Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:46

ЎзТВ ИШИД - "газандалар тўдаси"га тушиб қолган ўзбеклардан гап очди


Ўзбекистон телевидениеси “мўмай даромад” ниятида Россияга кетиб, у ерда радикал гуруҳлар таъсири билан “Исломий давлат” сафига жиҳодга борган қашқадарёлик 27 яшар Нодир Жавлиевнинг тазаррусини намойиш қилди. Бу - президент Ислом Каримов мамлакат уламоларини фуқароларнинг ИД таъсирига тушиб қолиши олдини олишга чақирганидан кейинги илк ҳужжатли кўрсатувдир.

ЎзТВ (ва ниҳоят) ИШИД хавфидан сўз очди

26 ноябрь оқшомида "Ўзбекистон" телеканалида Сурия ва Ироқдаги "Исломий давлат" қилмишлари қораланган кўрсатув намойиш қилинди.

Аслида, дунё матбуоти диққат марказида турган "Исломий давлат" террорчилиги Ўзбекистондаги давлат ва нодавлат теле-радио каналларида мутлақо тилга олинмаётгани, ҳатто қисқа хабарларда ҳам берилмаётган эди.

Бунга қадар президент Ислом Каримов Қатағон қурбонларини ёд этиш куни муносабати билан 31 август куни “Шаҳидлар хотираси” хиёбонида сўзлаган нутқида диний идора раҳбарларини террор хавфидан жиддий равишда огоҳлантирган ва ўшанда илк бор "Исломий давлат" ҳақида сўзлаган эди:

“Қаранг, Ироқда нималар бўлаяпти?!. Бир бемаза, мутлақо аввал билинмаган оқимларнинг вакиллари нималар қилаяпти?! Маккаю Мадинани писанд қилмаса, ҳеч ақлга сиғмайдиган ташвиқотларни ташкил қилса, мусулмонларни дунёси, олами нима бўлади?! Агар кимки бу оқимларга ўз вақтида зарба бермаса, нима бўлади?! Бизнинг диний идорамиз бу масалада қандай ишларни қилаяпти?", дея савол ташлаган эди президент Каримов.

"Манфурлик" номи остида 14 дақиқадан ошиқроқ давом этган бу ҳужжатли фильм Ўзбекистонда суратга олиниб, "Исломий давлат" хавфидан сўз очган Озодликка маълум илк ҳужжатли фильмдир.

"Мўмай даромад"ни деб, ИШИД тузоғига тушган Нодир

Фильм қашқадарёлик жиҳодчи йигит ҳикояси устига қурилади ва Нодирнинг шу кунда таҳлилчилар "Исломий давлат" га бораётган марказий осиёлик муҳожирлар йўли", деб тақдим қилган Россия-Туркия-Сурия-Ироқ йўналишида жиҳод майдонига тушиб қолгани айтилади.

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида туғилиб-ўсган 27 яшар дурадгор уста Нодир Жовлиев, расмий телевидениеда берилган кўрсатувда айтилишича, "алдов йўли билан Россиянинг Уфа шаҳрига боради".

Уни иш бериш баҳонасида чақирган Иброҳим ва Абдурашид исмли шахслар, охир-оқибат, Нодир ва унинг ортидан излаб борган олий маълумотли молиячи укаси Нурбек Жовлиевларга "радикал исломий ғояларни сингдириб, Туркияга сотиб юборади”.

Бу ҳақда Нодирнинг ўзи фильмда бундай дейди:

"Иброҳим келиб турар эди... Акахони бор экан, Абдурашид ака. У ҳам келиб турган. Даъват қиларди. Унинг ҳам алоқаси бор ўша ҳижратга, жиҳодга. Бир ой квартирада турган бўлсак, ... Иброҳим даъват қилади... очиқ-ойдин даъват бўлади. Видео кўрамиз, янги видеолар исломий ҳаракатга тегишли... Мен адашиб, Туркистон исломий ҳаракатига қўшилиб қолдим, қилган ишимдан афсусдаман", дейди Нодир Жовлиев.

Озодлик ака-ука Жовлиевлар туғилиб-ўсган Шаҳрисабз туманидаги манбалар билан боғланди, аммо улар ҳақда ҳозирча бирор маълумот аниқлолмади.

Суҳбатлашганимиз уч манба электр токи бўлмагани боис, шаҳрисабзликларнинг катта қисми расмий ТВ огоҳлантиришларидан хабарсиз қолганини айтмоқда.

Манфурлик
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:32 0:00

Судья: Жиҳодчи-ўзбек Қирғизистон чегарасидан келди

Суд ҳужжатларига асосланиб ҳозирлангани айтилган кўрсатувда Туркиядан Сурияга ўтган Нодир у ерда жанг ҳаракатларида иштирок этгани ва “ватанига қарши қурол кўтариб, жиҳод қилиш мақсадида Ўзбекистонга қайтганида” қўлга олингани айтилади.

Қашқадарё Жиноят ишлар суди судьяси Мансур Абраев Жовлиев ишига оид тафсилотларни баён қилади:

"Ëнида 8 гигабайтлик флешкада турли диний оқимдаги даъват қиладиган, қирғин солиш ва республикада вазиятни чигаллаштириш туширилган видеотасвирлари мавжуд бўлган, контрабанда йўли билан Ўзбекистон республикасига олиб ўтиб, Қирғизистон Ўш ҳудудидан Фарғона вилоятига яширин йўллар билан ўтиб келиб, ўз ҳаракатларини Ўзбекистон республикасидаги яъни динга қизиқиши баланд болаларни ҳам ўзига оғдирган ҳолда яна қайтиб кетиш мақсадида келган", дейди ”Манфурлик” кўрсатувига интервю берган судья Абраев.

Озодлик Мансур Абраев идораси - Қашқадарё Жиноят ишлар судига боғланди. Аммо, судья билан кун давомида ҳам суҳбатлашиш имкони бўлмади.

ЎзТВ: Газандалар тўдасида юртдошларимиз ҳам бор

Турли манбалар, жумладан, Қозоғистон ва Россия махфий хизматлари, Туркия ҳуқуқ фаоллари ҳисобича, ўзбек жанггарилари сони 500 нафардан 1 минг 200 нафаргачадир.

ЎзТВ кўрсатувида “аёвсиз хунрезлик ва қотилликларни содир этаётган газандалар тўдаси”да 80 дан ортиқ давлатдан борган жанггарилар, улар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам борлиги айтилди, бироқ уларнинг сони ҳақида маълумот берилмади.

Кўрсатув сўнгида мамлакатдан четда юрган миллионлаб меҳнат муҳожирларининг барчаси назоратсиз қолаётгани ва Россияда юрган меҳнат муҳожирларининг аксар қисми "исломни ниқоб қилган террорчилар"нинг потенциал ўлжаси экани урғуланди. Бундан Ўзбекистон куч ишлатар тузилмаларининг жиҳодчилик ғояларига ишонган ёки алданганлар сони ҳақидаги тасаввурини, ҳеч бўлмаса, тахмин қилиш мумкин.

Зеро, шу кунга қадар Ўзбекистон ҳукумати Сурия ва Ироқда жанг қилаётган фуқароларига оид бирор баёнот бергани йўқ. Айни пайтда Тожикистон ва Қирғизистон ҳукуматлари, яқинда эса Қозоғистон ҳукумати ҳам бу борада ўз расмий позициясини билдирган ҳамда фуқароларни террор ғояларидан сақлаш учун чора-тадбирлар кўраётганини маълум қилган.

Қизиғи, "Исломий давлат" сафидаги марказий осиёликлар ҳақидаги тадқиқотлар ва расмий баёнотларнинг барчасида бу жанггариларнинг аксар қисмини ўзбеклар ташкил қилиши айтиб келинмоқда.

Қашқадарёлик "жиҳодчилар"

Кейинги пайтларда Қашқадарё вилоятида яшаган ва Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирларининг хорижда радикал диний ғояларга берилгани ва террорчи гуруҳларга аъзо бўлганига оид айбловлар бот-бот эшитилмоқда.

Шу йилнинг июль-август ойларида вилоятда Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига мансубликда айбланаёган 6 шахс 9 йилдан 15 йилга қадар муддатларга озодликдан маҳрум қилинган эди. Буларнинг 3 нафари эркак, 3 нафари аёлдир.

Суд ҳукмига кўра, бу шахслар Россия Федерациясига тирикчилик мақсадида бориб, 2010-13 йилларда Покистон Ислом Республикаси ҳудудида фаолият юритаётган “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати” ташкилотига аъзо бўлган.

“Эзгулик” жамияти ўшанда яна 60 дан ортиқ одам айни айблов билан судга тортилганини маълум қилган эди. Бироқ, бу айбланувчиларнинг кейинги тақдири Озодликка номаълум.

Дарвоқе, шу йилнинг августи охирида Озодликка Суриянинг Роққа шаҳридан боғланган ва ўзини 25 ёшли Абу Абдуллоҳ, деб тақдим қилган жиҳодчи ҳам қашқадарёлик эди.

XS
SM
MD
LG