Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:47

"Минтақадаги энг кучли хўрозлар Самарқандники"


Ўшлик Адаҳам Мингбоев зотдор хўрозларидан бирини парваришламоқда.
Ўшлик Адаҳам Мингбоев зотдор хўрозларидан бирини парваришламоқда.

Марказий Осиёда Самарқанд ва Тошкент хўрозлари энг кучли дея баҳоланади. Хар ҳолда 50 йилдан буён хўроз уриштириш ва зотдор жангари хўрозларни етиштириш билан шуғулланиб келаётган ўшлик Адахам Мингбоев шундай ҳисоблайди. Жангларда ғолиб бўлган хўрозлар эса 2000 долларга сотилиши мумкин экан.

"Совет даврида Ўш хўрозлари чемпион эди, энди Самарқандники"

Олтмиш ёшли ўшлик Адаҳам Мингбоев болалик чоғидан бери хўроз боқишга қизиқиб келади. Диндорлар орасида хўроз уриштириш қимор ва гуноҳ экани айтиласа-да, Адаҳам ака хўроз уриштиришни қадимдан қолган анъанавий спорт ўйлинларидан бири сифатида баҳолайди.

Унга кўра, ҳозирда Вьетнам, Корея, Туркия ҳамда Афғонистондан олиб келинган жангчи хўрозлари билан минтақада ўтказилаётган хўроз жангларида Самарқанд ва Тошкент хўроз боқарлари Марказий Осиёда биринчиликни эгаллаб келмоқда.

Собиқ Совет даврида Ўшнинг жангчи хўрозлари биринчиликни эгаллаб келган бўлса-да, ҳозир Ўшнинг зотдор хўрозлари жангларда Самарқанд ва Тошкент хўрозларига бой бермоқда. Бироқ ўшлик хўрозбозлар ҳам юқорида тилга олинган давлатлардан олиб келинган хўрозлар билан Ўш хўрозини чалиштириб “гибрид” зотларни яратишга муваффақ бўлган. Шундай ўшликлардан бири бўлган Адаҳам аканинг айтишича, хўрозни жангчи қилиб тайёрлаш учун анча машаққат талаб қилинади.

"Хўрозни гўшт ва шашлик билан боқамиз"

Қишнинг совуғида хўрозни иссиқ уйига олиб кириб ётган хўрозбознинг айтишича, хўрозга бир кунда 2 маҳал овқат берилади.

- Биринчи пишган гўштни ёки шашликни бериб, орқасидан макка, сабзи, гуруч берилади. Охирида сув берилади. Кейин хўрозларнинг юзига, қаноти тагига сув сепиб, қуриганидан сўнг катакка солинади. Қиш вақтида уйни ичида боқамиз. Уйда ҳам сув сепганда совуққа олиб чиқиб бўлмайди. Бу шамоллаб қолиши мумкин, одамдан ҳам нозик бўлади. Эрталаб соат олтида уйқудан уйғонамиз, ўшанда макка, тухум, сув бериб турамиз, - дейди Адаҳам ака.

Унга кўра, хўрозни жангга тайёрлаш мусобақа ўтказилишидан 40 кун аввал бошланади. Бу жараён хўрозчилар тилида “совутиш” дейилади.

- Хўрозни икки ой боққандан кейин совутиш бошланади. Совутиш дегани хўрозни уришга тайёрлаш дегани. Ўша вақтда хўрозни югуртириб, қўлда машқ қилиб, хўрозларни ҳаракатлантириб, югуртириб совутасиз. Вақти келганда хўроз шу тарзда 2-3 ой боқилиши керак. Негаки хўроз ўзини жанг қила оладиган ёшига етиши керак. Ўша вақтдан кейин уришади.

Озодлик: Ҳозир қанча хўрозингиз бор?

- Мен еттитагача боқаман. Хўроз ноябрь ойидан бошлаб, июль ойигача уришади. Июлдан кейин ноябрь ойигача хўроз тулайди. Иссиқда хўроз ўйинлари тўхтайди.

"Хўрозбозлар Қирғизистонда 20 минг, Ўшда эса 5 минг"

Адаҳам аканинг айтишича, Қирғизистонда жангчи хўрозларни боқувчилар сони 20 мингдан ортади. Ўш шаҳрида эса 5 мингга яқин хўрозбоз бор. Улар ҳозирда хўрозларни Филиппин, Хитой, Таиланд, Вьетнамдан олдириб келиб боқишмоқда.

Суҳбатдошимизга кўра, ўшликларинг маҳаллий дакан хўрозлари Таиланддан олиб келинган хўрозлардан анча заифроқ. Таиланддан олиб келинган хўрозлар 4-5 соатгача жанг қилиши мумкин. Шу сабабли ўшликлар ҳам ҳозирда Таиланд ва Филиппин зотли товуқлари билан Ўш хўрозларини чачиштириб “гибрид” хўроз етиштирмоқда.

Ўшда бир хўроз жангида ўртача 250 доллардан 1000 долларгача пул тикилади. Ғолиб бўлган хўроз эса 400 доллардан 2000 доларгача сотилиши мумкин. Бироқ сухбатдошимиз ўшликлар жангари хўрозларни сотмасликларини айтади:

- Ўшликлар хўрозни сотишмайди. Аксинча сотиб олиб келишади, четдан. Масалан, 1-2 минг долларгача сотиб олиб келишади. Бизда ҳам футбол командасига ўхшаб хўроз тўплашади, зот йиғишади, - дейди Адаҳам Мингбоев.

Суҳбатдошимиз кўп йиллардан бери Германияда ўтувчи хўроз жангларида иштирок этиш орзусини амалга ошириш ҳаракатида юрган экан. Бунинг учун у зотдор хўрозларни изламоқда. Қолаверса, суҳбатдошимиз хўрозларни касалликларини даволовчи восита сифатида баҳолайди. У ёшлик чоғида ошқозон касали билан оғриганини ва шифокорлар маслаҳати билан хўрозни тамоша қилиб, руҳан касаллигини эсдан чиқаргани ҳамда соғйиб кетганини айтди.

XS
SM
MD
LG