Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:53

Кореяга турмушга чиққан ўзбек аёлни эри кўчага ҳайдади


Замира Жанубий Кореядаги туғруқхонада, янги туғилган чақалоғи билан
Замира Жанубий Кореядаги туғруқхонада, янги туғилган чақалоғи билан

Ўтган йили корейс эркакка турмушга чиққан тошкентлик 23 ёшли Замира Жанубий Кореяда етти кунлик чақалоғини эри тортиб олиб, ўзини паспортсиз кўчага ҳайдаб юборганини айтмоқда.

–Ўтган йил ноябрь ойида корейс эркакка не умидлар билан турмушга чиқиб, Кореяга кўчиб келган эдим. Дарров хомиладор бўлиб, фарзандимиз ҳам туғилди. Ўтган ой ўрталарида фарзандимиз туғилиши билан эрим болани тортиб олиб, мени кўчага ҳайдаб юборди. Ҳозир Сеулдаги мухожирларга ёрдам марказида паноҳ топганман, - дейди Замира.

Тошкентнинг Юнусободида катта бўлган Замира оиладаги ночорлик уни ўзидан ўн етти ёш катта корейс эркагига турмушга чиқишга мажбур қилганини айтади:

- Ночор оиладанман. Ўзбекистонда мени ким олади сарпосиз. Тошкентда бир хонали уйда турамиз. Отам билан онам ажрашган. Опачам бор, укам бор. Қийналган оиладанмиз. Ҳамма қиз болани умиди бўладику, мен ҳам турмушга чиқишни хоҳлаб, чиқдим, - дейди Замира.

Кореялик йигитга турмушга чиққан Зайнаб билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:58 0:00
Бевосита линк

Тошкентлик бу аёл сўнгги йилларда Кореяга турмушга чиққан ўнлаб ўзбекистонликнинг бири.

Улар одатда Ўзбекистондаги танишув агентликлари ёрдамида корейс эркаклари билан никоҳ қуриб, Жанубий Кореяга йўл олишади.

-Ўтган йил июнь ойида воситачи агентлик орқали у билан кўришиб, ЗАГСга ариза ташладик. Ноябрга Кореяга келдим. Келганимдан кейин бир ҳафта ўтиб, хомиладор бўлиб қолдим. Ўзи бойваччага бораман, деб тегмагандим. Мақсадим оила қуриш эди. Келсам, жуда қашшоқ оила экан. Эрим бир ширкатда ишлайди. Қайнонам, қайнотам ёши катта. Ҳаммамиз бир уйда яшар эдик. Келганимдан қийналишни бошладим. Овқатни ҳам қизғанишар эди. Эрим пул бермас эди. Бола туғилганидан сўнг, кўп ўтмай улар болани олиб, менга Ўзбекистонга кетасан энди, дейишди. Ҳозир эрим ажрашишга ариза берган. Мен Сеулдаги мухожирларга ёрдам бериш марказига келишга мажбур бўлдим. Улар мендан ўзини фойдаси учун фойдаланди, фақат бола учун, - дейди Замира.

Тошкентлик Замира чақалоғини қайтариб олиш учун ёрдам сўраб борамаган идораси қолмаганини айтади.

Замиранинг иши билан яхши таниш кореялик адвокат Анфсонг Жунгнинг айтишича, Жанубий Кореяда чет элдан келин олиб оила қурганлар орасида бунақа можаролар кўп бўлади.

- Ҳозирги вазиятда оилада бола туғилган. Суд болани ё онасига, ё отасига бериш ҳақида қарор чиқариши керак. Лекин бола Корея фуқароси бўлгани учун уни бу ерда виза асосида яшаб юрган онасига бериши анча мушкул. Бундан ташқари, она болани қабул қилиб олиб, шу ерда қоламан деса ҳам бошпанаси, фуқаролиги бўлиши керак. Жуда мураккаб вазият. Лекин, бу аёл фарзанди Корея фуқароси бўлгани учун бу мамлакат фуқаролигини олиши мумкин. Шу асосда фарзандини ҳам олиши мумкин, - дейди Анфсонг Жунг.

Хориж давлатларида Ўзбекистон фуқаролари мураккаб вазиятга тушиб қолса Ўзбекистоннинг шу мамлакатдаги консулхоналари ёрдам қўлини чўзиб, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиши керак.

Лекин Замиранинг айтишича, Ўзбекистоннинг Жанбий Кореядаги элчихонаси ходимлари унинг ишига аралашолмасликларини айтишган.

- Элчихона аралашолмаймиз, дейди. Адвокатлар катта пул сўраяпти, 4-5 минг доллар. Лекин қанақа қилиб бўлса ҳам боламни олмоқчиман. Боламни олганимдан сўнг Ўзбекистонга қайтишни иложиси бўлса қайтиб кетаман, - дейди Замира.

Ҳозир Замира Жанубий Кореяга турмушга чиққанига минг пушаймон. У ўзбекистонлик қизларга танишув агентликлари орқали турмушга чиқишдан олдин минг бора ўйлаб кўришни тавсия қилади.

- Бошқа қизлар ҳам алданиб эрга тегиб қолмасин деябман-да. Роса кўп, 1995, 1996 йилда туғилган қизлар 40-50 ёш эркакларга тегиб кетишяпти. Мен ҳам бошида ишонмасдим. Қиз болани ўзи ёмон бўлса керак, деб ўйлар эдим. Менга шунақа нохақлик бўлганига бу ерга турмушга чиққанимга ҳозир минг афсусдаман, - дейди Замира.

XS
SM
MD
LG