Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:52

“Болаларга давлат заҳирасидаги эскирган гўштни едиришга қарор қилинди”


Давлат заҳирасидаги гўшт маҳсулотлари¸ мутахассисга кўра¸ -25 ҳароратда¸ кўпи билан 2 йил муддат сақланиши мумкин.
Давлат заҳирасидаги гўшт маҳсулотлари¸ мутахассисга кўра¸ -25 ҳароратда¸ кўпи билан 2 йил муддат сақланиши мумкин.

Маош ва таъминоти Ўзбекистон Молия вазирлигига қарам бўлган бюджет тизимлари¸ хусусан¸ мактаб-интернат ва болалар боғчаларига гўшт ва ва гўшт маҳсулотлари август ойидан бошлаб давлат заҳирасидан бериладиган бўлди. Озодликнинг Молия вазирлиги тизимидаги манбасига кўра¸ болаларга сақланиш муддати ўтган гўшт маҳсулотлари тарқатиш қарори бозорда гўшт нархининг ошиб кетгани муносабати билан қабул қилинган.

Бундай қарор¸ Озодликнинг Ўзбекистон Молия вазирлиги тизимидаги манбаси таъкидича¸ аксарияти ота-она бўлган бу соҳа ходимларини ҳам ташвишга солган.

“Август ойидан бошлаб мактаб-интернат ва боғчаларга давлат заҳирасидан гўшт берилиши ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг топшириғи чиқди. Таъминот соҳасидагилар ҳозир шу топшириқ ижросига киришган. Айтилишича¸ давлат заҳирасида ўн йиллардан бери музлаб ëтган гўштлар бор. Шуларни энди “Соғлом бола йили”да болаларимизга едиришмоқчи. Табиийки¸ мактаб ва боғчаларга бу гўштнинг қаердан келгани ҳақда изоҳ берилмайди¸ улар билиб ҳам ўтирмайди”¸ дейди ўз шахси очиқланмаслигини сўраган Озодлик манбаси.

Ўз тажрибасида давлат заҳирасидаги гўштнинг бевосита мактаб ва боғчаларга тарқатилаëтганида илк бор гувоҳ бўлаëтганини таъкидлаган молиячи¸ бундай қарорга Ўзбекистон бўйлаб гўшт нархининг ошиб кетгани сабаб бўлганини айтади.

Бу хабарга муносабат билдиришни сўраб Озодлик мухбири Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат заҳираларини бошқариш қўмитасига мурожаат қилди. Қўмита расмий сайтида берилган телефон рақамларига кун давомида ҳеч ким жавоб бермади.

Ўзбекистон Давлат қўмитасидан жавоб олишнинг имкони бўлмаган саволларга жавоб излаб¸ Россия Давлат заҳираларини сақлаш илмий-тадқиқот институтига мурожаат қилдик.

Давлат заҳиралари бўйича федерал агентликка қарашли мазкур институт мутахассиси Озодлик билан суҳбатда¸ давлат заҳирасидаги гўшт ва гўшт маҳсулотларининг сақланиш ва истеъмолга чиқарилишига оид қоидаларга шарҳ берди:

- Давлат заҳирасидаги маҳсулотлар норматив ҳужжатларга мос тарзда сақланади. Ҳар бир маҳсулот учун алоҳида белгиланган қоидалар бор. Бевосита гўштга келадиган бўлсак¸ гўшт музлатгичда -25 даражали совуқда сақланиши шарт. Гўшт¸ ҳатто бундай қаттиқ совуқда музлатилишига қарамай¸ икки йилдан ортиқ сақланмаслиги керак. Икки йиллик сақланиш муҳлати тугамай туриб¸ давлат заҳирасидаги гўшт реализация қилиниши шарт. Давлат резервидан маҳсулот сотиб оладиган махсус тизимлар бор. Заҳирадан чиқарилган маҳсулотлар сифат текширувидан ўтказилади¸ лекин бозорга бу маҳсулотларнинг қай ҳолда чиқарилиши учун давлат заҳираси эмас¸ айнан шу таъминотчилар масъул¸ дейди россиялик мутахассис.

Мутахассисга кўра¸ Ўзбекистон давлат заҳираларини сақлаш ва реализация қилиш тартиби ҳам¸ қолган постсовет республикаларидан фарқ қилмайди.

"Ўздонмаҳсулот" давлат акциядорлик компаниясининг собиқ раҳбари Олим Отаев Озодлик билан суҳбатда¸ ҳар бир давлат ўз резервида бутун мамлакат аҳолисининг камида уч ойлик эҳтиëжига етарлик асосий озиқ-овқат маҳсулотларини сақлашини айтади:

- Давлат резерви бу камида уч ойга етадиган резерв бўлади. Масалан¸ бир ойда 350 минг тонна¸ дейлик¸ дон маҳсулотлари ишлатилса¸ 1 миллион 400 минг тонна дон резервда туриши керак. Бошқа асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва ëнилғи ҳам шундай. Энг кам давлат заҳираси¸ нормативга кўра¸ уч ойлик бўлади. Резерв нимага керак? Масалан¸ худо кўрсатмасин¸ уруш бўлса¸ очарчилик чиқса¸ табиий ҳалокат каби фавқулодда ҳолатлар рўй берган тақдирда¸ давлат¸ ҳукумат¸ шу резервни ишлатишга рухсат беради¸ дейди вазирлик даражасидаги компаниянинг собиқ раҳбари.

Британиядаги The Economist нашри қайси мамлакатда жон бошига қанча гўшт истеъмол қилинишига оид ўтган йилги тадқиқотида Ўзбекистонни гўштхўрлик бўйича дунëда 120-ўринга қўйди. Ғарб мутахассислари ҳисоб-китобича¸ Ўзбекистонда бир йилда жон бошига ўртача 26 кило гўшт ейилади. Бу ҳисоб-китобдан келиб чиқилса¸ Ўзбекистонда аҳолининг бир ойлик гўштга талаби 65 минг тоннани ташкил этади. Давлат резервида эса¸ нормативга кўра¸ камида 195 минг тонна гўшт сақланади.

Озодлик суҳбатлашган россиялик мутахассис¸ резервда сақланадиган ҳамма озиқ-овқат маҳсулотлари уларнинг сақланиш муддати тугамай туриб¸ янгиланиши¸ эскиларининг бозорга чиқарилишини таъкидлади.

Лекин мавзуга алоқадор ўзбекистонликлар¸ бундай қоидага қатъий амал қилиниши борасида шубҳа билдирдилар.

“Қоғозда давлат резервидаги гўшт ва гўшт маҳсулотлари янгиланди¸ деб кўрсатилиши мумкин. Лекин янги гўштнинг бозорга чиқарилиб¸ эскисининг ўз жойида қолгани ва бунинг орқасидан яна кимлардир каттагина пул ишлаб олмаганини¸ мавжуд коррупция боис¸ аниқ кафолатлаш қийин. Шахсан ўзим¸ заҳирада беш йил сақланган гўшт бюджет ташкилотларига тарқатилганига гувоҳман”¸ дейди Озодлик билан суҳбатда соҳага яқин манба.

Бундай вазиятда¸ август ойидан давлат заҳирасидан олиб болаларга бериладиган гўштнинг музлатгичда қанча ëтганию¸ уларнинг “Соғлом бола йили”да болалар соғлиғига қандай таъсир қилиши масаласи махсус текширувга лойиқ саволга айланади.

XS
SM
MD
LG