Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:50

Фоҳишаликка мажбурланган ўзбекистонлик аёллар Покистондан депортация қилинади


Покистон суди одам савдоси қурбони бўлган ўзбекистонлик икки аёлни ватанига депортация қилиш ҳақида қарор чиқарди. Расмийларга кўра, улар Покистонга алдов йўли билан олиб келиниб, фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур қилинган. Уларни бу ишга мажбурлаган шахс қўлга олинган.

13 май куни Покистон судининг юқори лавозимли ҳаками Федерал тергов агентлигига одам савдоси билан шуғулланган гуруҳ томонидан фоҳишаликка мажбурланган ўзбекистонлик икки аёлни ватанига депортация қилиш тўғрисида буйруқ берди.

Покистон Федерал тергов агентлигининг Одам савдосига қарши кураш бўлими маълумотига кўра, одам савдоси билан шуғулланган гуруҳнинг Парвез исмли аъзоси ўзбекистонлик Виктория ва Нодира исмли икки аёлни Покистонга алдов йўли билан олиб келган.

Парвез ўзбекистонлик аёлларга 1000 АҚШ долларидан ойлик тўланадиган яхши иш билан таъминлаш ваъда қилиниб, мамлакатга келганидан сўнг улар фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур қилинган.

Душанба кунги судда ҳакам одам савдоси билан шуғулланганликда гумонланган Парвезнинг гаров пули эвазига озодликда юриши учун вақтинча берилган рухсатномани бекор қилиш тўғрисида қарор чиқарди.

Федерал тергов агентлигининг Исломобод бўлими бошлиғи Ином Ғани суд қароридан сўнг Парвез қўлга олинганини билдирди.

Исломобод халқаро аэропортининг Иммиграция идораси директори ўринбосари Муҳибулло Хон Озодлик билан суҳбатда ўзбекистонлик аёлларни ватанига жўнатиб юбориш ҳақидаги суд қарори ҳозирча амалга ошмаганини айтди.

- Уларнинг иши Покистон судида кўриляпти. Бу ҳақда батафсил маълумот бера олмайман, деди Муҳибулло Хон.

Маҳаллий нашрларга кўра, Ўзбекистоннинг Исломободдаги элчихонаси одам савдосининг қурбони бўлган Нодира ва Викторияга бошпана топишда кўмаклашган.

Бироқ Озодликнинг айни масалада Исломободдаги Ўзбекистон элчихонасига қайта-қайта қилган мурожаати жавобсиз қолди.

Бу ўзбекистонлик аёлларнинг хорижда фоҳишаликка мажбурлангани билан боғлиқ биринчи воқеа эмас.

4 май куни Ҳиндистон полицияси Деҳли яқинидаги Гургеон шаҳарчасида чет эллик аёлларни фоҳишаликка сотган йирик гуруҳни фош этган эди.

Гургеонда ўтказилган тунги рейдда фоҳишалик билан шуғулланган бир неча аёл, жумладан, 3 нафар ўзбекистонлик аёл ҳам ҳибсга олинган.

Жорий йил 13 январь куни Туркия полицияси Истанбул шаҳрида ўтказган рейдда фоҳишаликка мажбурланган 18 аёл қўлга олинган эди. Уларнинг аксари ўзбекистонлик бўлган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ёш аёлларнинг четга чиқишини назорат остига олганига қарамай, ўзбекистонлик хотин-қизларнинг Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Малайзия, Ҳиндистон, Покистон, Таиланд каби мамлакатларда фоҳишаликда гумон қилиниб қўлга олиниши воқеалари барҳам топмади.

Малайзия полициясига кўра¸ сўнгги бир неча йил давомида мамлакатда 267 нафар ўзбекистонлик фоҳиша ва қўшмачи қўлга олинган.
XS
SM
MD
LG