Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:36

UzGazOil ишчилари Янгийўлдаги ғишт заводида мажбуран ишлатилмоқда


UzGazOil ишчиларининг айтишича, улар 1 кеча-кундуз АЁҚШда ишлайди, эртасига дам олади, индинига Янгийўлга ҳашарга боради.
UzGazOil ишчиларининг айтишича, улар 1 кеча-кундуз АЁҚШда ишлайди, эртасига дам олади, индинига Янгийўлга ҳашарга боради.

UzGazOilга қарашли автомобилларга ёнилғи қуйиш шаҳобчаларидан бири ходимининг Озодликка шикоятида келтирилган маълумотларни ширкат раҳбариятидаги ишончли манба тасдиқлади.

Маълум бўлишича, АЁҚШлар ишчилари ҳамда ширкат бош идораси баъзи бўлимлари ходимлари Янгийўлдаги ғишт заводида жорий йил мартидан буён давом этаётган “ҳашар”да иштирок этишга мажбурланмоқда.


Озодликка етиб келган шикоятда мана сўзлар бор:

“Узгазойл” сервис ходимлари Янгийўлдаги ғишт заводига мажбурий ҳашарга дам олиш кунининг иккинчи куни олиб бориб ишлатилаяпти. Тушликка 5 тадан гўмма беришаяпти. Ичишга чой, ейишга овқат йўқ. Шу ҳақда ёзинглар”.

Шикоятномадаги “дам олиш кунининг иккинчи куни” нима эканлиги унинг муаллифи билан суҳбат чоғида маълум бўлди: АЁҚШ ишчилари, одатда, бир кеча-кундуз ишлаб, икки кеча-кундуз дам олади. Шу икки кунлик дамнинг бир куни Янгийўлдаги ғишт заводида ўтмоқда.

Ширкатнинг Тошкентдаги шаҳобчаларидан бири бошлиғи Озодлик саволига жавоб берар экан, унинг 4 ишчиси икки кун олдин (31 май куни) ҳашарда иштирок этганини айтди.

Озодлик Янгийўлдаги ғишт заводида жорий йил мартидан буён ишлаётган Воситхон (исм ўзгартирилган) билан боғланишга муваффақ бўлди.
Воситхоннинг саволларимизга жавобан айтган қисқа-қисқа гапларидан мана бундай ҳикоя пайдо бўлди (овози ёзиб олинган):

“Янгийўлга эртага борман. Сменага (АЁҚШдаги ишни назарда тутаяпти – таҳр.) индинга чиқаман. Янгийўлга баҳордан бери боряпмиз. У ерда мардикорникига ўхшаган ишларни қиламиз. Заводдаги иш учун ҳақ беришмайди. АЁҚШдан ойлик оламиз холос. Сменадан чиқиб бир кун дам оламиз, эртасига Янгийўлга боришни мажбурий қилиб қўйган. Бормасангиз ишдан бўшатаман, дейди. Кеч қолсангиз, ёнингиздан йўл кира сарфлаб борасиз. Озиқ-овқатингизни ўзингиз билан опкетасиз. Заводни Ботир аканинг ўзиники дейишади. Менга ўхшаган ҳашарчилар 100дан ортиқ. Бормаган бир-икки кишини ишдан бўшатворди”.

Озодликнинг UzGazOilдаги ишончли манбаси (исмини ошкор қила олмаймиз) тингловчи шикоятида келтирилган ҳамда Озодлик саволларига жавоб берган АЁҚШ ишчиси айтган гапларни тасдиқлади.

Унинг айтишича, Янгийўлдаги ғишт заводи реконструкция қилинмоқда ва унда нафақат АЁҚШ ишчилари, балки UzGazOilнинг марказий офиси ходимлари, хусусан, идора соқчилик хизмати ҳамда шартнома бўлими ходимлари ҳам ишлатилмоқда.

“Янгийўлда ҳар куни тақрибан 80-90 киши ишлайди, бир марта борган одам 5-6 кун бормайди, ишчилар алмаштириб турилади, уларга Янгийўлдаги меҳнат учун иш ҳақи тўланмади”, деди Озодликнинг UzGazOilдаги манбаси.

Унинг айтишича, яқинда ҳашарга қатнашаётган бир ишчи бахтсиз ҳодиса қурбони бўлган: оёғи вагон остида қолиб кетган.

Илғаган бўлсангиз, UzGazOilнинг Тошкентдаги шаҳобчаларидан бирининг ишчиси “Заводни Ботир аканинг ўзиники дейишади”, деган эди.

Озодликнинг UzGazOilдаги ишончли манбаси эса, “Янгийўлдаги ғишт заводи ширкат раҳбари Тўраев Ботирнинг шахсий мулки, лекин уни бировнинг номига олган бўлиши керак”, деган иддаони қилди.

UzGazOil раҳбарияти билан кун давомида боғланишга уринишларимиз бесамар бўлгани учун бу иддаони расман тасдиқлатишнинг ёки инкор этишнинг имкони бўлмади.

Ботир Тўраев UzGazOil ширкати бош директори лавозимига, мазкур ширкатнинг эгаси ҳисобланган Зеромакс ширкати касодга учраши ортидан тайинланган эди.

Озодлик UzGazOil ходимларининг ўз ҳуқуқлари Ботир Тўраев томонидан топталаётгани ҳақида шикоят қилгани тўғрисида бир неча марта хабар қилган эди.

Ботир Тўраев Ўзбекистондаги энг йирик банклардан бири "Ипотекабанк" бошқарув кенгаши аъзоси ҳамдир.
XS
SM
MD
LG