Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:30

Намозхон: Имом оқ дўпписини ечмаганлар масжиддан ҳайдалишини айтди


Озодлик муштарийларининг билдиришларича, Ўзбекистонда имомлар масжидларга Ҳайит номозини адо этгани оқ дўппи кийиб борган намозхонларга оқ дўппиларни ечишни буюрган, акс ҳолда масжиддан чиқарилиши ҳақда огоҳлантирган.

Бу ҳақда исми сир қолишини истаган ўзбекистонликлардан бири Озодликка қуйидагиларни айтди:

- Биз эрталаб саҳарда номозга бордик. 6.30да Ҳайит номози ўқилди. Номоз пайти яқинлашганида имом масжидга кирган мусулмонлар бошига қараб оқ матодан тикилган дўппиларни ечишни, акс ҳолда масжиддан чиқарилишларини эълон қилди. Наҳотки номозга кийиб борадиган бош кийимини фарқи бўлса, - дейди Ҳайит номозига борган ўзбекистонлик.

Ўзбекистонда оқ дўппиларга норасмий тақиқ борлиги ҳақида Озодлик аввал хабар берган эди.

Тошкентдаги Хўжа Алабмардор жомеъ масжиди имомларидан бири оқ дўппи араб мамлакатлари учун ҳос бўлгани учун уни кийиш Ўзбекистон учун бегона эканлигини айтади:

-Оқ дўппини араблар кияди, бизни ўзимизни дўппиларимиз бор. Нимага ўзбеклар ўзиники турганда арабларни дўпписини кийиши керак, - дейди ўзбекистонлик имом.

Ёш болалар Ҳайит номозига қўйилмади

Ўзбекистондаги кўпгина масжидларга 20 ёшдан кичик бўлган ўсмирлар киритилмаган. Уларга ҳукумат қарори пеш қилиниб, ортга қайтарилган.

– Ҳукуматни қарори бор экан, "ёши 20 дан кичик бўлганлар киритилмайди", дейишди. Мелиса номозга келганларни назорат қилиб турди, - дейди 4 октябрь куни Ҳайит номозига болалари билан борган фарғоналик Иномжон ака.

Масжидларга ёш болалар қўйилмаганини бошқа ўзбекистонлик ҳам тасдиқлайди.

–Эрта тонгда масжидга яқинлашар эканман, масжидни қуролланган аскарлар ўраб олгани ва ҳали 20 ёшга тўлмаган фуқароларни қайтараётгани ва ҳар бир инсонни чегарадан ўтгани каби текшириб масжидга киритаётганига ҳайрон қолдим, - дейди исми сир қолишини истаган ўзбекистонлик.

Ўзбекистонлик имомлар ҳам мусулмонларга болаларини олиб келмасликни тавсия этишмоқда.

- Ёш болаларни намози барибир ибодат эмас. Ёш болалар масжидда намозхонларга халақит қилишлари мумкин. Шунинг учун болаларни масжидга олиб келмаслик айтиляпти, - деди ўзбекистонлик имом.

Ўзбекистонда болалар ва ўсмирлар жума номозларига қўилмаётгани, жомеъ масжидлари олдида болаларни милиция ортга қайтараётгани ҳақда Озодлик аввал хабар берган эди. Бу Ўзбекистонда болаларни масжиддан айри тутиш йўлидаги ҳаракат сифатида кўрилади.

Ҳуқуқ фаоллари фикрича, масжидларда мусулмонлар оқ дўппиларни ечишга мажбурланиши ва болаларнинг Ҳайит ибодатларини адо этишлари учун масжидларга киритилмагани эътиқод эркинлиги чекловининг бир кўринишидир.

Шунингдек, бу йил ҳам Тошкент ва Тошкент вилоятларида урф бўлган янги тушган келинларга Ҳайит саломи тақиқлаб қўйилган.

Озодликнинг Тошкентдаги манбаларига кўра, пойтахтнинг Эски шаҳар қисмидаги айрим маҳаллаларда янги келин туширган оилалардан ҳайитни ўтказмаслик борасида тилхат ҳам олинган.

XS
SM
MD
LG