Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:56

Ўзбекистонда “уй қамоғи” жорий қилинади


Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси сенаторлари жиноят содир этганликда гумонланган шахсларга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида “уй қамоғи”ни қўллаш тўғрисида Жиноят-процессуал кодексига тузатиш киритишни маъқуллади. Бу ҳақда “Ўзбекистон” телеканалининг “Ахборот” дастури хабар қилди. Мазкур тузатишни ишлаб чиққан мутахассислар фикрича, “уй қамоғи” жорий этилиши жиноятчилик олдини олиш ва жиноят ишини ўрганишда ҳақиқатни яширишга уринишнинг олдини олишда самара бериши мумкин. Бироқ бошқалар бу чора маҳбуслар билан тўлган қамоқхоналардаги вазиятни ўнглаш ва давлат бюджетини тежашга қаратилган, деган тахминни айтмоқда.

“Уй қамоғи” - жиноят содир этганликда гумонланган шахсларни дастлабки тергов жараёнида жамиятдан буткул изоляция қилинган ҳолда ҳибсхонада эмас, балки ўз уйларида сақлашни назарда тутади.

Айни пайтда “уй қамоғи” жиноят содир этган шахсларга нисбатан жазо чораси сифатида ҳам қўлланилади.

Бундай амалиёт етакчи Ғарб давлатларида кенг қўллаб келинади.

Қонун устувор бўлган давлатларда “уй қамоғи” айбланувчига нисбатан суд ҳакамлари томонидан белгиланади.

“Уй қамоғи”га ҳукм қилинган фуқароларга маълум шахслар билан мулоқотда бўлиши, хат ёзиш ва олиш, телефон орқали сўзлашиш ва бошқа алоқа тизимларидан фойдаланиши чеклаб қўйилиши мумкин.

Мустақил адвокат Руҳиддин Комилов Озодлик билан суҳбатда бу Ўзбекистонда дастлабки тергов-суриштирув жараёнида гумондор шахсга нисбатан қўлланиладиган янги чора эканини айтди.

- Жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўлланиладиган мажбурий процессуал чоралар бор. Биринчиси, кафиллик, иккинчиси, бошқа жойга кетиб қолмаслик ҳақида тилхат, учинчиси қамоқ эди. Яна битта янги чора - “уй қамоғи” пайдо бўлибди. Дастлабки тергов-суриштирув даврида гумондор шахс ҳеч қаёққа кетиб қолмаслиги, терговдан бўйин товламаслиги учун эҳтиёт чораси сифатида қўлланиладиган чора бу, - дейди мустақил адвокат.

Руҳиддин Комилов фикрича, Ўзбекистон жаҳон андозаларидан ибрат олган ҳолда, “уй қамоғи” амалиётини жорий қилмоқда.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонда “уй қамоғи” амалиётини жорий қилишдан кўзланган биринчи мақсад маҳбуслар билан тўлиб-тошган қамоқхоналарда вазиятни ўнглашдан иборат, деган тахминни ўртага ташлади.

- Гап шундаки, масалан, ҳозир Ўзбекистон қамоқхоналари ва тергов изоляторларида маҳбуслар сони 100 мингга бориб қолган, менимча. Шу сабабли “уй қамоғи” жорий қилинган бўлса керак, - дейди Суръат Икромов.

Ҳуқуқ ҳимоячиси фикрича, “уй қамоғи” жорий қилишдан кўзланган иккинчи мақсад қамоқхоналардаги ўн минглаб маҳбусни сақлаш ва қўриқлаш учун сарфланаётган давлат маблағини тежашдан иборат.

- Анча одам колонияга бормаслиги давлатга ҳам катта фойда келтиради. Негаки, ҳозирда ГУИНга (Жазони ижро этиш бош бошқармаси - таҳр.) қарашли колониялар ва тергов изоляторлари сони 60 дан ошиб кетди. Уларда жуда кўп маҳбус бор. Масалан, баъзи ҳибсхоналарда 1,5-2 баробар кўп маҳбус сақланяпти. Янги чора Ўзбекистон давлат бюджетини анча тежайди, - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Суръат Икромов “уй қамоғи” Ўзбекистонда одам ўлдириш, зўрлаш каби оғир жиноятлар содир этган ва жамият учун хавфли бўлган шахсларга нисбатан қўлланилмаслигини қўшимча қилди.

Мустақил адвокат Руҳиддин Комилов “уй қамоғи” амалиётини жорий қилишдан маълум қатлам манфаатдор бўлиши мумкинлигини ҳам эҳтимолдан соқит қилмади.

- Жиноятчи ким бўлишидан қатъий назар, жазосини олиши керак. Бу эҳтиёт чораси. Ундан ташқари, бошқа мақсад ҳам кўзланган бўлиши мумкин. Масалан, катта-катта амалдорлар жиноят билан қўлга тушяпти.

Амалдорлар ҳам ўзини ўйлаб шундай қилаётган бўлиши мумкин. 2000 йилларгача жиноят содир этган шахснинг мулкини мусодара қилиш жазоси бор эди. У олиб ташланди. Камбағалнинг мусодара қилинадиган нарсаси йўқ.

Шунинг учун қонунлар ҳам тепада ўтирган маълум доираларнинг манфаатларидан келиб чиқиб шаклланади ва қабул қилинади. Улар ҳамма нарсани ўзларига мослаштиради, - дейди ўзбекистонлик мустақил адвокат.

Ўзбекистондаги маҳаллий ахборот агентликларининг мутахассислар фикрига таянган ҳолда хабар қилишича, “уй қамоғи”нинг эҳтиёт чораси сифатида амалга татбиқ этилиши жиноят содир этган шахсларнинг жамиятга қайта интеграциялашиши, уларнинг оилалари ва саломатлигига путур етишининг олдини олишга ҳисса қўшади.

Ҳозирга қадар Ўзбекистонда фуқароларга нисбатан “уй қамоғи” қўлланилмаган.

Бироқ мамлакат раҳбарининг тўнғич қизи Гулнора Каримова оилавий можаролар сабабли “уй қамоғи”да эканига шама қилувчи маълумотларни хорижий ахборот воситаларига сиздирган.

Гулнора Каримова яқинда Би-Би-Сига йўллаган аудиомурожаатида қизи ва ўзи “итлардан ҳам баттар” аҳволда ушлаб турилаётганликлари, тиббий ёрдамга муҳтож эканликлари, шунингдек, қизи Имон уй қамоғи боис мактабга боролмаётганини иддао қилган эди.

XS
SM
MD
LG