Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:12

Сенат амнистия тўғрисида қарор қабул қилди


Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 16- ялпи мажлисида мамлакат Конституцияси қабул қилинган куннинг 22 йиллиги муносабати билан “Амнистия тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Амнистияга кўра, илк бор жиноят содир қилган аёллар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркаклар, чет давлат фуқаролари жазодан озод қилинади.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 16-ялпи мажлисида “Амнистия тўғрисида”ги қарор Ўзбекистон Президентининг шу масала юзасидан киритган тақдимномаси асосида қабул қилинди.

Қарорга кўра, биринчи бор жиноят содир этган аёллар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркаклар ҳамда чет давлат фуқаролари жазодан озод этилади.

Шунингдек, эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этган шахслар, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган шахслар жазодан озод қилиниши айтилаяпти.

Ҳозирча қанча маҳкум амнистияга тушиши Озодликка номаълум.

Қарорга кўра, мутасадди идоралар томонидан тергов, суд жараёнидаги ишлар ёки маҳкумларнинг шахсий йиғма жилдлари ўрганиб чиқилади ва қарорда кўрсатиб ўтилган параметрларга тўғри келадиган шахсларнинг ишларини прокурорларнинг тақдимномасига биноан судлар ҳал қилади.

Диний ва сиёсий мотивлар билан қамалганларга нисбатан амнистия қўлланилиши ёки қўлланилмаслиги ҳақида ҳозирча Озодлик аниқ маълумотга эга эмас.

Ўзбекистон ҳукумати қонунчиликда сиёсий жиноят моддасининг йўқлиги боис, “сиёсий мотивлар” билан қамалганлар йўқлигини айтиб келади. Расмийлар фикрича, фуқаролар тақиқланган ташкилотларга аъзо бўлиб, тинчлик ва хавфсизликка ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этилган бўлиши мумкин.

Ўзбекистон ва хориждаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳамда сиёсий мухолифат вакиллари йиллар давомида Ўзбекистон ЖКнинг 159, 244-1, 244-2 моддалари асосида қамалган ва "сиёсий маҳбус" деб аталадиган маҳбусларга нисбатан амнистия қўлланмай келаётганига оид ҳисоботларини чоп этиб келадилар.

Бу ҳисоботларда Мурод Жўраев, Самандар Қўқонов, Муҳаммад Бекжонов, Хайрулла Ҳамидов, Рустам Усмонов, Руҳиддин Фахриддинов, Солижон Абдураҳмонов, Қобилжон Тўлашев, Мўътабар Ғофурова, Меҳринисо Ҳамдамова, Аваз Тўхтахўжаев, Ғанихон Маматхонов, Аъзам Турғунов, Алишер Кароматов, Аъзам Фармонов, Дилмурод Саидов ва бошқаларнинг исмлари тилга олинади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 21 йиллиги муносабати билан ўтган йили эълон қилинган амнистияга илинган 69 ярим минг маҳбусдан 43 минги жиноий жавобгарлик ва жазодан озод қилинган.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида 500 минг нафарга яқин маҳбус борлиги айтилади.

XS
SM
MD
LG