Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:40

Ўзбекистон исломий ҳаракати Карачи аэропортига ҳужум учун масъулиятни зиммасига олди


Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Карачи аэропортига ҳужум уюштиргани иддао қилинаëтган 10 нафар худкуш аъзоси.
Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Карачи аэропортига ҳужум уюштиргани иддао қилинаëтган 10 нафар худкуш аъзоси.
Ўзбекистон исломий ҳаракати 9 июнь куни Покистоннинг Карачи аэропортига уюштирилган ҳужумни ўз худкуш мужоҳидлари амалга оширгани иддаоси билан чиқди. Бу ҳужум оқибатида 27 одам нобуд бўлди.

Наманганлик Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангоний томонидан ташкил топган Ўзбекистон исломий ҳаракати Ал-Қоида террор ташкилотига алоқадор гуруҳ сифатида халқаро террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган.

Ҳаракат эълон қилган баëнотда иддао қилинишича¸ Карачи аэропортига ҳужум уюштирган 10 нафар мужоҳид¸ олти соат давомида аэропортдаги Покистон ҳарбий учқичлари ва АҚШ жосуслик тайëраларинининг катта қисмини вайрон қилган.

Баëнотга худкушлик амалиëтини уюштирган ҳаракат 10 аъзосининг сурати ҳам илова қилинган ва бу ҳужумнинг Покистон армияси 21 май куни Вазиристондаги жанггарилар базасига уюштирган ҳарбий амалиëтлар учун қасос экани таъкидланган.

Ҳозирча Ўзбекистон исломий ҳаракатининг бу иддаоси расмий ëки мустақил манбалар томонидан тасдиқлангани йўқ.

2013 йилда Покистоннинг Кветта ва Курам минтақаларидаги ҳужумлар учун ҳам масъулиятни ўз зиммасига олган Ўзбекистон исломий ҳаракати¸ ўзининг бугунги асосий кураши Афғонистон хавфсизлик кучлари ва Покистон армиясига қаратилганини эълон қилган.

2009 йили АҚШ ва Покистон ҳарбийлари Жанубий Вазиристонда ўтказган ҳарбий амалиëтлар давомида ҳаракат асосчиси ва етакчиси Тоҳир Йўлдош ўлдирилган эди.
Ўзбекистон исломий ҳаракатининг ҳозирги амири Усмон Ғозий.
Ўзбекистон исломий ҳаракатининг ҳозирги амири Усмон Ғозий.

Қарийб бир йил сир тутилган Тоҳир Йўлдош ўлимидан сўнг майда-майда гуруҳларга бўлиниб¸ пароканда бўлган бу ҳаракатга унинг куëви Усмон Одил “амир” этиб тайинланган эди.

Усмон Одил ҳам 2012 йил йил апрелида Покистон ҳарбийлари ўтказган ҳаво ҳужумлари оқибтида ўлдирилгач¸ ҳаракатга Усмон Ғозий етакчилик қилишга ўтган.

Хавфсизлик бўйича таҳлилчилар¸ Тоҳир Йўлдош ўлимидан сўнг бир неча юз аъзоси қолган Ўзбекистон исломий ҳаракатининг ҳозирга келиб қайта жонланиб¸ бир неча минг кишилик бу гуруҳнинг Марказий Осиë хавфсизлигига таҳдиди ҳам кучайиб бораëтганини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG