Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:33

Сохталаштирилган тарих, бошсиз жасад ва плагиат


Сэр Бен Кингсли "Табиб" фильмида Ибн Сино ролини ижро этган.
Сэр Бен Кингсли "Табиб" фильмида Ибн Сино ролини ижро этган.

Қамчиқ довони йўл таъмиридан 334 миллион сўм ўмарган мансабдор фош этилди. Cирдарёда заправка раҳбарининг бошсиз жасади топилди. “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Хоразм вилояти раҳбари долларфурушлик қилган. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“ИИВ вакили болалар иштирокидаги авариялар кўпайишида таълим тизими раҳбарларини айблади”

Ўзбекистондаги мактабларда йўл ҳаракати қоидалари бўйича дарсларга эътибор сусайиб кетди (“Оила даврасида”, 23 октябрь).

Ички ишлар вазирлиги вакили Мансуржон Рихсиевга кўра, айни пайтда айрим мактабларда беш соатлик йўл ҳаракати қоидалари дарси ўтилмоқда, айримларида эса умуман ўтилмаётир. Ҳаракат хавфсизлигига масъул вакил бу борада таълим тизимидаги раҳбарларни айблайди, уларнинг аксари Ўзбекистонда болалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича 2010-2015 йилларга мўлжалланган Давлат дастури борлигидан ҳам бехабар деб ҳисоблайди.

“Таълим муассасалари ўз навбатида унинг ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида халқ таълими бўлимига, бўлим вилоят бошқармасига, бошқарма вазирликка ахборот бериб боряпти. Бир қарашда иш кетяпти. Бироқ айрим масъулиятсиз мутасаддилар бунга бефарқ қараб, зиммасидаги вазифани фақат қоғозда бажараётгани сезилмоқда”, деб ёзади ИИВ расмийси, подполковник М.Рихсиев.

“Cирдарёда заправка раҳбарининг бошсиз жасади топилди”

Сирдарё вилояти Ховос тумани ҳудудида номаълум эркакнинг бошсиз жасади топилган (“Ҳуқуқ”, 23 октябрь).

Суриштирув-тергов жараёнида марҳум шу ҳудуддаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шахобчаси раҳбари экани аниқланган. Қайд этилишича, қотилликка ўқишга киритиш можароси сабаб бўлган.

Шу туманлик фуқаро Босим Мусабеков ўғлини Чирчиқ Олимпия заҳиралари коллежига 2000 доллар эвазига ўқишга киритмоқчи бўлади, аммо бунинг уддасидан чиқолмайди. Ўғлининг ўқишга кирмаслигида эса исми ошкор этилмаган заправка раҳбарини айбдор деб кўради. Марҳумнинг ўқишга киритиш операциясига қандай дахли борлиги очиқланмаган.

Шундан кейин Б.Мусабеков укаси Шокир Сатторов билан бирга заправка бошлиғи жонига қасд қилишади. Бошсиз жасадни Ховос тумани ҳудудига, бошни эса Гулистондаги каналга ташлаб юборишади.

Марҳумнинг машинасини ҳам сувга чўктиришади. Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди ака-ука Мусабеков ва Саттаровни 24 йилга озодликдан маҳрум этган.

“Немис кинорежиссёри Штёлцл аллома Ибн Сино ҳақидаги фильмда тарихни сохталаштирди”

Немис режиссёри Филипп Штёлцл Авиценна (Абу Али ибн Сино) ҳақидаги “Табиб” фильмида тарихий фактларни сохталаштирди (“Даракчи”, 23 октябрь).

Фильмда асосий урғу Ибн Сино образига эмас, унинг англиялик шогирди, тўқима қаҳрамон Роберт Коулга берилган. Фильм талқинига кўра, Ибн Сино қора ўлатнинг турли ҳашаротлардан юқиши, юракнинг тузилиши, инсоннинг қон айланиш тизимини ва бошқа кўплаб тиббий билимларни англиялик шогирдидан ўрганади.

Мақола муаллифи Рустам Жабборов бу ҳолатни тарихни сохталаштириш деб ҳисоблайди. Муаллифга кўра, филмдан ўрин олган алломанинг ўз жонига қасд қилиш эпизоди ҳам тарихий ҳақиқатга мутлақо зид.

“Ғарб киноусталари буюк аждодларимизнинг тарих олдидаги хизматларини сохталаштириш эвазига миллионлаб доллар топаётгани етмагандек, жамоатчилик фикрини нотўғри тарафга йўналтирмаяптими? Миллионлаб томошабинлар наздида буюк ҳаким Ибн Синонинг жаҳоний шуҳрати Ғарб адибининг ҳаёлот маҳсули бўлган аллақандай Роберт Коулнинг соясида қолиб кетмаяптими?” дея савол қўяди мақола муаллифи Р.Жабборов.

“Қамчиқ довони йўл таъмиридан 334 миллион сўм ўмарган мансабдор фош этилди”

“Фарғонанефткимёмонтаж” масъулияти чекланган жамияти раиси Азимжон Жумаохунов Қамчиқ довони йўлини таъмирлаш лойиҳасидан 334 миллион сўмдан ошиқ маблағни ўмаргани аниқланди (“Диёнат”, 23 октябрь).

Жумаохунов Молия вазирлиги ҳузуридаги Йўл жамғармаси билан тузилган шартномага кўра, Тошкент-Ўш автомобил йўлининг 154-170 километрларига қор кўчкисига қарши иншоотлар ўрнатиши лозим эди.

Аниқланишича, Жумаохунов зиммасидаги ишни талаб даражасида бажармай, ҳужжатларни сохталаштиради ва жуда катта миқдордаги маблағни ўзлаштиради. Жумаохунов уч йил мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 400 баравари миқдорида жаримага тортилган.

“Дорихоналар ихтиёрий-мажбурий равишда чел элнинг қиммат дориларини сотмоқда”

Тошкентдаги аксар дорихоналарда димедрол, валидол, нитроглицерин, парацетамол, аспирин, анальгин, левомицин каби дори-дармонларни топиб бўлмай қолмоқда (“Новий век”, 23 октябрь).

Ҳолбуки мазкур дори воситалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган ҳужжатга кўра, дорихоналарда бўлиши ва вазирлик белгилаган нархда сотилиши керак.

Аптекачилар эса арзон ҳисобланган мазкур дори воситалари қолиб, харидорларга хориждан келтирилган қиммат дориларни ихтиёрий-мажбурий равишда сотмоқда. Нашр Соғлиқни сақлаш вазирлигини қоидабузарларга нисбатан чора кўришга чақиради.

“Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Хоразм вилояти раҳбари долларфурушлик қилган”

“Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Хоразм вилояти раҳбари ноқонуний валюта савдоси ва катта миқдордаги маблағни талон-тарож қилишда айбланди. Бу ҳақда “Даракчи” газетаси хабар беради.

Қайд этилишича, исми ошкор этилмаган банк расмийси 2 миллион 854 минг 530 АҚШ доллари миқдоридаги хорижий валюта ноқонуний равишда сотиб даромад қилган. Яъни вилоят раҳбарининг топшириғи билан банк шахобчалари хорижий валютани оддий фуқароларга эмас, долларфуруш шахсларгагина сотган.

Ноқонуний доллар савдосида бундан ташқари камида ўн нафар ходим қатнашган. Банк расмийси жуда катта миқдордаги маблағларни талон-тарож этишда ҳам айбланган. Банкирларга жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди ҳукм чиқаргани айтилгани ҳолда, уларга тайинланган жазо очиқланмаган.

“Маҳаллий газета таниқли шоира Турсуной Содиқованинг китобидан ғоя ўғирлади”

Маҳаллий газеталарда кўчирмакашлик ва ғоя ўғирлиги каби ҳолатлар аниқланмоқда (“Ҳуррият”, 22 октябрь).

Масалан, “Сабо” газетасининг 2014 йил 27 март сонида эълон қилинган “Қаҳри қаттиқ совчи” ҳикояси (муаллиф Ҳомиджон Тоҳиржонов) ғояси таниқли шоира Турсуной Содиқованинг “Ўғлим, қизим, сенга айтаман” китобидан ўғирланган.

“Ҳордиқ” газетасининг жорий йил 15 май сонида эълон қилинган “Борингга шукур, севги!” ҳикояси сюжети эса (муаллиф Қувондиқ) ёзувчи Саъдулла Сиёевнинг “Сарвиноз” асаридан ўғирланган.

“Ё қудратингдан, наҳотки “ижодкорлар” шу даражада бир хил ўйлай бошлаган бўлишса!..” дея киноя қилади мақола муаллифи Ф.Хайруллаева.

XS
SM
MD
LG