Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:51

Ўзбекистон яна Интернет "эркин бўлмаган" давлатлар рўйхатида


Freedom House тузган харитада Интернет эркин бўлмаган давлатлар қизил ранг билан белгиланган.
Freedom House тузган харитада Интернет эркин бўлмаган давлатлар қизил ранг билан белгиланган.

Freedom House инсон ҳуқуқлари ташкилоти дунё давлатларида Интернет эркинлигига оид ҳисобот эълон қилди. Ташкилот тузган рўйхатда Ўзбекистон 65 давлат ичида 61-ўринга қўйилган. МДҲ давлатлари орасида фақат Грузия ва Арманистон Интернет “эркин” бўлган давлатлар қаторидан ўрин олган.

4 декабрь куни эълон қилинган “Интернетдаги эркинлик - 2014” номли ҳисоботга кўра, жорий йили Россия, Украина ва Туркияда Интернет эркинлиги билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашган.

Эрон, Сурия ва Хитой Интернет эркинлиги қўпол равишда бузилган давлатлар сифатида қайд этилган.

2013 йил майидан 2014 йил май ойигача бўлган муддатни ўз ичига олган ҳисоботда 65 та давлатдаги Интернет ва рақамли ахборот воситалари вазияти таҳлил қилиниб, нолдан 100 гача бўлган балл билан баҳоланган.

Рўйхатда нолдан 30 гача балл олган давлатлар “эркин”, 31 дан 60 гача балл олган давлатлар “қисман эркин” ва 61 дан 100 гача балл олган мамлакатлар эса Интернет “эркин бўлмаган” давлатлар дея таснифланган.

Ҳисоботда 2013 йил май ойидан бери дунёнинг 36 давлатида Интернет эркинлиги билан боғлиқ вазият ёмонлашгани қайд қилинган.

МДҲ давлатлари орасида фақат 26 балл олган Грузия ва 28 балл олган Арманистон Интернет “эркин” бўлган давлатлар қаторидан ўрин олган.

Украина (33 балл), Қирғизистон (34 балл), Озарбайжон (55 балл), Россия (60 балл) ва Қозоғистон (60 балл) Интернет “қисман эркин” бўлган давлатлар дея талқин қилинган.

Freedom House ташкилоти рўйхатида Ўзбекистон 65 давлат ичида 79 балл билан 61-ўринни эгаллаган.

Бирлашган Араб Амирликлари (67 балл), Беларус (62 балл), Саудия Арабистони (73 балл), Покистон (69 балл), Эрон (89 балл), Хитой (87 балл) Интернет “эркин бўлмаган” давлатлар қаторига киритилган.

Freedom House инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳисоботга кўра, сўнгги беш йил давомида Россиянинг Интернет эркинлиги бўйича олган балли 11 тага камайган.

Владимир Путин 2012 йилда президент этиб қайта сайланганидан бери Россия ҳукуматини танқид қилувчи ва мухолифатга тегишли сайтларни блок қилиш тўғрисидаги қонун амалга тадбиқ қилган.

Ҳисоботга кўра, 2014 йил февраль ойида кучга кирган қонундан расмийлар Россиянинг Украинадаги хатти-ҳаракатини танқид қилувчи сайтларни ёпиш мақсадида фойдаланган.

2013 йил май ойидан 2014 йил майигача дунёнинг 41 мамлакатида Интернет орқали сўз эркинлигини чеклаш, Интернет устидан назоратни кучайтириш ёки Интернет кузатувини кенгайтиришга оид қонунлар қабул қилинган ёки қонун лойиҳалари таклиф қилинган.

Интернетдан фойдаланувчилар сони бўйича дунёда олтинчи ўринда бўлган АҚШ айни даврда Интернет эркинлиги бўйича икки поғонага пастлаган.

Freedom House ҳисоботига кўра, АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги собиқ ходими Эдвард Сноуден Интернет кузатуви ҳақидаги махфий маълумотларни ошкор қилганидан кейин Қўшма Штатларда Интернет кузатуви ҳақидаги қонунни ислоҳ қилиш уринишлари жадаллашган.

XS
SM
MD
LG