Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:23

Гулнорага жиноят иши очилди, TeliaSonera Ucellни сотиши иддао қилинди


Швеция прокуратураси TeliaSonera ширкатини Гулнора Каримова дохил гуруҳга 350 миллион доллар пора берганликда гумонламоқда.
Швеция прокуратураси TeliaSonera ширкатини Гулнора Каримова дохил гуруҳга 350 миллион доллар пора берганликда гумонламоқда.

Швециянинг TeliaSonera ширкати Ucell мобил операторини сотиб юбориши мумкинлигига оид хабарлар пайдо бўлди. Узметроном нашри ишончли манбаларга таяниб, тарқатган бу иддаоли хабар Ўзбекистон Бош прокуратураси душанба куни Гулнора Каримовага нисбатан жиноят иши очган пайтга тўғри келди. Тошкентдаги музокараларда қатнашган TeliaSonera расмийси, Озодлик билан суҳбатда, ширкатнинг Ўзбекистон бозоридан кетиш нияти йўқлигини билдирди. Ўзбекистондаги бизнеси учун тўсиқларни олиб ташлаш мақсадида Гулнора Каримовага пора берганликда айбланаётган TeliaSonera вакили ширкатнинг Ўзбекистондаги стратегияси ўзгармаганини таъкидлади.

Ўтган ҳафта TeliaSonera вице-президенти Эрик Ҳалберг бошчилигидаги делегация Тошкентда Ўзбекистон алоқа, ахборотлаштириш ва телеккоммуникация технологиялари Давлат қўмитасида музокаралар ўтказди.

Узметроном нашри ишончли манбаларга таянган ҳолда, Эрик Ҳалберг Ўзбекистон ҳукумати мулозимлари билан сўзлашувлар чоғида TeliaSonera ширкатининг Ўзбекистондаги шўъбаси Ucell оператори учун конвертацияни очиш масаласини кўтарган. Ucell ўзбек сўмида олаётган фойдани хориж валютасига конвертация қилиш имкони берилмаса, Эрик Ҳалберг TeliaSonera “ўзбек бозорини тарк этишга мажбур бўлишини билдирди”, дея хабар қилди Узметроном.

Гулнорага жиноят иши очилди, TeliaSonera Ucellни сотиши иддао қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:40 0:00
Бевосита линк

Узметроном нашрининг ёзишича, Ucell тушумини конвертация қилиш илтимоси рад этилган ва TeliaSonera Ўзбекистондаги шўъба корхонасига янги бош директор этиб тайинлаган Тону Грюнберг мобил операторини сотиш жараёнини бошлаган.

4 сентябрь куни Тошкентдаги музокараларда иштирок этган TeliaSonera вице-президенти Питер Борсос, Озодликка берган интервьюсида, Ucell мобил оператори сотилишига доир хабарни миш-миш, дея атади:

- Йўқ, миш-мишларни изоҳламаймиз, лекин биз ўз фаолиятимизни олиб бораётган бозорларда узоқ муддатли режаларимиз ва стратегиямизни ўзгартирганимиз йўқ, деди TeliaSonera вице-президенти.

Шу билан бирга Питер Борсос Тошкентдаги сўзлашувларда TeliaSonera учун оғриқли муаммо бўлиб қолаётган конвертация масаласи кўтарилганини тан олди:

- Ташриф давомида инвесторлар билан учрашув пайтида биз учун муаммо бўлиб қолаётган ўзбек валютасини конвертация қилиш масаласи муҳокама қилинди. Бу муаммо юзасидан биз доимо ўз позициямизни очиқчасига билдириб келганмиз. Ўзбекистондаги тушумни мамлакатдан олиб чиқиш учун ўзбек сўмини конвертация қилиш катта қийинчиликлар билан боғлиқлиги ҳеч кимга сир эмас. Лекин, яна айтаман, бу ҳақда анчадан бери очиқчасига гапириб келганмиз.Шу билан бирга бу масалани ҳал қилиш борасидаги уринишларимизни давом эттириш ниятидамиз ва Ўзбекистонда юқори даражали телекоммуникация хизматларини тақдим этиш борасида олган мажбуриятларимиз ўзгаришсиз қолмоқда, ҳамда маблағларимизни мамлакатдан олиб чиқиш масаласи ҳал этилишига умид қиламиз,- деди TeliaSonera вице-президенти Питер Борсос.

Швед телеком ширкати мулозимларининг Тошкентга ташрифи Ucell мобил операторининг миноритар ҳақдори Takilant компанияси хўжайинлари Ўзбекистонда қамоққа ташланган пайтга тўғри келди.

Катта қисми Швеция ҳукуматига қарашли TeliaSonera ўзбек телеком бозорига кириш учун Takilant орқали ўзбекистон прездентининг қизи Гулнора Каримовага 350 миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганликда гумон қилинмоқда.

8 сентябрь куни Ўзбекистон бош прокуратураси Гулнора Каримова ва у дохил “уюшган жиноий гуруҳ”нинг бошқа аъзоларига нисбатан жиноят иши очилганини маълум қилди.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига кўра, Гулнора Каримова дохил жиноий гуруҳ “давлат активларини сунъий пасайтирилган нархларда қўлга киритиш” ва бошқа усуллар билан юзлаб миллиард сўм миқдоридаги пулларни ўмарган.

Расмий хабарномада, Гулнора Каримова ва TeliaSonera ўртасидаги ноқонуний олди-берди ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Ўзбекистон Бош прокуратураси Озодликнинг бу ҳақдаги саволини жавобсиз қолдирди.

Швеция Бош прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Гуннар Стетлер Ўзбекистон ҳукумати ўтган йили эълон қилган баёнотида Takilant фирмаси билан TeliaSonera ўртасидаги муносабатлар қонуний, деб топганини эслатади.

Озодлик билан 9 сентябрь кунги суҳбатда, швед терговчиси, ўзбекистонлик ҳамкасбларининг душанба кунги баёноти ортидан Тошкентга Гулнора Каримовага доир саволларни юбориш ниятида эканини билдирди:

- Билишимча, Ўзбекистон расмийлари бир ярим йил аввал Гаянэ Авакян ва TeliaSonera ўртасидаги муносабатлар рисоладагидек эканини иддао қилишган эди. Лекин ўзбек расмийлари бугун ҳам шундай фикрдами, йўқми буни билмайман. Кеча бош прокуратура эълон қилган баёнот, Ўзбекистон расмийларига Гулнора Каримова ва Гаянэ Авакян ўртасидаги муносбатлар хусусида сўров юборишимга асос бўла олади, деди швед прокуратураси вакили Гуннар Стетлер.

Ўзбекистон Бош прокуратураси баёнотида тергов ҳаракатлари натижасида “жиноий гуруҳ аъзоларининг ярим триллион сўмлик мулклари давлат даромадига ўтказилди”, дейилади.

Ўзбекистон Бош прокуратураси "уюшган жиноий гуруҳ" аъзоси Гулнора Каримовага нисбатан эҳтиёт чораси кўрилганми, йўқми очиқламади. Лекин президент қизининг ўзи сиздирган хабарларга кўра, у бир неча ойдан бери уй қамоғида қолмоқда.

XS
SM
MD
LG