Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:25

Тадбиркорлар “Абу Сахий”дан олган молларни "департамент" тортиб олди


Шу пайтгача "Абу Сахий"дан олинган молларни тортиб олишга ҳеч ким журъат қилолмай келаётган эди.
Шу пайтгача "Абу Сахий"дан олинган молларни тортиб олишга ҳеч ким журъат қилолмай келаётган эди.

Тошкентдаги “Абу Сахий” бозоридан мол сотиб олган жиззахлик тадбиркорларнинг 50 миллион сўмлик юки Дўстлик тумани Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаменти томонидан тортиб олинди. Департамент ходимлари тадбиркорларни товар сотиб олингани ҳақидаги ҳужжатни тақдим қила олмаганлиги учун молни мусодара қилиш билан таҳдид қилмоқда. Тадбиркорлар эса, “Абу Сахий” бозори фақат нақд пул билан савдо қилишини ва сотилган мол учун чек бермаслигини айтмоқдалар.

Тошкент шаҳридаги улгуржи “Абу Сахий” бозоридан мол харид қилган ва уни жиззахлик ҳайдовчининг “Газел” юк автомобилига ортган тадбиркорлар ўз моллари Дўстлик тумани Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаменти томонидан тортиб олинганидан Жиззахга қайтгач хабар топдилар.

Тадбиркорларнинг “Абу Сахий”дан олган молларини "департамент" тортиб олди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:07 0:00
Бевосита линк

Жиззах шаҳрида тадбиркорлик қиладиган Жалолиддин Алоуддиновнинг айтишича, у ва яна ўндан ортиқ тадбиркор, оддий харидорларнинг юки ортилган машина Дўстлик туманига кириш постида тўсиб қолинган:

- 15 октябрь куни “Абу Сахий” бозоридан юк ортдик. Тадбиркорларнинг молидан ташқари ўзи учун телевизор, холодильник ёки бошқа хўжалик буюми олган оддий одамларнинг юки ҳам бор эди. Бир фермер теримчиларни рағбатлантираман деб ўнтача телевизор подставкаси олган. Хуллас, Тошкентдан келгунча олтита пост бор, барчасида текшириб жавоб берган. Лекин Жиззах вилоятига киришдаги “Манас” постида эса, департамент босиб ушлаяпти, дейди тадбиркор.

Жалолиддин Алоуддиновнинг айтишича, шундан сўнг департамент ходимлари ҳайдовчининг қўлини қайириб, автомобилни олиб кетишган:

- Ҳайдовчи, тўхтаб туринг бу юкларнинг эгалари келсин, ўзларини олдида опис қилиб олинг, деган. Лекин департамент ходимлари юк эгаларини ҳам кутмасдан юкларни тушириб ташлаган. Мен бир ярим соатдан кейин бордим. Президентга шикоят қиламан дедим, бор президентинг ҳам ҳеч нарса қилолмайди, деб ҳайдаб юборди, дейди Жалолиддин Алоуддинов.

Тадбиркорга кўра, “Абу Сахий” бозори савдогарлари шу пайтгача ҳеч кимга чек бермаган:

- Ўша куни мен ўзим кўрдим. Бозордан юк ортган 20дан ортиқ шаланда мошинлар чиқиб кетди. Бозор нақд пулга ишлайди ва бирор кишига чек бермайди. Агар бу ноқонуний товар бўладиган бўлса, “Абу Сахий”да соттиргани қўймасин, ҳаммага қонун баравар бўлсин. “Абу Сахий” да бир кунда миллиардлаб сўм оборот бўлади, чек ҳам бермайди, касса аппарати ҳам ишламайди ва бу пуллар банкка ҳам топширилмайди. Агар қонуний қиламан деса Тошкентдан чиқишга йўл қўймасин. 20-30 тонналик фуралар индамай чексиз, ҳужжатсиз молларни олиб кетаверадию, департамент ходимларининг кучи оддий тадбиркорларга етдими энди, деди тадбиркор.

Жалолиддин Алоуддиновнинг айтишича, олиб қўйилган моллар ҳақида ҳали аниқ бир қарорга келинмасдан туриб, департамент ходимлари молларни бўлишишга тушган:

- Менга алам қилгани шу бўлдики, эртаси куни борсам департамент ходимлари билан магазинчилар ўзаро тортишяпти. “Эээ мана бу телевизорни мен оламан, униси эса буни мен оламан деб бировнинг молини ўзларича тақсимлашяпти. Мен ҳайрон қолдим. Нимага у мени мулкимга кўз олайтиради, нега тажовуз қилади?, деди тадбиркор.

Айни пайтда ўндан ортиқ тадбиркорларнинг юклари Дўстлик тумани Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаментида сақланмоқда. Департамент ходимлари иш судга оширилишини ва суд бу ҳақда қарор чиқаришини тадбиркорларга айтган.

17 октябрь куни Жалолиддин Алоуддинов кекса онаси бошчилигида оиласи билан Ўзбекистон президентига арз қилиб борди. Шикоятчиларни қабул қилган президент девони ходими ариза ёздириб олгач, тўрт-беш кун ичида жавоб беришини билдирган.

Дўстлик тумани Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаменти бошлиғи Олим Қирғизбоев Озодлик билан суҳбатда тадбиркорларнинг моли олиб қўйилганини тасдиқлади:

- Бу ноқонуний қилинмаган. Махсус гуруҳ тузилиб текширилган. Ҳужжатлари бўлмаган бўлиши керак. Мен ҳозир касалхонадаман, капельница олиб ётибман. Лекин шуни айтишим мумкинки, бу иш кўриб чиқилади, жиноятлари бўлмаса молллари қайтариб берилади, деди департамент бошлиғи Олим Қирғизбоев.

Исми сир қолишини сўраган тадбиркорлардан бирининг айтишларича, уларнинг молини департамент тортиб олганидан сўнг у сотиб олган моли учун ҳужжат сўраб “Абу Сахий” бозорига борган:

“Мол сотиб олган савдогардан ҳужжат қилиб бер, молимизни департамент олиб қўйди десам, бозорнинг каттасига учрашишни тавсия қилди. Кейин Ҳайдар Алиевич деган бир бошлиқ бор экан. Унинг олдига кириб, ака бир парча юкимизга қоғоз қилиб беринг, десам қўпол равишда “пошёл ты на ...” деб ҳайдаб солди. Энди нима қилайлик, буниси ҳужжат сўраса, буниси эса дальше жўнатса, биз оддий тадбиркорлар нима қилайлик?, деди тадбиркор.

Ўзбекистонлик тадбиркорлар Абу Сахий ширкати президентнинг кенжа қизи Лола Каримовага тегишли эканлигини иддао қилишади.

Абу Сахий улгуржи бозори маъмурияти вакилларининг бир нечаси ҳам бу иддаоларни, Озодлик мухбири билан хос суҳбатда, тасдиқлаган.

Ўтган йили Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова мамлакатдаги энг катта "Абу Сахий" улгуржи бозорини онаси Татьяна Каримова ва синглиси Лола Каримова-Тиллаева назорат қилишини ва унга олиб кириладиган юклар божхона назоратидан ва давлат солиғидан четда қолишини ўз твитларида иддао қилган эди:

Гулнора ўз твитларида иддао қилишича, синглиси Лоланинг эри, "Абу Сахий бозорининг эгаси Темур Тиллаев МХХ Хавфсизлик хизмати бошлиғи Ҳаёт Шарифхўжаев билан яқин дўст".

Гулнора Каримова орадан бир неча кун ўтиб бу мавзуга қайтар экан, инстаграмдаги саҳифасида бундай ёзув қолдирган эди:

“Онам ва генерал Иноятовнинг ишлари роса юришди. Бир томонда Абу Сахий бозори, иккинчи томонда ФНПЗ (Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи) ва бошқалар. Мақсадлари мени йўқ қилиш бўлди ва токи биров учун қуришни хоҳлайдиган кимса қолмасин”, дея ёзди Каримова.

Гулнора Каримова Туркиянинг “Ҳуррият” нашрига берган интервьюсида синглисининг эри назорат қиладиган "Абу Сахий" бозори давлат солиғидан четда эканлигини яна бир бор таъкидлаган эди:

“МХХ томонидан тўла назорат қилинаётган МХХнинг юқори қўмондонлари сафига кирадиган ака-ука Ҳаёт ва Жавдат Шарифхўжаевларнинг бизнес ҳамкорлари UzReport сайти эгаси Равшан Жўраев ва шунингдек, менинг синглимнинг эри Тимур Тиллаевларнинг умумий бизнес манфаати бор: ҳар ой товар айланмаси 20 миллион долларни ташкил этадиган Абу Сахий бозорининг фаолиятидан давлат солиғи олинмайди”, деган эди Гулнора Каримова.

Лола Каримова-Тиллаева ва Тимур Тиллаевлар оиласи ўтган йилнинг декабрида Гулнора Каримованинг бу иддаолари қатъий рад этиб, уни судга бериш билан таҳдид қилган эди.

"Ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида диффамация, бўҳтон ва пўписалар тарқатилаётганлиги, бизга ҳуқуқшуносларимиз билан маслаҳат бошлаб, Гулнора Каримовага қарши судга даъво қилиш каби қонуний чораларни қўллаш имкониятини кўриб чиқишдан ўзга чора қолдирмаяпти” дея баёнот эълон қилган эди Каримова-Тиллаева ўз расмий вэбсайтида.

Айни пайтда Гулнора Каримованинг ўзи Ўзбекистон Бош прокуратураси тарафидан "уюшган жиноий гуруҳ"га аъзоликда айбланиб, уй қамоғига олинган.

Тадбиркорларнинг айтишларича, майда савдогарларни муттасил қақшатиб келаëтган солиқ ва бошқа назорат идоралари Абу Сахий ширкати фаолиятини текширмай келаëтир.

Озодлик мухбири, ўтган ҳафта Лола Каримова-Тиллаеванинг АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳридаги вакилларига Абу Сахий бозори билан боғлиқ масалалр хусусида изоҳ беришни сўраб мурожаат қилди. Лекин бу сўров ҳозирча жавобсиз қолмоқда.

XS
SM
MD
LG