Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:52

Гулнора Каримованинг маддоҳлари қаерга кетди?


Шаҳзод гуруҳи солисти Рашид Холиқов ва Гулнора Каримова
Шаҳзод гуруҳи солисти Рашид Холиқов ва Гулнора Каримова

Ўзбекистон Бош прокуратураси президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовани коррупция, уюшган жиноятчилик ва товламачиликка алоқадор, деб расман баёнот берди. Айни айбловлар экспертлар ҳамда хорижий ҳуқуқ-тартибот идоралари тарафидан илгари сурилганида, бундан атиги бир йил муқаддам ҳам ўзбекистонлик таниқли артист, бастакор ва санъат арбоблари президент қизини ҳимоя қилган эди, бугун эса улар жим.

Ўтган йили ижтимоий тармоқларда #ГулиВеры (Гулига ишонувчилар маъносида - таҳр.) деб танилган гуруҳларнинг ўн минглаб аъзолари “Гулнора Каримова учун жонимиз фидо!” деб чиққан эди.

Орадан атиги бир йил ўтиб тўнғич қиз устида булутлар жипслашган сари Гулнора Каримовани ҳимоя қилувчилар қумга сингган сув каби ғойиб бўлгани кузатилди.

​ ​Ўзбекистон Халқ артисти Юлдуз Усмонова Гулнора Каримовага бағишлаб “Гулисан” деган қўшиқ тақдимотида Ўзбекистон президентининг тўнғич қизининг саноқсиз бойликлари билан қизиққан журналистларни танқид ҳам қилиб ўтган эди:

- Сизларни нима ишларинг бор уни пули қаердан келгани ҳақида. Малика-ку у ахир¸ узумини енглар боғини суриштирманглар¸- деган эди 2013 йил Дубайдаги концерти пайтида “Гулисан” қўшиғини тақдим қилган хонанда.

Бугун бу гапларни балки "Ўзбекистон Бош прокуратурасига қарата айтарсиз?" дея юридик дипломга эга бўлган Юлдуз Усмоновага савол беришга чоғландик.

Юлдуз Усмонованинг маъмури қўшиқчининг Озодлик саволларига жавоб бера олмаслигини айтди.

Остида таъма яширинган маддоҳлик

2012 йил декабрида Юлдуз Усмонова бирданига Гулнора Каримова раҳбарлик қилаётган “Фонд Форум”нинг йил якунларига бағишланган йиғилишида жюри аъзоси сифатида пайдо бўлган эди.

Шундан сўнг, Юлдуз Усмонова Гулнора Каримовага бағишлаб "Гулисан" қўшиғини ижро қилди.

Ўзбекистон телевидениеси, радиоси ва концерт залларида қўшиқларига бир неча йилдан буён тақиқ қўйилган Юлдуз Усмонованинг президент тўнғич қизи Гулнора Каримовага бағишланган “Гулисан” қўшиғини санъатшунослар мадҳиячилик ёрдамида катта саҳнага қайтиш таъмаси билан изоҳлади.

Интернетдаги Youtube.com порталига юкланган видеотасвирда Юлдуз Усмонова Гулнора Каримовага таъзим қилаëтган онлари акс этган.

“Пластилин каби ëпиштирган Гулноранинг отасига балли”

Дабдурустдан маъносини тушуниш мушкул бўлган бу гап Юлдуз Усмонованинг тилидан миннатдорлик изҳори сифатида янгради.

Youtube.com порталидаги тасвирда Юлдуз Усмонова президентнинг қизига миннатдорлик маърузасини рус тилида бошлаб, ўзбекча давом эттирди:

- И хочу сказать, жудаям кўпчилигинглар гап орқали биласизлар, холос. (Гулнора Каримова ҳақида айтиляпти - таҳр.) Ўзи мана шунақанги бир садда қиз. (содда қиз демоқчи - таҳр.) Бир одамни атрофига пластилинга ўхшаб ëпиштириб, бир нарсалааа қиб ташлайди... Отангга балли қиз бу. Чунки қатта бўсаям, ўзини атласини тошийди. Қатта бўсаям ўзбеклигини оборади. Шунинг учун Оллоҳдан юққани рост бўлсин! (Нима юққани ҳақида аниқлама йўқ - таҳр.) Ҳаммамизнинг йўлимизни рост қилсин! (Обид Асомов тарафга қараб қўяди - таҳр.) Халқнинг йўли очилсин! Мана шунақанги қизларимизниям йўли очиқ бўлсин, дейди собиқ депутат ва икки бора ҳаж қилган халқ артисти Юлдуз Усмонова. (Матнда хонанданинг сўзлашув услуби айни ҳолида сақланди - таҳр.)

Ана шундан кейин Юлдуз Усмонова Гулнора Каримовага бағишланган “Гулисан”қўшиғини яна бир бор ижро қилди:

Қордан қўрқмас чучмома,

Гуллайверсанг қишда ҳам,

Қишнинг Гулисан.

Ҳар кўнгилга йўл топиб,

Исëнини ололсанг,

Кўнгил Гулисан.

Озодлик билан суҳбатда ўзбек шоираси Мунаввара бу қўшиқни маддоҳликдан бошқа нарса эмас, деб атади:

- Мен қўшиқни эшитдим, матнни ўқидим. Агар шу шеър қўшиқ бўлган бўлса, у на шеър ва на қўшиқ, у бир маддоҳлик холос. Юлдуз Усмонова нега бунчалик пастлади, тушунмадим. Бу қўшиқ унга обрў келтирмайди. Чунки, санъатнинг асосий мухлислари бунинг қўшиқ эмаслигини билиб турибди. Бу лаганбардорлик холос ва бунинг умри жуда қисқа бўлади, - деган эди шоира Мунаввара.

Аммо, хонанданинг мухлислари - тошкентлик 29 ёшли Дилшод ва Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Алишер Юлдуз Усмонованинг юртбошига ва унинг қизига атаб айтган қўшиқлари бу маддоҳлик эмас, балки санъат намунаси деб таъкидлайди.

Гулнора Каримовага ўз меҳрини изҳор қилган Халқ артистларидан яна бири Ғуломжон Ëқубовдир.

Озодликнинг ўтган йилги "Қурултой" эшиттиришида қатнашган Ғуломжон Ëқубов Гулнора Каримованинг маданиятга қўшган улкан ҳиссаси ҳақида таъкидлаган эди:

- Гулнора – дипломат! Гулнора – тадбиркор! Гулнора – дизайнер-модельер! Гулнора – қўшиқчи! Гулнора – саҳоватпеша! Гулнора ижодкорларни қўллаб қувватлашни ҳам қойиллатади! Э, қойилман! Аёл боши билан шунча талантга эга эканига қойилман, - деган эди Ғуломжон Ëқубов.

Қўшиқчилар меҳрига сазовор бўлган Гулнора Каримованинг ўзи ҳам қўшиқ куйлаб донг чиқармоқчи бўлгани яқин тарих зарварақларига муҳрланган.

Қўшиқчи сифатида ўзига GooGooSha тахаллусини олган Гулнора Каримова қўшиқлари ўз шахсий кечинмаларига асосланганини ëзган эди.

GooGooShaнинг ёзишича, қўшиқ мусиқалари трип-хоп, софт-рок ва поп-мусиқа жанрларидаги экспериментлар дея қаралиши керак.

Ўзбек шоири Усмон Азимов ўз шеърларини Каримовнинг қизи тилидан қўшиқ бўлиб тўрт тарафга таралаëтганидан хурсандлигини Озодликка билдирган эди.

- Бу қўшиқлар энди озми-кўпми мумтоз хазинага айланиб қолган. Каримовнинг қизлари айтди. Ўзбекча қилиб айтишди. Мен жуда ҳам хурсанд бўлганман, - деган эди Усмон Азим.

Гулнора Каримова куйлаëтган қўшиқларнинг асл ижрочиси, ҳозир эътибордан четда қолдирилган Кумуш Раззоқова ҳам унга таъна тошларини отгани йўқ.

- Энди мен буни тушунаман. Ўша айтаëтган одамлар мен Қашқадарë тарафга концертга борганда эшитган, яна фильмда, радиоларда эшитиб, юрагида қанақадир ҳиссиëтлар пайдо бўлган бўлса керак. Шунинг учун балки ҳавас қилгандир. Энди ҳозир катта бўлиб, орзу бўлиб қолган нарсани рўëбга чиқаргандир. Мен юрагига ëққан бўлса, ҳар доим яхши қўшиқларни айтиб ўрганишсин дейман, - дейди Кумуш Раззоқова.

Таниқли ўзбек бастакори, Ботир Зокиров, Муҳаббат Шамаева, Наргис Бойҳонова каби ашулачиларга қўшиқ ëзган Дилором Сайдаминова Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовани талантли қиз, деб эътироф қилган эди:

- Гулноранинг диски анча яхши қўшиқлардан иборат. Гулнора Каримова жуда қобилиятли, талантли аëл. Худо сийлаган уни деб биламан, - деган эди бастакор.

Мувашшаҳ ëзган мулла

Гулнорага бағишлаб қасида ëзишда Халқ артистлари билан беллашаман деб дин пешволари ҳам ўртага чиққани кузатилган эди.

Ўзбекистон Ислом университиети домласи, диншунос олим Саидабзал Саиджалолов Авлиë Валентин куни ва Бобур таваллудига бағишланган тантанада Гулнора Каримовага бағишлаб мувашшаҳ жанрида ëзилган ғазалини заррин рамкага солиб тақдим қилган.

Диншунос олим Гулнорага аталган мувашшаҳни Озодлик билан суҳбатда ëддан ўқиб берган эди:

Гўзалликка мудом ошно бўлибсиз¸

Умидбаҳш нигоҳдан кўнгиллар масрур.

Латофат-ла муҳаббатга тўлибсиз¸

Ноëб эҳсонингиз ҳаммага манзур.

Оромбахш сўзингиз ҳар дардга дармон.

Раҳмат дарëсидан бўлинг баҳраманд

Асло дилингизда қолмасин армон.

Бу мисралар ëнбошдан ўқилганида "Гулнора" деган исм кўринади. Ана шундан кейинги 8 сатрда "Каримова" деган сўз ҳам мувашшаҳ рамкасига тиқилади.

Бу сатрлардан бирида Гулнора Каримовага қарата шоир: “Раҳнамолик юки тоғдан-да оғир”, дея дардкашлик қилади.

"Гулнора Каримова билан учрашувдан кейинги ҳаяжоним ҳали ҳам босилмади", деган эди диншунос олим Озодлик билан суҳбатда.

Замонамиз Нодираси

Тошкентдаги “Дийдор” театр студияси тақдим қилган “Нодирабегим” спектаклида бош ролни ижро қилган 24 яшар Назокат Нарзиева ўтган йилги суҳбатларимизда "Гулнора Каримова замонамиз Нодираси" деб таъкидлаган эди.

- Ташкилотчилиги, халқ билан ишлаши, одамларга ëрдам беришини мисол қилиб оладиган бўлсак, Гулнора Каримовани Нодирабегимга мисол қилиб олишимиз мумкин. Юрт учун ўзини қурбон қилиб ëки юрт учун ҳамма нарсани қилаëтган аëл. Юртимиз учун жонкуярлик қилаëтганини олиб қарашимиз мумкин, - дейди Нодирабегим роли ижрочиси.

Бундан бир йил муқаддам бу гапни гапирган суҳбатдош пировардида уй қамоғига олиниб жазоланган тарихий шахс Нодирабегим тақдири Гулнора Каримовага насиб қилишини ўйламаган бўлса керак.

Қозонга яқин юрсанг

Озодлик тасарруфидаги маълумотларга кўра, Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова “қуëши ботганидан” кейин унга яқин бўлган Мурод Ражабовнинг мавқеи ҳам заифлашган.

Мурод Ражабов Гулнора Каримова васийлик қилган Фонд Форум томонидан ташкил этилган ҳар бир тадбирда фаол иштирокчи ўлароқ қатнашган.

Мурод Ражабов 2013 йил Би-Би-Си ўзбек хизматига берган суҳбатида Гулнора Каримова айтган қўшиқни эшитиб кўзига ëш олганини эътироф қилган эди:

- Энди Гулнорахоннинг оталари ҳақида айтган қўшиқ кўпчилик ёшларимизга ўрнак бўлди. Оталари ҳақида айтибдилар, менинг назаримда, бу жуда ҳам катта гап. Масалан, менга жуда ҳам ёқди, ўша пайтда эшитиб кўзимга ёш келди. Қўшиқнинг ўзи жуда ҳам яхши ёзилган ва Гулнорахоннинг ўзи бу қўшиқни жуда ҳам самимий айтдилар. Энди қай даражада кимга ёқди, кимга ёқмади, мен жуда ҳам яхши қабул қилдим, - дея таъкидлаган эди таниқли актер.

Аммо сал ўтмай Гулнора Каримова ҳатто ўз отаси учун исталмаган шахсга айланар экан бу гапларни айтган Мурод Ражабов ҳам ишдан бўшатилди.

Озодлик радиосига келган ва Гулнора Каримованинг қўлëзмаси дея ишонилган мактубда Фонд Форум атрофида “ризқ терган” беш минг кишининг ишсиз қолгани ҳақида ëзилади.

"5000 киши ишлаш имконидан маҳрум қилинди. 100 киши эса эса четга чиқарилмайдиганларнинг қора дафтарига ëзилди. Улар фақат ëнимда юргани учун, талантли бўлгани учун нишонга олинди. Бу мисли кўрилмаган тазйиқ", деб ëзилади мактубда.

Кейинги кунларда Гулнора Каримовани фақат бир киши Лондонда истиқомат қилаëтган ўғли Ислом ва у ëллаган пиар ширкат ҳимоя қилмоқда.

Кейинги пайтларда #ГулиВеры гуруҳининг қолган аъзолари ҳам бирданига сукутга чўмди.

XS
SM
MD
LG