Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:54

Ўзбек тилини тартибга солиш керакми ёки ўз ҳолича қолсинми?


 Тошкентда хато ëзилган реклама баннери
Тошкентда хато ëзилган реклама баннери

Бундан салкам 25 йил олдин - 1989 йилнинг 21 октябрида Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Олий Совети ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш ҳақидаги қонунни қабул қилди.

Бу ўша йили қабул қилинган 3561- қонун эди ва у совет Ўзбекистонида халқ талабига кўра қабул қилинган илк қонун сифатида тарихга кирди.

Бугунги Қурултой эшиттиришида бундан 25 йил муқаддам бу тарихий қарорни қабул қилиниши давридаги вазиятдан яхши хабардорлар хотираларига қулоқ берамиз.

Шунингдек, ўтган 25 йил даврида ўзбек тилининг мақоми мустаҳкамландими, деган саволга ҳам жавоб изладик.

Эшиттиришда Халқаро тилшунослар академияси аъзоси¸ Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати, ўзбек- инглиз изоҳли луғати муаллифи Жаҳонгир Муҳаммад¸ дунëнинг 7 тилини мукаммал билган полиглот журналист Сирожиддин Ислом ва ўзбекистонлик тарихчи Шуҳрат Барлос иштирок этди.

Эшиттиришни тўлиқ тарзда қуйида тинглашингиз мумкин.

Давлат тилига айланган ўзбек тилининг бугунги аҳволи қандай?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:52:17 0:00
Бевосита линк

Ўзбек тили жонкуярларидан бири Моҳира Ортиқова Қурултой эшиттиришида иштирок эта олмади, лекин ўз фикрларини ёзма тарзда йўллади:

ЎЗБЕК ТИЛИ ҲАҚИДАГИ ЎЙЛАРИМ

Ўзбек тилининг кирилл алифбосидан лотин алифбосига ўтказилиши сиёсий мақсадларда амалга оширилганлиги ҳеч кимга сир эмас. Бундан ташқари ўзбек тилининг қайси алифбо асосида ёзилиши Ҳукумат тепасида турганлар учун мутлақо аҳамиятсиз. Чунки уларнинг ўзлари ўзбек тилини билмасликлари етмаганидек, Ўзбек халқининг ўзлиги – ўзбек тилини ҳурмат қилмасликларини намойиш этишдан уялишмайди ҳам (одатдагидек) . Ўзбек тилига давлат мақоми берилганлиги, лотин алифбосига ўтказилганлигига қарамасдан Ҳукумат вакиллари фақат рус тилида мулоқот қилишади ва табиийки, фақат кирилл алифбосида ёзишади. Барча расмий ҳужжатлар олдин рус тилида тайёрланиб, кейин ўзбек тилига таржима қилинади, матбуотда эълон қилиш учун эса лотин алифбосида қайта ёзилади. Бу жараёнда саводсизларча қилинган таржималар, лотин алифбосида нотўғри ифодалаш туфайли ўзбек тилида «ахборотлаштириш» сингари тушунарсиз сўзлар пайдо бўлади.(«Ахборотлаштириш» сўзи рус тилидаги «информатизация» сўзининг таржимаси. ЎзРнинг «Ахборотлаштириш» ҳақидаги қонунидан) Энг ачинарлиси шундаки, бундай сўзлар эътиборсиз равишда истеъмолда қўлланила бошлайди.

Кейинги пайтларда кундалик сўзлашув нутқимизда одамларга нисбатан кенг қўлланилаётган «ғингшиш» сўзи ҳам қайсидир «ақлли» таржимон томонидан нотўғри таржима қилинганлигига ишонаман. Бу сўз ўзбек тилида итларга нисбатан ишлатилади. Яъни итлар нимадандир безовта бўлганида ёки касалланганида ғингшийди. Одамларга нисбатан «ингради», ёқимсиз ҳолатларда эса «шинғиллади» сўзлари ишлатилиши мумкин. Рус тилидаги «дашь мне поспать или нет?» иборасини ўзбек тилига «ухлашга берасанми, йўқми?» кўринишида таржима қилинган ва бу ибора жуда кўпчилик томонидан ишлатилади. Аслида ўзбек тилида «ухлагани қўясанми, йўқми?» бўлиши керак.

Айрим журналистлар томонидан мавзудан чиққанида қўлланилаётган «ўтлаб кетдим» иборасини мен асло ҳазм қила олмайман. Чунки бу ибора ўтхўр ҳайвонларга нисбатан ишлатилади. Одамларга нисбатан ишлатишни ҳақорат деб ҳисоблайман.

Ўзбек тилидаги мақолаларда учраб турадиган яна бир ҳолат, барча «х» ва «ҳ», «қ» ва «к» ҳарфларини бир хил, яъни «дум» билан, «у» ва «ў» ҳарфларини устида нуқта билан ёзиш одатий ҳол бўлиб қолган. Ҳарф – бу товушнинг ёзувдаги белгиси, демак ҳар бир ҳарфнинг сўздаги ўз ўрни бор. Масалан: халқ ёки ҳалқа, қадр ёки касб, хўш ёки ҳуш, туҳмат ёки тўплам. Оддийгина тегишли белгини ўз ўрнида ишлатмаслик сўзнинг маъноси бузилишига ёки умуман бемаъни сўз ҳосил бўлишига олиб келади.

Сарлавҳадаги «ҳақида» сўзи сўнгги пайтларда деярли барча сайтларда «ҳақда» кўринишида қўлланилаяпти. Мен эса талаффуз қилишга ҳам қийналаяпман. Ўзбек адабий тилида бу сўзнинг бошқа кўринишларини учратмаганман: «Ҳаёт ҳақида», «гўзаллик ҳақида», «адолат ҳақида»…

Оддий хатоларга эътиборсизлик катта муаммоларга олиб келади. Мен тилимизнинг қўполлашиб, саводлилик даражаси тушиб кетишига сабаб бўлаётган энг оддий омилларнинг баъзилари ҳақидагина ёздим холос. Агар бу масалага қизиқиб кўрсангиз, тилимизнинг қанчалик даражада касалланиб, хунуклашиб бораётганлигига гувоҳ бўласиз. Ахир тилимизнинг саводлилигини, шунингдек гўзаллиги ва жозибадорлигини сақлаб қолиш учун ҳар биримиз масъулмиз.

Моҳира Ортиқова

XS
SM
MD
LG