Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:22

Жазо муддати тугаган Маматхоновнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда


Навоий қамоқхонаси ходимлари айни пайтда жарима изоляторига ташланган Маматхоновнинг яқинларига ҳуқуқ фаолининг кейинги тақдири ҳақида ўзлари ёллайдиган адвокат орқали маълумот олишлари мумкинлигини айтганлар.


Ғанихон Маматхоновнинг ўғли Жамолхоннинг Озодликка айтишича, жазо муддати тугаган ҳуқуқ фаолининг оила аъзолари Навоий қамоқхонасига у билан бирга уйга қайтиш умидида боргандилар.

- Навоий зонасига борганимиздан кейин [отамни] бизга кўрсатишмади, изоляторга олиб кириб қўйишган экан. 6 март куни бориб, аризани ёзиб, “кирамиз” деган жойимизда бизга аризамизни қайтариб бериб, “опкириб қўйилгани сабабли ҳозир кўролмайсизлар”, деди. “Сроги тугаган эди-ку бу одамнинг, нимага бунақа бўлди?” десак, “ички нарушение” дейишди, шу билан қолиб кетдилар тағин. “Хўп, бизга тушунтириб беринглар” десак, “тушунтириб беролмаймиз”, дейишди, - дейди Жамолхон Маматхонов.

Кейинги пайтда отасининг қон босими тез-тез безовта қилиб турганини қайд этган суҳбатдошимиз Жамолхонга кўра, қамоқхона ички тартибини бузишда айбланмиш Ғанихон Маматхоновга қўйилаётган айблов унинг яқинларига бачкана туюлган.

- Уларнинг гапи бўйича “уч марта ҳожатхонага сўрамасдан чиқилган”. Тўғрисини айтиб беришолмади бизга. “Тўғрисини қаердан билсак бўлади?” деб сўрасак, “ўзи чиққанидан кейин сўраб олаверасизлар”, дейишди. “Адвокат орқали мурожаат қилсаларинг бўлади”, деяпти, - дер экан Жамолхон Маматхонов ҳозир оила аъзоларида маблағ йўқлиги туфайли ҳуқуқ фаоли учун адвокат ёллашнинг имкони бўлмаётганини қўшимча қилди.

Фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячиси Ғанихон Маматхонов 2009 йилнинг 10 октябрь куни ҳибсга олиниб,Ўзбекистон Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора берганлик) ва 168-моддаси (фирибгарлик) бўйича айбланган ва 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Кейинроқ Фарғона вилоят аппеляция суди бу муддатни 4 йилу 5 ойга тушириб, жазони манзил колониясида ўташ ҳақида қарор қабул қилган эди. 2010 йилнинг апрелида эса Маматхонов манзил колониясидан яна қамоқхонага ўтказилган.

61 ёшли ҳуқуқ ҳимоячиси Ғанихон Маматхоновнинг жазо муддати шу йил 10 март куни тугаши керак эди.

Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев Ғанихон Маматхонов ишига аниқлик киритиш мақсадида Жазони ижро этиш бош бошқармасига ҳам мурожаат қилинганини, бироқ у ёқдан ҳам ҳозирча бирор жўяли жавоб олинмаганини айтади.

- ГУИНга бориб ҳам мурожаат қилдик. У томондан ҳам жавоб ололганимиз йўқ ҳали. [Улар:] “Биз суриштириб, жавоб ёзворамиз” дейишиб, мана шу ҳолат бўйича турилибди, - дейди Абдусалом Эргашев.

Айни пайтда Абдусалом Эргашев Ғанихон аканинг кейинги тақдирига оид пессимистик тахминлардан ҳозирча тийилиб турган маъқул, деган фикрда.

- Бирор майда нарушениеси учун уни йигирма кун ёки бир ойга [жарима изоляторига] тиққан бўлса, қўйиб юборишлари мумкин-да, - дейди Абдусалом ака некбинона умид билан.

Навоий қамоқхонасида қолаётган Ғанихон Маматхонов номи бир неча йилдан буён маҳаллий ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳисоботларида Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар қаторида зикр этиб келинади.
XS
SM
MD
LG