Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:46

Кеча мақталган “Оҳангаронцемент”да бугун тергов кетмоқда


Ўзбекистондаги расман мустақил, амалда ҳукумат позициясини акс эттирувчи айрим сайтлар “Оҳангаронцемент” заводида “кўплаб ҳуқуқбузарликлар ва молиявий қаллобликларга оид фактлар юзасидан” жиноят иши қўзғатилгани, тергов кетаётгани, завод бош директори иш жойидан ғойиб бўлгани тўғрисида хабар қилди.

Ўзбекистоннинг давлатга қарашли ахборот агентликлари эса, яқиндагина завод муваффақиятлари тўғрисида ёзган эди.

Баъзи таҳлилчилар “Оҳангаронцемент” билан боғлиқ можаронинг Жиззахнинг Зафарободида цемент заводининг ишга туширилиши билан бир пайтга тўғри келганига, бу завод эса, айрим юқори лавозимли амалдорларга қарашли бўлиши мумкинлигига эътибор қаратди.


Кечаги мақтовлар

2014 йилнинг 25 мартида ЎзТАГ “Оҳангаронцемент” компанияси 2014 йилнинг январь-февраль ойлари якунлари бўйича клинкер ва цемент ишлаб чиқаришни 30% кўпайтиргани” ҳақда хабар берган эди.

ЎзА эса 2013 йилнинг 11 февралидаги мақтов тўла мақоласида “Оҳангарон” ОАЖ (очиқ акциядорлик жамияти) да “1300 ишчи ва хизматчи меҳнат қилади. Завод фаолиятини таъминлашга зарур бўлган хизматларни кўрсатиш учун 1000 дан зиёд иш ўрни яратилган. Корхонада ишчиларнинг мазмунли дам олиши, уларни соғломлантириш ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун керакли барча шароитлар яратилган”, деб ёзган эди.

Бугунги айбловлар

“Оҳангаронцемент”га оид шу кунлардаги публикацияларда (масалан 12.уз сайтида) заводда маҳсулот ишлаб чиқариш кўлами ошгани “йилига 1 млн. 800 минг тоннага етказилгани” тан олинади.

Бироқ айни пайтда завод эгаси (Россиядаги “Евроцемент груп” холдинги) ишчилар маошини оширмаётганликда,иш ўринларини қисартираётганликда, ижроия ҳокимияти органларига ижтимоий масалаларни ҳал қилишга ва ҳатто рус православ черковига пул бермаётганликда айбланади.

Мақоланинг бошқа бир жойида “Оҳангаронцемент” атроф-муҳитни ифлослантираётганликда айбланади.

"Евроцемент"нинг ўзи ҳам куни кеча мақтанган эди

“Евроцемент груп”нинг расмий сайтида эса, сўнгги айбловни инкор этувчи фоторепортажни кўриш мумкин. Жорий йилнинг 8 мартида эълон қилинган мазкур пиар мақола “Оҳангаронцемент” раҳбарияти “Бу биз яшайдиган ва ишлайдиган юртдир” мавзуида ўтказган экологик акция тўғрисидадир.

“Евроцемент груп”нинг мақтанишича, акция давомида “75 гектарли майдон тозаланди, дарахтлар ва буталар оқланди, ўтирғичлар ва деворлар бўялди, 150 га яқин мевали дарахт кўчатлари кўчирилди” ва ҳоказо.

“Евроцемент груп”нинг бу пиар мақоласи ўз йўлига. Лекин унгача келтирганимиз ЎзТАГ, ЎзА ва 12.узнинг “Оҳангаронцемент”га оид хабарларининг қай бири вазиятни реал акс эттиради?

12.узга кўра, завод бош директори Денис Доценко нима учун шу кунда иш жойида йўқ? (“...ё оғриб қолди, ёки арз қилишга кетди, ёхуд қўрқаяпти”, деб ёзди сайт)

"Евроцемент" нима деди?

Ҳеч нима.

Озодлик саволларига “Евроцемент груп” (бош қароргоҳи Москвада) нинг матбуот хизмати жавоб беришни, умуман, завод билан боғлиқ вазиятни шарҳлашни истамади.

"Оҳангаронцемент" - учинчиси. Аввал "Қувасойцемент" ва "Бекободцемент"да можаро бўлган эди

Шуни айтиш керакки, “Оҳангаронцемент” билан боғлиқ можаро Ўзбекистонда цемент ишлаб чиқарувчи заводлар билан боғлиқ биринчи можаро эмас.

2012 йилнинг ёзида Ўзбекистон Бош прокуратураси Фарғонадаги “Қувасойцемент” заводининг Қозоғистоннинг United Cement Group ширкатига тегишли акцияларини ҳибсга олган эди.

Ундан олдинроқ эса, “Бекободцемент”нинг United Cement Group ширкатига тегишли акциялари Ўзбекистон Республикаси давлат мулк қўмитаси ихтиёрига ўтказиб берилган эди.

Можароларнинг муҳтамал сабабларидан бири

Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Солиқ қўмитасида бир неча йил масъул лавозимларда ишлаган Фазлиддин Нуриддинов бундан икки йил муқаддам “Қувасойцемент” ва “Бекободцемент”даги можароларга боғлиқ эшиттиришимизда иштирок этар экан, мана бундай деган эди:

- Биринчи навбатда шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда катта даромад келтирадиган қўшма корхоналар албатта, менинг билишимча, жуда катта мажбурий давлат солиқ ва тўловларидан бўйин товлайди. Орттирган капиталнинг Ўзбекистондан ташқарига чиқилишига сабабчи бўлади. Буни ўзбек расмийлари билади. Президент девонидагилар, Бош прокурор ҳам билади, МХХ раиси ҳам билади. Бирор-бир корхона атрофида можаро бошланса давлат билан, тушуниш мумкинки, давлат корхонани тортиб олмоқчи. Даромад келтирадиган корхоналарда текширув ўтказилади. Текширувчи идора юборилади. Албатта солиқлар тўланмаслиги тасдиқланади. Процедура бўйича у прокуратурага узатилади. Прокуратурада жиноий иш қўзғатилади, деган эди Фазлиддин Нуриддинов.

Яна бир муҳтамал сабаб

Шунга ўхшаш фикр “Оҳангаронцемент” билан боғлиқ можарони таҳлил қилган Узметроном сайтида ҳам билдирилди. Мазкур нашр “Оҳангаронцемент” билан боғлиқ можаронинг Жиззахнинг Зафарободида цемент заводининг ишга туширилиши билан бир пайтга тўғри келганига, бу завод эса, айрим юқори лавозимли амалдорларга қарашли бўлиши мумкинлигига эътибор қаратди.

Мулк ва мулкдор

Маълумотларга қараганда, “Оҳангаронцемент” мамлакатдаги цемент ишлаб чиқарувчи етакчи корхоналардан бири бўлиб, 2006 йилдан бери “Евроцемент груп” холдинги таркибидадир.

2013 йилнинг ёзигача Россия ширкатининг “Оҳангаронцемент”даги ҳиссаси 83.91 фоизни ташкил этар эди. Ўша йилнинг 1 августида "Евроцемент” мазкур завод акцияларининг мутлақ ҳаммасини сотиб олиш ниятини эълон қилган.

"Евроцемент" “Оҳангаронцемент” акцияларининг дастлабки 75%ини 2006 йили Гулнора Каримовага тегишли деб ишонилган "Zeromax" компаниясидан сотиб олган эди.
XS
SM
MD
LG