Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:53

"Ўзбекистон Қирғизистонга бажариб бўлмайдиган шартларни қўймоқда"


“Ўзбекистон Ўшга газ таъминотини қайта тиклаш эвазига Қирғизистондан Сўх анклавига йўлак очиб беришни ва Норин ГЭС каскадлари қурилишини тўхтатишни талаб қилаётир”. Қирғиз матбуоти Қирғизистон ҳукуматидаги исми сир тутилаётган ишончли манбага ишорат берган ҳолда мана шундай маълумотларни тарқатмоқда.

Ўзбекистон Ўшга газ беришни тўхтатганига бугун 62 кун бўлди. Газ таъминотини тиклаш борасидаги музокаралар уриниши эса, Бишкек расмийлари таъбирича, Тошкент томонидан эътиборсиз қолдирилмоқда. Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон Ўшга газ таъминотини тиклаш масаласида нега мана шундай позицияда тургани ҳақида жамоатчиликка ошкора маълумотларни бермади.

Фақат қирғиз парламентида бу масала ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилинди. 11 июнда ўтган мазкур йиғиндан сўнг журналистларга интервью берган депутатлар “Ўзбекистон Ўшга газ бериш эвазига Қирғизистон бажара олмайдиган шартларни қўймоқда экан” қабилидаги маълумотларни айтган эди.

Мана шу маълумот ортидан қирғиз матбуотида ҳукуматдаги ишончли манбага ишорат берилган ҳолда, “Ўзбекистон Ўшга газ таъминотини қайта тиклаш эвазига Қирғизистондан Сўх анклавига йўлак очиб беришни ва Норин ГЭС каскадлари қурилишини тўхтатишни талаб қилаётир”, деган маълумот пайдо бўлди. Номи сир тутилган ҳукумат расмийсининг матбуотга билдиришича, 2013 йилда Тошкентда чегара, газ ва сув масалаларини умумлаштирган тарзда музокаралар ўтказиш бўйича протокол имзоланган. Тошкент расмийлари мана шу протоколга асосланган ҳолда Бишкекка ўз талабини билдирган.

Қирғизистон ҳукумати қошидаги чегараларни аниқлаш ва ҳудудий ривожлантириш бўлими бошлиғи Қурбанбай Искандеров қирғиз матбуотида пайдо бўлган бундай хабарда жон бор эканини айтди:

-Чегарани аниқлаш масаласи иқтисодий масалалардан алоҳида муҳокама қилиниши керак. Ўтган йили Тўқўн Мамитов Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаган пайтида Тошкент билан чегара масаласини иқтисодий масалалар билан умумлаштирган ҳолда муҳокама қилишга келишиб олинган эди. Ҳозир биз бу келишувдан бош тортиб, чегара масаласи алоҳида ўрганилиши керак деган позицияда турибмиз. Ўзбекистон Сўх анклавига йўлак сўраётгани бор гап. Биз бунга рози бўлмаслигимизни айтганмиз. Чунки Сўх анклавига йўлак берсак, Қирғизистондаги Боткен вилоятининг ярмидан кўпроғи анклавга айланиб қолади, -деди Қурбанбай Искандеров.

Ўзбекистоннинг Сўх тумани Қирғизистон ичкарисида жойлашган. У Ўзбекистон учун эксклав, Қирғизистон учун эса анклав ҳисобланади. Фарғона вилоятига қарашли Сўх туманида 60 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.

Сўхликлар Фарғонага бориб-келиш учун Қирғизистон ҳудуди орқали камида 200 километр йўлни босиб ўтишлари керак. Агар Қирғизистон Сўхга йўлак берадиган бўлса, у ҳолда Фарғона-Сўх ўртасидаги масофа 15-20 километр бўлиб қолади.

Ҳукуматдаги ишончли манбага ишорат берилиб тарқатилган хабарда
Ўзбекистоннинг иккинчи талаби Норин ГЭС каскадлари қурилишини тўхтатиш экани айтилади.

Россия президенти Владимир Путиннинг 2012 йил 20 сентябрда Бишкекка қилган расмий сафри чоғида Қамбарота-1 ва Норин ГЭС каскадларини қуриш юзасидан икки томонлама шартнома имзоланган эди. Қиймати қарийиб 2,5 миллиард долларга тенг бўлган бу лойиҳаларни Россия томони тўлалигича молиялаштиришни ўз зиммасига олган. Норин ГЭС каскадлари қурилиши 2013 йилдан бошланиши режалаштирилган эди.

Ҳукуматдаги ишончли манбага ишорат берилиб тарқатилган хабарда Бишкек расмийлари Ўзбекистоннинг бу талабларини бажаришдан бош тортгани айтилади. Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев эса Ўшни мустақил тарзда газ билан таъминлаш масаласида кўрсатма берган.

-Президент Атамбаев Қирғизистонга берилаётган молиявий ёрдамларнинг бир қисмини Ўшга суюлтирилган газ етказиб беришга ажратиш шартлигини билдирди. Ўтган ҳафтанинг охирида Атамбаев Россия ҳукумати раҳбари Медведев билан телефон орқали суҳбатлашиб, Ўшга молиявий ёрдам кўрсатиш масаласини муҳокама қилган эди, -деди Қирғизистон президенти маъмуриятининг ахборот сиёсати бўлими раҳбари Алмаз Усенов.

Расмий маълумотга қараганда, Ўшга суюлтирилган газ етказиб бериш масаласи ва бу газнинг нархи қанча бўлиши ҳукумат томонидан ўрганилмоқда. Бироқ мутахасислар суюлтирилган газни Ўшга етказиб бериш жуда қимматга тушишини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG