Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:31

МТСнинг Ўзбекистонга қайтиши мумкинлиги тўғрисида яна бир хабар пайдо бўлди


МТСнинг Ўзбекистонда иш бошлаши ҳақида хабарлар Россия матбуотида пайдо бўлди. Интерфакс ахборот агентлиги хабарига кўра, жорий йилда МТС Ўзбекистон мобил алоқа бозорига қайтиши мумкин. Бироқ МТС расмийлари бу хабарни на тасдиқлади, на инкор қилди.

Асосий акциялари Россиядаги “Система” акционерлик-молия компаниясига қарашли МТС (МобильныеТелеСистемы) ўзбек мобил алоқа бозорига жорий йилда қайтиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатган Интерфакс ахборот агентлиги "Ўзбекистон ҳукуматидаги ишончли манбасига асосланиб" бундай хабар қилди:

“МТСнинг мамлакатда қайта фаолият бошлаши мумкинлиги ҳақидаги музокаралар энг юқори доираларда тўртинчи марта олиб бориляпти ва жорий йилнинг ўрталарига бориб бу ҳақда ижобий қарор қабул қилинишига умид қилинмоқда”, деб ёзди Интерфакс.

Агентликка кўра, ўтган ҳафтада МТСнинг Ўзбекистон устидан Сармоядорлар ўртасидаги келишмовчиликларни тартибга солувчи Вашингтондаги халқаро марказ (ICSID) га қилган даъвосидан воз кечгани мазкур масала билан боғлиқ жараён давом этаётгани белгисидир.

Кўрган зарарини Ўзбекистондан ундириш ҳақидаги МТСнинг даъвоси 2012 йилнинг 15 ноябрида қайдга олинган ва 2013 йилнинг август ойида ICSIDда бу баҳсни кўриб чиқиш учун трибунал ташкил қилинган эди.

Бу иш юзасидан биринчи эшитувлар ўтган йилнинг ноябрида ўтказилган эди. Жорий йилнинг 22 апрель куни трибунал “томонларнинг ўзаро келишувига кўра” ишни кўришни тўхтатди.


МТС компаниясининг матбуот хизмати ходими Дмитрий Слободников Озодлик саволларига жавобан МТСнинг Ўзбекистонга қайтиши ҳақидаги хабарни на тасдиқлади ва на инкор қилди:

- Биз бу вазиятни изоҳламоқчи эмасмиз ва бу ҳақда сизга ҳеч нарса дея олмаймиз, деди матбуот хизмати ходими.

Озодликнинг МТС компаниясидаги бошқа манбасига кўра, МТС билан расмий Тошкент ўртасида музокаралар тўхтагани йўқ:

“МТСнинг асосий акциялари “Система” акционерлик-молия компанияси акциядорларида. Ҳар қандай музокараларни ана шу компания олиб боради ва бизнинг билишимизча, Ўзбекистон ҳукуматининг юқори доирасида сўзлашувлар олиб бориляпти. Бироқ улар қандай натижа билан тугаши ҳали аниқ эмас”, деди манба.

Интерфакс хабарига кўра, “МТС-Ўзбекистон”нинг технологик қурилмалари ва операторнинг мобил алоқа тизими иш ҳолатида сақланмоқда ва қисқа муддатларда ишга тушиши мумкинлигини “Ўзбектелеком” компанияси билдирган.

МТС нинг Ўзбекистонда "Ўздунробита" номи остида фаолият олиб борган шўъбаси 2012 йил ёзида расмий Тошкент қарори билан фаолиятини тўхтатган эди. Ўзбекистон расмий идоралари "Ўздунробита" ширкатига йирик миқдордаги даромадни солиқдан яшириш, пул ювиш, мижозлар пулларини ноқонуний ўзлаштириш каби айблар қўйган.

Тошкентнинг МТС фаолиятини тўхтатиши оқибатида мамлакатдаги энг йирик мобил алоқа оператори бўлган "Ўздунробита"нинг 10 миллионга яқин мижози бир кунда алоқасиз қолган эди.
XS
SM
MD
LG