Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:26

"Ўздунробита" ўрнида очилган UMS ур-йиқит билан қаршиланди


UMS компанияси симкарталари учун навбат
UMS компанияси симкарталари учун навбат

Ўзбекистонда 1 декабрдан иш бошлаган UMS алоқа оператори офислари олдида душанба тонгида бошланган навбатлар ур-йиқитга айланиб кетди. Россиянинг МТС ширкати қарийб икки ярим йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистонда яна фаолият бошламоқда. 2012 йилнинг июлида мамлакатдан ҳайдалган телеком ширкати 1 декабрдан Universal Mobile Systems (UMS) брэнди остида иш бошлади.

UMS алоқа оператори офислари олдида душанба тонгидан тўплана бошланган минглаб ўзбекистонликлар ур-йиқит билан сим-карталарни сотиб олмоқда.

Айниқса, сим-карталар сони чекланган вилоятларда 97 коди билан бошланадиган рақамлар орзумандларининг тирбанд сафлари ëнига томошаталаблар ҳам қўшилиб, назорат қилиниши қийин ҳолат касб этгани айтимоқда.

Озодлик муштарийлари жўнатган расмларда UMS шўъбаалари олдида душанба эрталабки ур-йиқит навбатлар акс этган.

Тошкентнинг Амир Темур кўчасидаги собиқ “МТС-Ўзбекистон”нинг бош биноси ва ҳозир UMS қароргоҳи олдидаги тиқилинчни махсус чақирилган милиция бўлинмалари назорат қилаëтгани билдирилди.

Озодлик муштарийлари жўнатган яна бир фотода UMS мобил ширкати жойлашган Тошкентдаги бинога ëпиштирилган панно акс этган.

Бир ҳафтадан бери UMS очилишигача қолган кунларни санаб келган электрон паннодаги "0" рақами МТСнинг Ўзбекистонга қайтиб, иш бошлаганидан дарак эди.

Машаққатлардан кейин орқага қайтган МТС қувончи

Россиянинг МТС ширкати матбуот хизмати вакили Дмитрий Солодовников, Озодлик билан суҳбатда¸ қайта барпо этилган Universal Mobile Systems - UMS қўшма корхонаси Ўзбекистон ҳудудида мобил алоқа мижозларига тижорий хизмат кўрсатишни бошлаганлигини "мамнуният" билан эълон қилди:

- Бугун МТС қўшма корхонаси Ўзбекистонда янги уяли алоқа тармоғини ишга туширди. Ўзбекистондаги 20дан ортиқ шўъбаларимизда абонентларни тармоққа тиркаш ишлари авжида. Ўзбекистондаги ҳамкорларимиз билан биргаликдаги МТС қўшма корхонасининг фаолият бошлаганлигини эълон қилишдан мамнунман. Биз юқори сифатли овоз алоқаси ва тезкор мобил Интернет хизматини таклиф қиляпмиз. Махсус кодлаш алгоритмига асосланган юқори сифатли овозни узатиш каби янги технологияни ҳам ўзбек мижозларига тақдим қилдик¸- дея билдирди МТС матбуот ҳизмати вакили Дмитрий Солодовников.

Айни пайтда, Солодовников UMS офислари олдидаги тиқилинч ва ур-йиқит боисини изоҳламади.

Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ қўмита янги ширкатнинг биргина Тошкентдаги мижозлари учун бошламасига фақат бир ярим миллионта телефон рақами ажратгани боис дефицит пайдо бўлган.

Суҳбатдошнинг айтишича, UMSга “Ўздунробита” ишлатган ва технологик жиҳатдан ўта оптимал бўлган частоталар берилган:

“Бу сифатли алоқа дегани. Сифатсиз алоқа хизматидан чарчаган мижозлар тезроқ янги сим-карта олишни исташмоқда”, дейди мулозим.

UMS сим-картасини сотиб олиб, тасвирини Озодликка жўнатган Саидбурхон исмли йигитнинг айтишича, бу ур-йиқит “крутой” телефон рақамларини олиб сотадиган одамлар боис юзага чиққан:

“Илгаридан шунақа бизнес бор. "Золотой" номер оласизда уни кейин сотасиз. Ўшанақа номер оламиз, деб келган кўпчилик. Лекин унақа "золотой" номерлар аллақачон сотиб бўлинган”, дейди суҳбатдош.

Озодлик билан Facebook орқали суҳбат қурган UMSнинг яна бир мижози тошкентлик Марина Никитина янги ширкат МТС қилган ғирромликларни қилмайди, деб умид билдирган эди:

“Умид қиламанки, улар энди мижозлар пулини ўмаришмайди. 2004 ва 2005 йилда МТС мижозлардан гаплашмаган суҳбатлари учун ҳақ олиб ғирромлик схемаларини амалга оширишган эди. Бошқа тарафдан эса, янги операторнинг келганидан мамнунман. Операторлар ўртасидаги конкуренциядан мижозлар ютади. Янги ширкатга омад тилайман”, деб ëзди Facebook муштарийси Марина Никитина.

“Ўздунробита” култепаси узра бир қадам олдинга ëки 97 нинг қайтиши

“Бир қадам олдинга” деган шиорни илгари сурган UMS Ўзбекистонда 2012 йилгача фаолият олиб борган “Ўздунробита”нинг асбоб-ускунлари ва инфраструктураси ёрдамида иш бошлаëтгани билдирилди.

Universal Mobile Systems оператори мижозларига 998-97 префикси орқали боғланиш мумкин.

998-97 префикси 2012 йил ёзигача МТС-Ўзбекистон мобил алоқа операторига тегишли эди.

UMS қўшма корхонаси собиқ МТС-Ўзбекистонга тегишли бўлган антенналар ва бошқа алоқа жиҳозларидан фойдаланади.

Ўзбекистон тарихидаги биринчи ва энг йирик мобил алоқа оператори “Ўздунробита”, кейинроқ МТС-Ўзбекистонга айланган ширкатнинг 10 миллионга яқин мижози 2012 йил июлида бир кунда алоқадан маҳрум бўлган эди.

"Ўздунробита" катта миқдорда солиқдан бўйин товлаш, пул ювиш, мижозлар пулларини ноқонуний ўзлаштириш ва бошқа қонунбузарликларда айбланган эди.

Россиянинг МТС ширкати эса Ўзбекистондаги айрим “қудратли шахсларни даромадли бизнесни тортиб олишга” уринишда айблаган эди.

МТС ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида чиққан можарода президент Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримованинг исми тез-тез тилга олинган.

Ўша пайтда мамлакатдан қочиб кетган "Ўздунробита" бош директори Беҳзод Аҳмедов халқаро қидирувга берилган.

Айни пайтда, Швейцария ҳукумати пул ювиш айби билан Беҳзод Аҳмедов устидан очган жиноят ишида Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳам гумонланувчи сифатида ўтмоқда.

2012 йилда ёпилгунига қадар МТС 10 миллионга яқин абоненти билан Ўзбекистон мобил алоқа бозорининг 40 фоизини назорат қилган.

2014 йил ёзида Россиянинг МТС ширкати ва Ўзбекистон Алоқа қўмитаси иштирокида Universal mobile systems" қўшма корхонасини барпо этишга қарор қилинди.

Мобил ширкатдаги 50,01% ҳиссага МТС, 49,99% ҳиссага эса Ўзбекистон Республикасининг Радиоалоқа, радиоузатиш ва телевидение маркази давлат унитар корхонаси эгалик қилади.

XS
SM
MD
LG