Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:46

Ҳазорасплик ҳамширалар намунавий уйларда ғишт ташияпти


Намунавий уйлар қурилишига шифокору ҳамширалар ҳам мажбурланмоқда
Намунавий уйлар қурилишига шифокору ҳамширалар ҳам мажбурланмоқда

Хоразм вилоятидаги Ҳазорасп тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли касалхона, қишлоқ врачлик пунктларининг шифокору ҳамширалари намунавий уйларнинг қурилишида иштирок этишга мажбурланмоқда. Бу ҳақда Озодликка хабар берган ҳамшираларнинг айтишича, улар қурувчилар чала ташлаб кетган уйларнинг дераза ва полларини ювмоқда, ғишт ташимоқда.

Хоразм вилоятидаги Ҳазорасп туманидаги чала қолган намунавий уйлар қурилишига бюджет ташкилотларининг ишчи ва хизматчилари мажбуран жалб қилинмоқда.

Жумладан, ҳазорасплик ҳамшираларнинг Озодликка айтишича, тумандаги касалхона, поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларининг ходимлари навбатма-навбат қурилиш ишларига ёрдамлашишга жўнатиляпти.

Ҳазорасп туманидаги қишлоқ врачлик пунктларидан бирининг исми сир қолишини сўраган ҳамширасига кўра, улар тўрт кун оғир ишларга мажбурланган:

“Ўтган ҳафта бизни тўрт кун намунавий уйлар қурилишига олиб чиқишди. Айтишларича, пул бермагани учун қурувчилар ишни чала ташлаб кетган экан. Биз ғишт ташидик, ойналарни ювдик, хоналарни супуриб, тозаладик”, дейди ҳамшира.

Суҳбатдошнинг айтишича, тумандаги барча бюджет ташкилотлари намунавий уйлар қурилишига жалб қилинган:

“Касалхона ва бошқа ҚВПларнинг дўхтиру ҳамширалари ҳам навбати билан чиқариляпти. Биз электрикларни, йўл қурилишида ишлайдиганларни ҳам намунавий уйларда ишлаётганини кўрдик”, деди ҳамшира.

Ҳазорасп тумани тиббиёт бирлашмасининг исми сир қолишини сўраган мулозимларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, намунавий уйлар қурилишига ҳокимият томонидан мажбур қилинаётганини тан олди:

“Тўғри, касалхона ва ҚВПлар навбати билан чиқиб турибди. Биз нима ҳам қила олардик. Ҳоким йиғилиш ўтказиб барча корхона ва ташкилотлар раҳбарларига одамларингни ёрдамга чиқаринглар, мустақиллик байрамигача уйларни топширайлик, деб топшириқ берган экан. Халқимизда гап борку, ит итга буюрди, ит қуйруғига деб. Бизнинг бошлиқ ҳам шундай топшириқ бердида кейин. Ҳокимнинг гапи гапку, ким ҳам унга қарши бора оларди", деди тиббиёт бирлашмаси мулозимларидан бири.

Озодликка мурожаат қилган кўплаб ўзбекистонликлар сўнгги йилларда президент топшириғи билан қурилаётган намунавий уйларнинг аксарияти сифатсиз экани ва бу уйлар қурилиши учун асли касби қурувчи бўлмаган шахслар жалб қилинаётганидан шикоят қиладилар.

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида ўтган йили қурилган намунавий уй эгаларига кўра¸ уй деворлари айни кунларда ëрилиб¸ сувоқлар уқаланиб тушган, иссиқлик батареяларидан сув оқиб, пол тахталари қайишиб кетган.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Вазирлар Маҳкамасида 17 январь куни қилган чиқишида 2013 йилда қишлоқ жойлардаги 353 та массивда умумий майдони 1 миллион 500 минг квадрат метр бўлган 10 мингта шинам уй-жой барпо этилгани ва бу мақсадлар учун 650 миллион доллар миқдоридаги маблағ йўналтирилгани ҳақида мақтанди.

Озодлик ўрганган маълумотларга кўра, намунавий уйлар қурилиши учун ўқитувчи ва шифокорлар ойликларидан ушлаб қолинаяпти.

Хусусан¸ 22 январь куни Озодликка гапирган жиззахлик ўқитувчиларга кўра, маҳаллий ҳокимлик ўзлари ва ҳатто ўқувчиларга намунавий уйлар қурилиши учун ўлпон солмоқда.

XS
SM
MD
LG