Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:22

Самарқандда мактаб ўқувчилари оммавий тарзда пахтага чиқарилмоқда


Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Эшимоқсоқ қишлоғида мактаб болалари пахтада. 14 октябрь 2014 йил.
Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Эшимоқсоқ қишлоғида мактаб болалари пахтада. 14 октябрь 2014 йил.

Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон банки сингари обрўли ташкилотлар Ўзбекистонда болалар меҳнати йўқ деб иддао қилаётган бир пайтда, Ўзбекистонда мактаб ўқувчиларини пахтага чиқариш ҳолатлари кузатилмоқда. Озодлик Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманидаги бир неча мактаб юқори синф ўқувчиларининг дарс ўтмай пахта теримига сафарбар этилгани фактини тасдиқлади. Мобил мухбирларимиз болаларнинг пахта тераётгани акс этган суратларни Озодликка тақдим қилди.

Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманидаги бир неча мактабнинг 8-9- синф ўқувчилари 14 октябрдан бошлаб бутунлай пахта теримига сафарбар этилди.

Озодликнинг мобил мухбири Пайариқ туманнинг Эшимоқсоқ қишлоғидаги пахта далаларида пахта тераётган мактаб ўқувчиларининг суратларини Озодликка тақдим этди.

Бу суратларда 14-15 ёшли мактаб ўқувчиларининг пахта тераётганлиги акс этган.

Озодлик бу воқеани суриштириш жараёнида Пайариқ туманидаги бошқа мактаблар ўқувчиларининг ҳам пахта теримига чиққан-чиқмаганлиги билан қизиқди.

Пайариқ туманининг Халқобод қишлоғида истиқомат қилувчи Озодлик манбасининг айтишича 72-умумтаълим мактабининг 8-9 синфлари ҳам пахтага тўлалигича сафарбар этилганига уч кун бўлган:

“14 октябрдан бошлаб мактабнинг юқори синф ўқувчилари дарс ўтмай пахтага юборилмоқда. Менинг ўғлим ҳам 9-синфда ўқийди. Уч кундан буён эрталабдан пахта теримига кетмоқда. Борма десам, ўқитувчимиз уришади, деб кетаяпти”, деди манба.

Бу манба ёрдамида 72-умумтаълим мактабининг 15 ёшли ўқувчисини топиб суҳбатлашганимизда, у ҳозиргина даладан келгани ва 6-7-синф ўқувчилари ҳам теримга чиққанини айтди:

- Мана ҳозир пахтадан келдим, 20 кило пахта териб келдим.

Озодлик: Неча кундан буён пахта теряпсизлар?

- Икки кун бўлди. Бугун учинчи кун.

Озодлик: Дарс бўлмаяптими.

- Йўқ, дарс ўтмаяпмиз, ҳамма пахта теряпти.

Озодлик: Нечанчи синфлар?

- 8,9 синфлар чиқди. Бугун 6-7 синфлар ҳам чиқди.

Озодлик: Пахта териш яхшими ёки дарс ўқиш?

- Ие, дарс ўқиш яхшида, деди ўқувчилардан бири.

Озодлик манбаларининг айтишича, тумандаги бошқа мактаблар юқори синф ўқувчилари ҳам пахта теримига сафарбар этилган.

Пайариқ тумани Халқ таълими бўлими мудири Ўктам Наримонов мактаб ўқувчиларининг нима сабабдан пахта теримига сафарбар этилаётгани ҳақидаги саволимизни диққат билан тинглаб бўлгандан сўнг гўёки бошқа эшитмаётгандай “ало, ало” дедида телефонини ўчириб қўйди.

Мудир билан қайта боғланишга қилган ҳаракатларимиз натижа бермади.

18 октябрда "Самарқанд шаҳар куни" байрами ўтказилиши мўлжалланган. Шу кунга қадар вилоятда пахта топшириш режасини бажариш учун, Оздлик манбаларига кўра, ҳокимлар ўқувчиларни ҳам пахта теримига олиб чиқиш ҳақида мактаб директорларига оғзаки фармойиш берган.

Айни пайтда Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бошлиғи вазифасини ижро этувчи Навид Ҳасан Наквининг жорий йилда мамлакат пахтазорларида бола меҳнати кузатилмагани ҳақидаги хабарини чоп этди.

Бу хабарда айтилишича, Жаҳон банки вакиллари сентябрь-октябрь ойлари давомида Фарғона водийси, Самарқанд, Бухоро вилоятларида пахта теримини кузатганлар:

“Вакилларимиз Халқаро меҳнат ташкилотининг 2013 йилдаги ҳисоботида қандай натижа қайд қилинган бўлса¸ ўшандай ҳолатни кузатдилар. Улар бориб кўрган фермер хўжаликлари теримчилар билан тузилган шартнома ва уларнинг паспорт нусхаларига эга бўлган. Энг ёш теримчи 19 ёшда бўлган. Ҳукумат томонидан бу соҳада анча иш қилинганлиги ва унинг натижалари намоён бўлди. Бундан ташқари Жаҳон банки вакиллари мактаб ўқувчиларининг системали тарзда теримга жалб қилинаётгани ҳақидаги далилларга ҳам эга бўлмади”, дейилади Жаҳон банки тарқатган хабарда.

Айни шунингдек¸ 16 октябрь куни Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси бир ой давомида ўтказилган Миллий мониторинг хулосаларини эълон қилди ва мамлакат бўйлаб 18 ëшга тўлмаганларни пахта теримига жалб этилаëтганини иддао қилди.

XS
SM
MD
LG