Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:24

Бош прокуратура Гулнора Каримова ҳамкорлари қамалганини тасдиқлади


Ўзбекистон Бош прокуратураси сайтидаги Рустам Мадумаров ва Гаяне Авакянлар озодликдан маҳрум қилингани ҳақидаги хабарнинг скриншоти
Ўзбекистон Бош прокуратураси сайтидаги Рустам Мадумаров ва Гаяне Авакянлар озодликдан маҳрум қилингани ҳақидаги хабарнинг скриншоти

18 июль куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримованинг бизнесдаги коррупцион схемаларига алоқадор кўрилаётган икки ҳамкори - Рустам Мадумаров ва Гаяне Авакянлар озодликдан маҳрум қилинганини тасдиқлади. Расмий хабарга кўра, Ўзбекистон Ҳарбий суди жами 13 кишига узоқ муддатлик қамоқ жазоси тайинлаган, уларнинг бир неча нафар жиноий шерикларига нисбатан эса тергов жараёни давом этмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси расмий сайтида эълон қилинган хабарда айтилишича, жами 13 нафар шахс, жумладан, Гулнора Каримованинг фуқаровий эри бўлган Рустам Мадумаров ва унинг молиявий шериги Гаяне Авакянга нисбатан жиноят ишини Ўзбекистон Ҳарбий суди 24 май куни кўриб чиққан.

Расмий хабарда, судланувчиларнинг узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилингани ёзилган. Лекин уларга айнан неча йил берилгани очиқланмаган.

"Судланувчилар содир этган жиноятлари учун эълон қилинган айбловлар бўйича айбли деб топилиб, уларга узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тайинланган", дейилади Бош прокуратура хабарида.

Расмий хабарда судланувчиларга қўйилган айбловнинг нима экани ҳам очиқланмаган.

Мадумаров ва Авакян Европанинг бир неча давлатида ҳам пул ювиш ва коррупция билан боғлиқ жиноятларда гумонланмоқда. Бу жиноят ишларидан бирини Швецияда тергов қилаётган мамлакат бош прокуратурасининг коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Гуннар Стетлер 18 июль куни Озодлик билан суҳбатда, бу хабарга муносабат билдириб, бундай деди.

- Мен энди Ўзбекистон бош прокуратурасига расман мурожаат қилиб, уларга (Р. Мадумаров ва Г. Авакян-таҳр) қандай айбловлар қўйилгани ва бошқа масалалар бўйича тушунтирш беришларини сўрайман. Ҳозирча бу янгилик биз ўтказаётган терговга қандай таъсир қилишини айтиш қийин. Чунки бунда кўп жиҳатларни кўриб чиқишга тўғри келади, - деди швед терговчиси.


Бош прокуратура хабарида узоқ муддатга қамалган 13 нафар шахснинг жиноий шерикларига нисбатан жиноят иши алоҳида ажратиб олингани ва "уларга нисбатан муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат қўлланилган"и ёзилган. Бироқ жиноий шерикларнинг исм-шарифлари очиқланмаган.

Озодлик ҳуқуқ-тартибот идораларига яқин манбаларга таяниб 13 июль куни Мадумаров ва Авакянларнинг узоқ муддатга қамалгани ҳақида хабар қилган эди.

Ишончли манбалар маълумотига кўра, Мадумаров, Авакян ва улар билан қамалган МХХ аъзолари одам ўғирлаш ва бошқа қатор жиноятларда айбланган.


"Суд ёпиқ тартибда ўтказилди, чунки унда Рустам Мадумаровни МХХ ходимларидан иборат гуруҳ таркибида судлашди. Жиноят кодексининг айнан қайси моддалари асосида айблов эълон қилингани номаълум. Лекин айтишларича, бу гуруҳ одам ўғирлаш (тахминан, Гулнора Каримованинг ёрдамчиси Нурмуҳаммад Содиқовни), қимматбаҳо буюмларни ноқонуний равишда мамлакатдан олиб чиқишда (айнан қанақа буюм экани ҳам номаълум) айбланган", деб ёзди Тошкентдаги Озодлик манбаси.

Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасида одам ўғирлашга оид жиноятлар қайд этилган ва бу айблов тасдиғини топган ҳолда маҳкумга 5 йилдан 12 йилга қадар қамоқ жазоси белгиланган.
13 июль куни Би-Би-Си ўзбек хизмати тарқатган хабарда суд ҳукмига доир бошқа тафсилотлар ҳам берилган. Би-Би-Си Рустам Мадумаровга 10 йиллик қамоқ жазоси берилгани, лекин умумий авф қўллаш орқали бу муддатнинг учдан бири чегириб ташланганини ёзди. Шунингдек, Гаяне Авакян ҳам 9 йилга ҳукм қилингани ва бу муддатнинг учдан бири чегирилиб, 6 йиллик жазо қолдирилганини ёзди Би-Би-Си.

Би-Би-Си ўзбек хизмати ўз манбаларига таяниб хабар қилишича, Гулнора Каримованинг иккала бизнес ҳамкори "пул ювиш, солиқдан қочиш ва бошқа бир қатор жиноятларда" айблангани иддао қилинган.
Озодлик ўтган ҳафтадан бери бир неча норасмий манбадан олаётган хабарларга кўра, Рустам Мадумаров 10 йил, Гаянэ Авакян эса 9 йил қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Рустам Мадумаров ва Гаянэ Авакянлар Ўзбекитон президенти қизига яқин бўлган 10 киши билан биргаликда шу йилнинг фераль ойида Гулнора Каримованинг уйидан олиб кетилган эди. Ўшанда ҳибсга олиш амалиёти МХХнинг махсус гуруҳи томонидан ўтказилгани айтилган.

Рустам Мадумаров ва Гаянэ Авакян ҳибсга олиниши биланоқ Ўзбекистон Бош прокуратураси мисли кўрилмаган оперативлик билан уларга қарши жиноят иши қўзғатилганини хабар қилди.

Гулнора Каримованинг ўзи ўшандан бери уй қамоғида экани айтилади. Расмийлар изоҳламаган бу хабарни унинг ўғли кичкина Ислом Каримов хориж матбуотига тасдиқлади.

Гулнора Каримованинг бизнес шериклари ҳибсга олинганидан бери президент қизига алоқадор бўлган бинолар давлат фойдасига ўтказила бошлаганини Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идоралари ҳамда Давлат мулк қўмитаси томонидан тасдиқланган.

Ўшанда Давлат мулк қўмитасидаги манба Тошкентда мусодара қилинган Solid-Investment, Fast-Development, Panally LTD., Aval-Invest ширкатларига қарашли бинолар ва уларда фаолият юритган ширкатлар Гулнора Каримованинг хос ёрдамчиси Гаянэ Авакянга расмийлаштирилганини тасдиқлаган эди.

Айни пайтда Гулнора Каримованинг аҳволи ҳақида бир-бирига зид иддаоли хабарлар тарқатилмоқда.


Ўзбекистон ҳокимиятида ишончли манбалари бор эканини иддао қиладиган Uzmetronom Интернет газетаси Гулнора Каримова 8 июль - ўз туғилган кунини Болтиқбўйи давлатларидан бирида, яқинлари даврасида нишонлагани ҳақида ёзди.

Орадан бир кун ўтиб, рунетда президент тўнғичининг ҳамон уй қамоғида эканига шама қилувчи суратлар ҳамда унинг тутқунликдан туриб, 3 июль – синглиси Лола туғилган кунда ëзилган навбатдаги мактуби чоп этилди.

Шу тариқа, Ўзбекистонда ёпиқ эшиклар ортида судланган бу икковлон Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова гумонланувчи сифатида ўтаётган Швеция, Швейцария ва Францияда бораётган жиноят ишлари фигурантлари ҳамдир.
Гулнора Каримова йирик хориж ширкатлари, хусусан Швециянинг TeliaSonera ширкатидан Ўзбекистон телеком бозорига кириш имкони эвазига юзлаб миллион доллар миқдорида пора олганлик ва ноқонуний йўл билан ўзлаштирилган маблағларни легаллаштиришга уринганликда гумон қилинмоқда.

Европа мамлакатларидаги терговлар доирасида Швейцария, Швеция, Франция, Ҳолландия ва Латвияда Гулнора Каримовага қарашли банк ҳисоб рақамлари ва кўчмас мулк объектлари музлатиб қўйилгани маълум.

XS
SM
MD
LG