Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:19

Жалолободлик диндорлар туғруқда эркак доя иштирокига қарши чиқаяпти


Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида фаолият юритувчи “Ислом таълими” жамоатчилик жамғармаси шаҳарлик аёллар ва эркаклар номидан омбудсменнинг вилоят бўйича вакилига арзнома юбориб, унда туғруқ жараёнига эркак акушерларни киритмасликни сўраган.

Бу масалани кўтариб чиққан “Ислом таълими” жамоатчилик жамғармаси раҳбари Дилмурод ҳожи Ўрўзов туғруқ жараёнига эркакларни қатнаштирмаслик сабабини қуйидагича изоҳлайди:

- Икки йил олдин шаҳарликлар: “Туғруқ пайтида эркак киши иштироки тўғри эмас” деб, бизга мурожаат қилишган эди. Бир гуруҳ фуқаролар менинг номимга мурожаатнома ёзишиб, бу масалани ҳал қилиб беришимни сўрашган. Шундан сўнг мен омбудсменнинг вилоят бўйича вакилига хат юбордим. Чунки шариатда аёл кишининг уятли жойларини кўрсатиш уёқда турсин, бегона эркакка тик қараши тақиқланади. Аёлларнинг танлаш ҳуқуқи борлигини ҳисобга олиб, бутун мусулмон жамоатчилиги соғлиқни сақлаш соҳаси вакилларидан бу масалани ҳал қилиб беришни сўраймиз, - дейди Дилмурод ҳожи Ўрўзов.

Диний ташкилотнинг мазкур масалага оид аризаси айни дамда ўрганилаётганини омбудсменнинг Жалолобод вилояти бўйича вакиласи Алима Аманова ҳам тасдиқлади. Ҳар бир аёлнинг танлаш ҳуқуқи борлигини айтган омбудсмен вакили шу ҳафта шаҳарликлар аризаси бўйича тегишли жойларга маълумотнома юборишини билдирди.

Шифокорлар нима дейди?

Жалолобод вилоят туғруқхонасида бугунги кунда тўрт эркак акушер ишлайди. Уларнинг бири 28 йиллик тажрибага эга акушер-гинеколог Қўчқўрбай Султановдир. Касби билан фахрланадиган шифокор туғишда ёрдам бергани аёллар орасида рўмоллилар талайгина эканини айтади.

- Айрим рўмол ўраган аёллар тўлғоқ тутаётган пайтда менинг туғдиришимга қарши чиқишади. Аёлнинг соғлиги ва боланинг эсон-омон туғилиши менинг бўйнимда экани туфайли бундай ҳолларда улардан тилхат ёздириб олишга тўғри келади. Лекин аҳволи оғирлашиб, туғолмай қийналиб қолишса, мендан ёрдам сўрашади. Мендай бундайлардан хафа бўлмайман. Оқ халатлиларни аёл-эркакка ажратиб, улардан шубҳаланиш тўғри эмас, - дейди Қўчқўрбай Султанов.

Вилоят касалхонаси шифокори Аман Нуралиевнинг айтишича, тиббиётда барча беморга бирдек эътибор берилади ва шифокорнинг энг биринчи вазифаси инсон саломатлигини асрашдир.

- Мен “эркак шифокор туғдирмасин” деган фикрга мутлақо қўшилмайман. Беморнинг миллати ёки жинси биз учун бирдек. Шифокор сифатида онт ичганимиздан сўнг қийналаётган одамга ёрдам бериш бизнинг бурчимиз. Аёлларга бундай тортинмасликни тавсия қилган, биз учун сиз ва фарзандингизнинг умри қимматли эканини айтган бўлар эдим, - дейди Аман Нуралиев.

Айни пайтда Қирғизистонда қўли енгил деб, аёлларга қараганда эркак мутахассисларга кўпроқ мурожаат ҳомиладор аёллар ҳам кам эмас. Жалолободлик Ўрўзали Қарасартов дин вакилларининг бу ташаббусига қарши эканини яширмайди:

- Дин вакиллари энди медицинага аралаша бошлашдими? Шарт-шароитга қараб, айрим пайтларда эркак киши туғдирган ҳолларни кўриб турибмиз. Масалан, хомиладор аёл туғруқхонага етмасдан йўлда ҳайдовчи кўмагида туққан вазиятлар бўлган. Кўп эркаклар ҳозир киндик ота бўлиб юришибди. Шунинг учун бу мурожаатни тўғри эмас, деб ўйлайман, - дейди Ўрўзали Қарасартов.

Ислом олимлари аёлларнинг акушер-гинеколог кўригидан ўтишига зарурият пайдо бўлса, аёл мутахассисларга мурожаат этиши лозимлигини, бироқ бунинг иложиси бўлмаса, фавқулодда вазиятларда ўз маҳрами ҳамроҳлигида эркак шифокорга кўриниши мумкинлигини айтишади.

2006 йили Швециядан бошпана олган ўзбек имоми, суиқасддан сўнг икки йилдан бери комада қолаётган Обидхон қори Назаров бир неча йил аввал бу саволга қўйидагича жавоб берган эди.

- Агар аёл кишининг врачга кўриниши жуда зарур бўлиб қолган бўлса ва аёл врач топилмаса, эркак врачга мурожаат қилиш мумкин. Аммо шарт шуки, врач кўриги аввало маҳрам иштирокида бўлиши лозим. Ҳомиладор аёл акушерга кўриниши зарур бўлиб қолган бўлиб, аёл врач топилмаса, эркакка кўриниши жоиз. Аммо зарурат қай даражада жиддий? Шуни эътиборга олиш лозим, - деган эди Обидхон қори Назаров.

Муҳтарам муштарий, Сиз бу масала бўйича қандай фикрдасиз?

XS
SM
MD
LG