Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:27

Гулистонда Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси ўзини осди


Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги Меҳрибонлик уйида тарбияланган йигит ўз жонига қасд қилди. Озодлик манбасига кўра, ўзини осиб ўлдирган 21 ёшли йигит ётоқхонада яшаган ва ишсиз бўлган.

Сирдарё вилоятидаги Озодлик манбаси Гулистон шаҳридаги педагогика коллежи биноси олдида бир ёш йигит ўзини осиб қўйганини айтди.

- Гулистонда педагогика коллежи бор. Бу 2-3 кунлик воқеа. Ўша педагогика коллежнинг биноси олдида бир бола ўзини осиб қўйган. У ўзини осганми ёки осиб қўйишганми - буни ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ўрганяпти, - деди сирдарёлик манба.

Ички ишлар вазирлигидаги Озодлик манбаси эса ўз жонига қасд қилган йигит Гулистон шаҳридаги қурилиш коллежи ётоқхонасида яшаганини маълум қилди.

- У 1993 йилда туғилган ва Меҳрибонлик уйининг тарбияланувчиси бўлган. Гулистон шаҳар қурилиш коллежининг ётоқхонасида Меҳрибонлик уйини битирганларга жой берилади. У ўша ерда яшаб юрган. Ота-онаси йўқ, етим бўлган, - дейди Озодлик манбаси.

Иккала суҳбатдош ҳам 21 ёшли йигит ўз жонига қасд қилганининг сабаби ҳозирча маълум эмаслигини қайд этди.

Ички ишлар вазирлигидаги Озодлик манбаси ҳозир мазкур воқеа юзасидан Гулистон шаҳар прокуратураси ходимлари текширув олиб бораётганини қўшимча қилди.

Бу сўнгги беш кун давомида Ўзбекистонда ёш йигитнинг ўз жонига қасд қилиши бўйича Озодликка маълум бўлган иккинчи ҳодисадир.

16 апрель куни Тошкент Тиббиёт педиатрия институти қошидаги академик лицей ўқувчиси жасади пойтахтнинг Маннон Уйғур кўчасидаги дарахтлардан бирида осиғлиқ ҳолда топилган эди.

Учтепа туман ҳуқуқ-тартибот идорасидаги Озодлик манбасига кўра, дастлабки текширув натижалари 19 ёшли йигит ўзини-ўзи осганидан далолат бермоқда.

Ушбу воқеа юзасидан жиноят иши очилган ва Учтепа туман прокуратураси тергов-суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Озодлик ҳар иккала воқеа тафсилотларини ўрганишда давом этади.
XS
SM
MD
LG