Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:41

Екатеринбургда муҳожирлар яшаётган ёғоч уй ёниб кетиб, 6 ўзбек ўлди


Екатеринбургда 19 майга ўтар кечаси соат 3:30 ларда содир бўлган ёнғинда 6 нафар Ўзбекистон фуқароси ёниб кетди. Терговчилар ўзбек қурувчилари яшаб келган ёғочли бино ташқаридан ёқиб юборилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.


Екатеринбургда Сахалинская кўчаси 18/1 манзили бўйича жойлашган ҳовли уйлардан бирига 19 майга ўтар кечаси ўт кетди.

Оловни ўчиришга келган фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва полиция ходимлари куйиб кул бўлган уй хоналаридан 6 нафар мурдани аниқлади, дейди Озодликка тафсилотларни гапириб берган Россия Ички ишлар вазирлигининг Свердловск вилояти бўйича бошқармаси матбуот маркази раҳбари муовини Нина Пелевина.

- Екатеринбургдаги Сахалинская кўчасидаги ёниб кетган уйдан олиб чиқилган мурдалар ва жабрланганлар Ўзбекистон фуқаролари эrани маълум бўлди. Улар мана шу куйиб кетган уй эгасига қарашли қурилиш компаниясида қурувчи бўлиб ишлаган. Ўлганларнинг танаси қаттиқ куйиб кетган, шу сабабли аниқлаштириш учун полиция уларнинг Невьянск шаҳрида яшовчи яқинларини чақиртирди. Кейинги тафтиш билан энди Тергов қўмитаси шуғулланаяпти, деди Свердловск вилояти полиция бошқармаси расмийси Нина Пелевина.

Свердловск вилояти бўийча Тергов қўмитасида Озодликка танасининг бир қисми куйган ва заҳарланган бир нафар ўзбекистонлик оғир аҳволда Екатеринбург шаҳри 40-сонли шифохонага олиб кетилганини билдиришди.

Ҳодиса жойида Тергов қўмитаси оператив ходимлари, МЧС ва полиция ходимлари тергов-суриштирув ишларини олиб бормоқда.


Дастлабки тергов хулосаларидан ўлган муҳожирлар бирор қурол, пичоқдан ўлдирилмагани, улар ёнғин бошланганда заҳарланиб хонадан чиқа олмай, қолиб кетгани маълум.

Ҳозирча ёнғин сабаблари борасида бирор маълумот бера олмайман, деди Озодлик билан суҳбатлашган Россия Тергов қўмитасининг Свердловск вилояти бўйича бошқармаси вакили Александр Владимирович Шульга.

- Бу ҳодиса тергови билан шуғулланишни бугун эрталаб бошладик. Шу сабабли ортиқча маълумот бера олмайман. Ҳақиқатан, ўлганлар Ўзбекистон фуқаролари. Тафтишчиларнинг дастлабки тахминларига кўра, уй ташқаридан ёқиб юборилган бўлиши мумкин. Уйда яна бошқалар ҳам бўлган, лекин улар қаергадир қочиб кетибди. Билишимча, булар Россияда ноқонуний меҳнат қилаётганидан қўрқиб қочган, деди Александр Шульга.

Тергов қўмитаси расмийси мурдалар тиббий экспертизага юборилганини қўшимча қилди. У Ёнғинга қарши кураш бошқармаси хулосасида бино ёқиб юборилгани тўғрисидаги тахминлар ўз тасдиғини топса, тегишли жиноий иш қўзғатилишини айтди.

Материал эфирга узатилаётганида Екатеринбургдаги ёнғинда нобуд бўлган ўзбекистонликлар сони етти нафарга етгани хабари етиб келди: 40-шифохонага олиб кетилган ўзбек муҳожири ҳаётини шифокорлар сақлаб қола олмади.
XS
SM
MD
LG