Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:29

Яккабоғ ҳокими фермер ва мактаб директорларини калтаклади


Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани ҳокими 18-19 октябрь куни кечаси ўтказилган йиғилишларда оз пахта топширган фермер ва теримга кам ўқитувчи чиқарган мактаб директорларини калтаклаган. Фермерлар бу борадаги иддаосини инкор қилмаган ҳоким Асрор Жўраев Озодлик билан суҳбатлашишни истамади.

Яккабоғ тумани ҳокими Асрор Жўраев 18 октябрь куни кечаси соат ўнда пахта штабида ўтказилган йиғилишда кам пахта топширган фермерларни бир четдан уриб чиққан.

Бу ҳақда овози ёзиб олинмаслик шарти билан Озодликка гапирган фермерлардан бирининг иддао қилишича, ҳоким ўзидан катта ёшдаги фермерларни ҳам аямаган:

“Яккабоғ станцияси, деган жойда пахта қабул қилиш пункти ва шу ерда пахта штаби бор, ҳар куни кечаси соат 1-2 гача мажлис бўлади. 18 октябрь кунги йиғилишда мен ҳам бор эдим, ҳоким ким қанча пахта топширганини ўқиди. Кейин кам пахта топширган “Шарқ Юлдузи” фермерлар уюшмасига қарашли фермерларни турғазиб қўйиб, олдига тушиб бордида бир четдан ура бошлади. Дуч келган жойига урди, оғзига келган ёмон сўзлар билан ҳақоратлади", деб даъво қилди суҳбатдош.

Фермернинг айтишича, эртаси куни ҳоким зўравонлигига маҳалла раислари ва мактаб директорлари рўбарў бўлган:

“19 октябрь кунги йиғилишда ҳоким пахта теримига кам одам чиқартирган маҳалла раислари ва мактаб директорларини дўппослади. Чайдари, Ғозлиқ маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва 4, 29, 43 –умумтаълим мактабларининг директорлари кам одам чиқаргани учун ҳокимдан калтак еди. Умуман фақат бу эмас, ҳамма мажлислар ҳокимнинг ҳақоратлари ва дўқ-пўписалари билан ўтади. Ҳеч ким чурқ этолмайди, чунки ёнида милиция бошлиғи ва прокурор бўлади доим", деди исми сир қолишини сўраган фермерлардан бири.

Озодлик Яккабоғ тумани ҳокими Асрор Жўраев билан боғланиб, унинг бу ҳаракатларига изоҳ сўради. Асрор Жўраев саволни обдон эшитгач, алоқани узиб қўйди ва ҳоким билан қайта боғланишнинг имкони бўлмади.

Асрор Жўраев етти йилдан буён Яккабоғ тумани ҳокими бўлиб ишлаб келяпти.

Исми сир қолишини сўраган яккабоғликлардан бири ҳам ҳоким муштумзўр, деб таъкидлар экан, туманда пахта режаси бажарилган бугунги кунда ҳам мажбурий терим давом этаётганини таъкидлайди:

“Бизнинг ҳокимимиз уронғичлардан. Ўтган йили ҳам маҳалла оқсоқолларини урганини эшитган эдим. Куни кеча совуқ тушиб мактаблар очилган эди. Бугун 40 - мактабда ўқийдиган болларим мактаб яна ёпилди, жавоб бериб юборди, деб келди. Ҳаво илий бошлаши билан ўқитувчиларни яна пахтага ҳайдашди”, деди яккабоғлик суҳбатдош.

Ўзбекистонда ҳокимларнинг фермерларни, корхона ва ташкилотлар раҳбарларини ҳақорат қилиш, уриш ҳолатлари кўп кузатилади.

Жумладан, жорий йилнинг 7 октябрь куни Чироқчи тумани ҳокими Равшан Комилов Пўстин қишлоғида истиқомат қиладиган 60 ёшли Мойли буванинг юбилей, келин тушириш ва невараларининг суннат тўйини бузган, ҳаммани уриб-сўкиб пахтага ҳайдаган эди.

Бу воқеадан бир неча кун ўтиб Равшан Комилов Шаҳрисабз тумани ҳокими Фахриддин Норовни ургани ҳақида Озодлик манбалари хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG