Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:46

Псковда беш болали сурхондарёлик аёл депортация кутмоқда


Домодедово аэропортининг транзит зонасида қолаëтган ўзбек аëли(Озодлик архивидан)
Домодедово аэропортининг транзит зонасида қолаëтган ўзбек аëли(Озодлик архивидан)

Псков шаҳар депортация марказида ўзбекистонлик муҳожир аёл 5 нафар фарзанди билан Ўзбекистон элчихонасидан ҳужжатлар келишини кутиб қолмоқда. Бироқ, 31 ёшли Дилором Тоғаева муассаса раҳбариятидан баҳоргача бадарға қилмасликни сўраётгани айтилмоқда.

Исми сир қолиш шарти билан Озодликнинг Москвадаги бюросига мурожаат қилган тингловчилардан бири Псков шаҳар Хориж фуқароларини сақлаш марказида бешта боласи билан Ўзбекистонга жўнатилмаётган 31 ёшли Дилором Тоғаева тўғрисида хабар берди:

- Биттасидан эшитиб қолдим. Битта опа ётибди экан спецприёмникда бешта боласи билан. “У ёққа жўнатмаяптимикан?”,десам, Ўзбекистондан запрос келиши керак экан, “қабул қиламиз” деган. Ўша келмаса жўнатмас экан. Яна бир тоға бор экан, у ҳам 10 ой бўлибди ётганига. Шуларни бир тожик боладан эшитдим. Ўшанга қандай қилиб ёрдам қилсак экан? У ерга ҳеч кимни киргизмас экан. Овқат бераман десангиз ҳам - қўймас экан.“Бизда овқат бор, ҳамма шароитлар бор, болларига компьютер қўйиб берганмиз”, деяпти. Элчихонага ҳам телефон қилишибдимиш: 200 минг рубл пул сўрабди. “Шунча пул берсаларинг борамиз!”, дебди, дейди Псков шаҳар депортация марказидан чиқиб келган тожикистонлик муҳожирлардан эшитганини Озодликка сўзлаб берган тингловчи.

Суҳбатдошнинг бу маълумотларни аниқлаш мақсадида Озодлик Псков шаҳар Реадмиссия қилинаётган шахсларни сақлаш маркази директори Александр Палагинга мурожаат қилди.

Марказ директори сурхондарёлик аёл беш нафар боласи билан ҳақиқатан ҳам депортация муассасасида сақланаётганини тасдиқлади.

- Тоғаева Дилором Йўлдошевна. У энг кичиги 10 ойлик ва 5, 8, 10,11 ёшдаги беш боласи билан муассасамизга 2014 йилнинг 22 октябрида жойлаштирилган. У Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳридан шу йилнинг сентябрида келган. 14 октябрь куни унга 2016 йилнинг декабригача кириш таъқиқлангани тўғрисида қарор чиққан. 22 октябр куни у Россиядан чиқиб кетмаган. Шу сабабли, уни мажбуран чиқариб юбориш учун реадмиссия марказига олиб келишди, дейди Александр Палагин.

Марказ директорига кўра, аввал қизлар болалар уйига, онаси билан ўғил фарзанди эса депортация марказига жўнатилган. Кейинроқ, васийлик идоралари ходимлари қолган қизларни ҳам онаси олдига - реадмиссия марказига олиб келишга қарор қилган.

“Биз бу оилага иккита хона ажратиб бердик, компьютер билан жиҳозладик ” , дея давом этади Александр Николаевич.

- Мен сизга очиғини айтишим керакки, уларнинг баҳоргача бу ердан кетгиси йўқ. Аммо ҳужжатлари етиб келса – на илож... “Мен қишда қаерга бораман болаларим билан?”, деяпти. Одатда ҳужжат ва қайтишга гувоҳномалар масалалари 90 кун давомида ҳал этилади. Дилором болаларига яратиб берилган шароитдан ва улар уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланганидан хурсанд, деди марказ директори.

Александр Палагиндан биз муассасада 10 ойдан бери сақланаётган иккинчи ўзбекистонлик тақдири ҳақида ҳам сўрадик:

- Жумаев Илҳом Ибрагимович. Дарҳақиқат, у шу ерда. Аммо у 4 август куни қочиб кетган эди. Икки ойдан кейин уни қайта ушлашди. Апрел ойидан буён шу ерда сақланяпти. Бу одамдан хавотир олманг – 24 декабр куни уни жўнатиб юбораяпмиз. Санкт-Петербург-Тошкент авиарейси билан кечки пайт жўнатилади, деди Псков шаҳар Реадмиссия қилинаётган шахсларни сақлаш маркази директори Александр Палагин.

Озодлик Псков шаҳар хориж фуқароларини сақлаш марказида қолаётган Ўзбекистон фуқаролари тақдирини кузатишда давом этади.

2013 йилнинг октябр оийда Бишкекдан Россиянинг Домодедово аэропортига учиб борган андижонлик Зулҳумор Алижонова 4 боласи билан бир ҳафтадан ортиқ муддат ҳибсда сақланган эди.

Алижонова ва унинг фарзандларига вақтинчалик қочқинлик мақоми берилгани ва улар аэропорт ҳибсхонасидан чиқиб кетишга муваффақ бўлгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG