқотиш учун муҳожирларга мўлжалланган адаптация марказларини барпо этиш, уларни маҳаллий шароитларга мослашишга имкон очиб бериш зарур. Кўп ўзбекистонликлар уйларига пулни долларда жўнатишади. Шунинг учун долларнинг ошиши уларга катта муаммоларни келтириб чиқармоқда. Аммо Владимир Путин тўғри айтдики, рублнинг қиймати етарли баҳоланмаган. Ҳаммаси яхши бўлади, деб ўйлаймиз,- дея ишонч билдиради Худойбердиев.

Ўзбеклар фаоли ҳозирда Россиядан кетаётган ўзбек мардикорларининг тез орада ортга қайтишини тахмин қилади:

- Дарҳақиқат, долларнинг ҳозирги курсида улар бунча пулни ўз юртларида ҳам топишлари мумкин. Аммо у ерда уларни ҳеч ким кутмаяпти! Улар кетган тақдирда ҳам, ҳар ҳолда, уч ойдан кейин яна ортга қайтиб келади. Мен рубль яна ўз қадрини тиклайди ва мигрантлар ортга қайтади деб ўйлайман,- дейди Иброҳим Худойбердиев.

Жума кунги анжуманда иштирок этган диаспора вакиллари юзага келган вазият энг аввало Ғарб санкциялари оқибатида вужудга келгани ва “бундай вазият Ғарб мамлакатлари учун қўл келиши”ни таъкидлашди.

“Ишсиз қолган мигрант Сурияга кетади”

Каромат Шарипов Россияни тарк этаётган муҳожирларнинг эндиликда Сурия, Афғонистон ва Ироққа “пул ишлагани кетишлари мумкинлиги”ни айтади:

- Масалан, Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ва солиқ тизими ходимлари муҳожирларни уйида пойлаб ётибди – “қачон пул олиб келар экан”, деб. Оғир вазиятга тушган шахс нима қилади? У “мулла”га телефон қилиб “Сурияда бўш жойлар қолдими?”, деб сўрайди. Кейин улар яна Россияга қайтиб келади. Аммо улар эндиликда 5 минг пул сўрамайди, улар мамлакатни талаб қилади,- дейди ишсиз қолган муҳожирларнинг бир қисми шу тариқа пул топишга киришиши мумкинлигидан огоҳлантирган Каромат Шарипов.

“Муҳожирлар шунчаки Янги йилни нишонлашга кетмоқда”

“Российская газета”га берган интервьюсида ФМС раҳбари Константин Ромодановский муҳожирларнинг оммавий қайтиши тўғрисида гапириш ҳоли эрта эканини таъкидлади:

"Меҳнат муҳожирларининг Россия Федерациясини тарк этишни бошлагани тўғрисида гапиришга эрта бўлса керак. Муҳожирларнинг асосий қисми Янги йилни ўз юртида нишонлашга кетмоқда. Бу ҳар йили такрорланадиган ҳолат, бунинг қўрқинчли жойи йўқ", дея тинчлантиришга уринди ФМС раҳбари.

Россия Марказий банки 2014 йилнинг учинчи чорагида Ўзбекистон фуқаролари ўтган йилнинг шу даврига таққослаганда 9 фоизга камроқ пул жўнатгани қайд этилганини хабар қилди. Молиячи мутахассислар октябрда пул ўтказмалари ўтган йилга нисбатан 35 фоизга камайгани ва бундан кейин янада камайиб боришини тахмин қилмоқда.

XS
SM
MD
LG