Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:54

"Ўзбеккино" "Нуҳ" фильми намойишини тўхтатди


Тошкент кинотеатрларининг актёр Рассел Кроу ижросидаги "Нуҳ" фильмини рухсатсиз намойиш қилаётгани ҳақида Озодлик радиоси хабар қилганидан сўнг Ўзбекистонда ушбу фильм намойиши тўхтатилди. Мусулмон давлатлари диний сабабларга кўра тақиқлаган мазкур фильмни изнсиз намойиш қилган пойтахтдаги учта кинотеатр жавобгарликка тортилиши айтилаяпти.


“Ўзбеккино” миллий агентлиги Тошкентнинг учта кинотеатрида намойиш қилинган Ҳолливуднинг “Нуҳ” фильми бўйича расмий баёнот эълон қилди.

Байнотга кўра, “Нуҳ” фильми “Ўзбеккино” рухсатисиз намойиш қилиб келинган.

“Шу кунгача тегишли лицензияга эга бўлган ҳеч бир юридик шахс "Ўзбеккино" Миллий агентлигига "Нуҳ" фильмини мамлакатимиз ҳудудларида намойиш этиш учун тавсия сўраб мурожаат қилмаган”, дейилади расмий баёнотда.

Тошкентдан олинган хабарга кўра, 28 мартдан бошлаб Тошкент кинотеатрларида режиссёр Даррен Аронофскининг "Нуҳ" фильми намойиши тўхтатилди. Ушбу фильмни рухсатсиз намойиш қилган кинотеатрлар жавобгарликка тортилиши айтилаяпти.

Пойтахтнинг “Mega Cinema”, “Asia” ва “Grand Cinema”кионотеатрлари ушбу фильм намойишини 27 мартдан бошлаган эди.

Озодлик мухбирининг ўрганишича, Нуҳ Пайғамбар 1000 ëшга кирганида юз берган тўфон ҳақида Инжил ҳикоясига асосланган фильм АҚШдаги премъерадан бир кун аввал кўрсатила бошланди.

Нуҳ Пайғамбар ҳақидаги мазкур фильмнинг намойиши диний сабабларга кўра, Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Покистон, Малайзия, Индонезия ҳамда Яқин Шарқ ва Шимолий Африканинг қатор мамлакатларида кўра тақиқланган.

Uzbekkino.uz сайтида эълон қилинган баёнотга “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг Лицензиялаш, аудиовизуал маҳсулотларни эксперт баҳолаш ва халқаро алоқаларни ривожлантириш бўлими бошлиғи Рустам Шарипов сўзларидан иқтибос келтирилган.

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 17 мартдаги 126-қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, “импорт ва экспорт қилинадиган кино ва видео маҳсулотларини эксперт баҳоси берилишини амалга ошириш, республика ҳудудида кино ва видеофильмларни кўрсатиш” ваколати “Ўзбеккино” Миллий агентлиги зиммасига юклатилган,- дейди Рустам Шарипов.

**********************************************************************************

Қуйида Озодликнинг 27 мартдаги мақоласи билан танишишингиз мумкин:


"Нуҳ" фильми "Ўзбеккино" ва диний идора изнисиз намойиш қилинмоқда


Тошкентдаги учта кинотеатда режиссёр Даррен Аронофски суратга олган диний мавудаги “Нуҳ” фильми намойиши бошланди.

Мусулмон мамлакатларида диний сабабларга кўра тақиқланган Ҳолливуд фильми бу кино суратга олинган АҚШдан бир кун олдин Тошкентда намойиш қилинмоқда.

Тошкентдаги “Mega Cinema” кинотеатрининг ўзини Алена Александрова деб таништирган маъмури бу филмнинг 27 март кунидан бошлаб катта залда кунига уч мартадан намойиш қилинаëтганини билдирди.

Кинотеатр маъмури фильм мутлақо легал тарзда намойиш қилинаëтганини иддао қилган бўлса ҳам¸ ўз сўзига бирор ҳужжат келтира олмади.

“Ўзбеккино” давлат ширкати вакилининг Озодликка айтишича, ҳар қандай фильм Ўзбекистон ҳудудида намойиш қилиниши учун мазкур идора махсус лицензия бериши керак. “Нуҳ” фильми учун биздан рухсатнома олинмаган”, деди “Ўзбеккино” идорасининг ўзини таништирмаган вакили.

Мулозимга кўра¸ “Нуҳ” фильми Ўзбекистонда кўрсатишга расман изн берилган кинолар рўйхатида йўқ.

Бундан ташқари Озодлик мухбири мазкур фильмнинг намойиш қилиниши тўғрисида Ўзбекистон Мусулмонлари идорасидан ҳам тегишли рухсат олинмаганини аниқлади.

Жорий қоидаларга кўра¸ диний мавзудаги фильм намойишидан олдин Ўзбекистон Мусулмонлари идораси комиссияси кинони кўриб¸ намойиш юзасидан ўз хулосасини бериши керак.

Диний идора вакили Озодлик билан суҳбатда “Нуҳ” фильми намойишидан диний идора хабарсизлигини айтди.


Тошкентдаги “Mega Cinema”, “Asia” ва “Grand Cinema” кинотеатрларида намойиш қилинаётган Нуҳ Пайғамбар ҳақидаги мазкур фильмнинг намойиши Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Покистон, Малайзия, Индонезия ҳамда Яқин Шарқ ва Шимолий Африканинг қатор мамлакатларида тақиқланган.

Бош ролларни Рассел Кроу, Эмма Уотсон, Энтони Ҳопкинс каби кино юлдузлари ижро қилган фильмнинг мусулмон мамлакатларида тақиқланишига ундаги воқеалар ҳикоянинг Қуръонда нозил бўлган оятларига мос келмагани сабаб бўлди.

Paramount Piuctures киностудиясида режиссёр Даррен Аронофски суратга олган бу фильм Нуҳ Пайғамбар минг ëшга кирганида юз берган тўфон ҳақида Инжилда берилган ҳикояга асосланган. Картинада Нуҳ Пайғамбар дунёни сув босиши тўғрисида Оллоҳдан ваҳий келиши ортидан инсониятни қутқариш учун кема ясайди ва унда одам зоти ва ҳайвонотни қутқаради.

Ўзбекистон диний идораси вакилининг айтишича¸ кино ëки бошқа визуал асарларда пайғамбарларнинг юзини кўрсатиш шариатга зиддир.

Ўтган ҳафтада “Нуҳ ва буюк тўфон” деб номланган аудио китобни ишлаб чиқарган Лондондаги Мirajproductions ширкати раҳбари Адиба Отаеванинг Озодликка билдиришича¸ Нуҳ пайғамбарнинг таниқли Ҳолливуд актери Рассел Кроу қиëфасида кўрсатилиши ислом қоидаларига зид.

Фильмни МДҲ ҳудудида намойиш қилиш учун ҳуқуқи бўлган Москвадаги “Централ Партнершип Сейлз Ҳауз” вакили Павел Верешчагин “Нуҳ” фильмининг Тошкент кинотеатрларида намойиш қилинишини “Интерфильм” назорат қилишини билдирди.

Верешчагинга кўра¸ “Нуҳ” фильмини намойиш қилишдан олдин ўзбек дистрюбютерлари маҳаллий идоралардан изн олишлари лозим бўлган.
Бундан ташқари “Централ Партнершип Сейлз Ҳауз” вакили Тошкент бозорларида сотилаëтган “Нуҳ” фильмининг CD,DVD ва бошқа шаклдаги нусхалари қароқчилик маҳслоти эканига эътибор қаратди:

- Биз бу кинони кўчириб сотиш ҳуқуқини биз ҳеч кимга берганимиз йўқ. Бу ғирт қароқчиликдир, деди суҳбатдош.

Озодликнинг Тошкентдаги манбаларига кўра¸ Ўзбекистон бозорларида “Нуҳ” ва бошқа Ҳолливудда яқинда ишлаб чиқарилган кино маҳсулотлари ëзилган DVD лар 26 мартдан бошлаб сотилмоқда.

Ўтган йили Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг фуқаровий эри Рустам Мадумаровга қарашли Nirvana дўконларида қароқчилик йўли билан ишлаб чиқилган контрафакт аудио-видео дискларнинг катта партияси мусодара қилинган эди.
XS
SM
MD
LG