Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:40

Зоминлик ҳуқуқ фаоли Бош Вазир Шавкат Мирзиёевни судга берди


Алиқул Саримсоқов
Алиқул Саримсоқов
Таниқли хонанда Озода Саидзода (Нурсаидова) Шавкат Мирзиёевни судга беришга ҳозирлик кўриб турган бир пайтда Жиззах вилоятининг Зомин туманида истиқомат қилувчи ҳуқуқ фаоли Алиқул Саримсоқов Ўзбекистон Бош вазири устидан аризасини Олий Судга топширди. Саримсоқов Мирзиёевни шикоят аризаларига жавоб бермаётганликда айблаган. Жавобини ололмаган шикоятларида Алиқул Саримсоқов Жиззах вилоятидаги амалдорларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари устидан арз қилган.​ Ҳуқуқ фаоли фикрича, Бош вазир бу "амалдорларнинг ҳомийси бўлганлиги учун" ҳам унинг шикоятини эътиборсиз қолдиряпти.

12 май куни Ўзбекистон Олий Судига топшbрилган даъво аризасида Алиқул Саримсоқов суддан фуқароларнинг шикоят мактубларига жавоб бермаётганлиги учун Бош вазир жавобгарликка тортишни сўраган.

Алиқул Саримсоқовнинг айтишича, Олий Суд мулозими аввал аризани қабул қилишдан бош тортган:

- Олдин бундай аризани қабул қилмайман, деди. Ўзбекистон қонунларини рўкач қилиб, бақир-чақир қилганимдан кейин қабул қилишга мажбур бўлди, дейди Алиқул Саримсоқов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, ўз даъво аризасида у Шавкат Мирзиёевни фуқаролар шикоятларига эътиборсизликда айблаган:

- Мен уни (Бош вазирни - таҳр.) ўз ишига лоқайдлик қилаётгани учун айблаяпман. 31 мартда мен унинг номига Зомин туманида бўлаётган қонунбузарликлар ҳақида ариза ёзиб киритган эдим. Қонун бўйича у менга бир ой ичида жавоб бериши керак эди. Лекин орадан қирқ кун ўтган бўлса ҳам жавоб бўлмади, дейди ҳуқуқ фаоли.

Алиқул Саримсоқовнинг фикрича, Шавкат Мирзиёевнинг ўзи Зоминдан бўлганлиги учун ҳам туман амалдорлари Бош вазирнинг ҳимоясида фаолият юритади ва истаган қонунбузарликни қилади:

- 31 март куни ёзган мактубимда мен Бош Вазирга "Зоминдаги эркатойларингизни ноқонуний ҳатти-ҳаракатларидан қайтаришни ва она юртингизда тартиб ва адолатни ўрнатишни талаб қиламан", деб ёзган эдим. Эркатойлар деганим ҳоким, прокурор, милиция бошлиғи каби амалдорлар. Улар энангни, отангни деб сўкадиган, қорнини қаппайтириб юрган бойваччалар. Менинг ортимда Бош вазир бор деб, истаган қонунбузарлигини қилишади, дейди Алиқул Саримсоқов.

Ўзбекистон Олий Судининг канцелярия бўлими мулозими Озодлик билан суҳбатда телефон орқали бу ҳақда маълумот беролмаслигини айтди.

Алиқул Саримсоқовнинг айтишича, унинг даъво аризасини қабул қилиб олган Олий Суд мулозими суд бу ишни кўриб чиқиши ёки рад қилиши масаласида унга хабар беришини айтган.

Бундан олдин, 1 май куни ўзбекистонлик таниқли хонанда Озода Саидзода Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевни судга бериш ҳаракатида эканини билдирган эди. Озодлик билан суҳбатда хонанда 2006 йилдан буён катта саҳна ва телевидениеда унга қўйилган тақиққа масъул айнан Бош вазир эканини иддао қилганди.
XS
SM
MD
LG