Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:24

Ўшда даъватчиларга махсус форма берилди


Ўшда даъватчилар курсини тамомлаган диндорларнинг биринчи гуруҳи имом Бухорий масжидида.
Ўшда даъватчилар курсини тамомлаган диндорларнинг биринчи гуруҳи имом Бухорий масжидида.

Қирғизистонда даъватчилар курсларини тамомлаб даъватга кетаётган юзлаб диндорларга махсус кийим-кечак топширилди. Қирғизистон муфтияти бунинг ортидан мамлакатда узун арабча кўйлак кийган даъватчиларга нисбатан жамоатчиликнинг салбий фикри ижобий томонга ўзгаришидан умид қилмоқда.

Қирғизистон муфтияти томонидан ҳозирда Қирғизистоннинг барча вилоятлари ва шаҳарларида даъватчиларга махсус кийимларни топшириш ишлари олиб борилмоқда. Ўш вилоят қозиси Ниязали Ариповга кўра, мазкур кийимлар Ислом дини аҳлоқига амал қилинган ҳолда тайёрланган:

- Мазкур кийимлар номозхонлар учун қулайлиги билан ажралиб туради. Даъватчиларга махсус кийимларнинг берилиши муаммонинг ҳал этилиши йўлидаги бир қадам бўлади,деб ишонамиз, - деди Ниязали Арипов.

Гап шундаки, қирғизистонлик даъватчиларнинг кийимлари борасида жамоатчиликда турли салбий фикрлар айтилиб келинган. Даъватчилар баданни товонгача ёпиб турадиган узун оқ яктак кийиб юришлари матбуотда “миллий маданиятга зид кўриниш ва қирғизларни араблаштириш ҳаракати” сифатида танқид қилиб келинаётган эди. Муфтият ходимларининг Республика раҳбарияти билан бўлган учрашуви пайтида ҳам президент Алмаз Атамбаев шу масалани тилга олган. Ниязали Орипов янги кийим жамоатчиликнинг даъватчилар тўғрисидаги фикрларини ўзгартиришига умид қилмоқда.
Муфтий ўринбосари Равшан Эратов даъватчи сертификатини тақдим этмоқда.
Муфтий ўринбосари Равшан Эратов даъватчи сертификатини тақдим этмоқда.


Қирғизистон муфтиятидан олинган маълумотга қараганда, ушбу кийимларнинг тикилиши ўз исми ошкор қилинишини истамаган Қирғизистон фуқароси томонидан молиялаштирилган. Мазкур форма ҳозирда 1200 дона тикилиб, мамлакатнинг барча вилоятлари ва катта шаҳарларига юз донадан тарқатилмоқда. Кийим қирғиз халқининг маданияти ҳисобга олинган ҳолда тиззадан пастга туширилмай тикилган.

Жамоатчилик орасида даватчилар билим даражасининг сустлиги хам айтиб келинади. Шундан келиб чиқиб, Қирғизистон муфтияти Ўш шаҳрида даъватчиларга диний билим берувчи махсус курсларни ташкил этган эди. 15 апрель куни Ўшдаги имом Бухорий масжидида мазкур курсларни тамомлаган даъватчиларга сертификатлар топширилди.

- Қирғизистон мусулмонлар диний бошқармаси даъватчиларни ўқитиш, уларнинг билим даражасини кўтариш, сифатли даъват олиб бориши учун мамлакатнинг 4 вилоятида ўқув курсларини очган. Ўш вилояти ва шаҳрида Бухорий масжидида, Жалолобод, Чуй вилоятида ҳамда пойтахт Бишкекдаги марказий масжидда даъватчилар ўқитилаяпти. Бугунги кунда даъват курсларини 611 илми толиб тамомлади ва уларга сертификат берилди, -деди Қирғизистон муфтийси ўринбосари Равшан Эратов.
Тўқтўмамат Исраилов (ўнгда) муфтий ўринбосари Равшан Эратовдан даъватчи сертификатини қабул қилиб олмоқда.
Тўқтўмамат Исраилов (ўнгда) муфтий ўринбосари Равшан Эратовдан даъватчи сертификатини қабул қилиб олмоқда.


Мазкур курсни тамомлаган ва даъватчи формасини олган Тўқтўмамат Исраилов “Оллоҳ розилиги учун ҳаракат қилаётган даъватчиларга шароит яратилаётганидан” мамнун эканини билдирди:

- Мен бу ердан қалбимни оқ қилиб тозалаб, юрагимдаги ёмон сифатларни йўқотиб, Оллоҳ розилиги учун пайғамбарлар, саҳобалар қилган ишларни қиламан деган ниятдаман. Бизга берилган кийим жуда қулай, аввалгидай кийимларни киймай, шу билан даъватга борсак одамларнинг бизни қабул қилиши яхши бўлади, деган фикрдаман, – деди Тўқтўмамат Исраилов.
XS
SM
MD
LG