Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:26

Vimpelcom Ўзбекистонда TeliaSonera схемаларидан фойдаланган


Beeline мобил оператори эгаси Vimpelcom ширкати ҳам Ўзбекистонда TeliaSonera усуллари билан ҳаракат қилган.
Beeline мобил оператори эгаси Vimpelcom ширкати ҳам Ўзбекистонда TeliaSonera усуллари билан ҳаракат қилган.

Россия ва Норвегияга қарашли Vimpelcom ширкати Ўзбекистондаги фаолияти Ҳолландия прокуратураси олиб бораётган жиноят ишига сабаб бўлди. Ҳолландия прокуратурасининг маълум қилишича, 11 март куни очилган жиноят иши доирасида Гулнора Каримовага пора берганликда гумонланаётган Швециянинг TeliaSonera ширкати фаолияти ҳам текширилмоқда. Қароргоҳи Амстердамда жойлашган Vimpelcom телекоммуникацион ширкатининг Ўзбекистон билан боғлиқ бизнеси АҚШ қимматбаҳо қоғоз ва биржа операциялари бўйича комиссияси томонидан ҳам тафтиш қилинмоқда.



Бош қароргоҳи Ҳолландия пойтахтида жойлашган Vimpelcom акциялари Нью Йорк Фонд биржасида NASDAQ тизими орқали айланади. Ўзбекистондаги энг йирик мобил оператори Beeline эгаси ҳисобланган бу компания чоршанба куни ўз фаолияти АҚШ ва Ҳолландия ҳукуматлари томонидан тафтиш қилинаётганини эътироф этди.

Ҳолландия прокуратурасининг матбуот вакили Дики Гарденйер, Озодлик билан суҳбатда, Vimpelcom устидан жиноят иши қўзғатилганини тасдиқлади.

“Vimpelcom ширкати устидан жиноят иши очилганини тасдиқлайман. Ҳозирча, мазкур жиноят иши доирасида ким ва нимада гумон қилинаётгани борасида изоҳ бера олмайман. Чунки бу тергов энди бошланди ва олдимизда кўп нарсани аниқлаш вазифаси турибди, деди Ҳолландия прокуратураси расмийси Озодлик мухбирига.

Гарденйер хонимнинг яна айтишича, Vimpelcom билан биргаликда, Ўзбекистонда бизнес юритиш учун бу мамлакат президентининг қизи Гулнора Каримовага пора берганликда гумонланаётган Швециянинг TeliaSonera ширкатига нисбатан ҳам Ҳолландия прокуратураси томонидан тергов бошланган. Озодликнинг иккала ширкат ҳам бир жиноят иши доирасида тафтиш қилинмоқдами, деган саволини изоҳсиз қолдирган прокуратура расмийси, иккала ширкат устидан тафтиш бир кунда, 11 мартда бошланганини таъкидлади.

Озодликнинг Ҳолландия прокуратуарси ўрганаётган ишда Ўзбекистон фуқароларидан бирор киши фигурант сифатида кўрилмоқдами, деган саволни ҳам Гарденйер хоним очиқ қолдирди.

TeliaSonera ишини бир ярим йилдан бери тергов қилаётган Швеция прокуратураси терговчиси Гуннар Стеттлер 13 март куни Озодлик билан суҳбат давомида, Ҳолландияда очилган жиноят ишида ҳамкорлик қилаётганини билдирди.

- Мен учун Vimpelcom устидан бораётган иш қизиқ, чунки бу ширкат ҳам Ўзбекистонда TeliaSonera ширкати қандай иш олиб борган бўлса, айни усулда ишлаган. Лекин бир нарсани айтишим керак, мен фақатгина TeliaSonera тергови учун масъулман ва Vimpelcom устида бораётган терговни изоҳлай олмайман. Лекин шуни айтишим мумкинки, TeliaSonera ишини яхшироқ тушунишим учун Vimpelcom иши мени қизиқтирмоқда, чунки иккала ширкат ҳам Ўзбекистонда айни усуллар билан ҳаракат қилган, дейди швед прокуратураси терговчиси.

Vimpelcom ҳам, TeliaSonera ҳам Гулнора Каримованинг хос ёрдамчиси Гаянэ Авакянга тегишли Takilant Ltd. фирмаси билан олди-берди қилган.
Vimpelcom ҳам, TeliaSonera ҳам Гулнора Каримованинг хос ёрдамчиси Гаянэ Авакянга тегишли Takilant Ltd. фирмаси билан олди-берди қилган.
TeliaSonera ширкатининг Ўзбекистондаги фаолияти 2012 йилда Швеция терговчилари томонидан тафтиш қилина бошлаган пайтда, Vimpelcom ҳам ўзбекларга қарашли, лекин Гибралтарда рўйхатга олинган Takilant Ltd. фирмаси билан олди берди қилгани кўпчилик диққатини тортган эди. Чунки швед терговчилари TeliaSonera айнан Гулнора Каримованинг хос ёрдамчиси Гаянэ Авакянга тегишли Takilant Ltd. фирмаси воситасида ўзбекларга 350 миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганликда гумон қилмоқда.

Швеция прокуратураси терговида гумонланувчилар сирасида Ўзбекистон фуқароси Гаянэ Авакян ва Алишер Эргашевлар борлиги аниқ.

Чоршанба куни эса, айни иш билан бевосита боғлиқ Швейцария прокуратураси олиб бораётган пул ювиш жиноятига доир терговда ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова гумонланувчига айлангани маълум бўлди.

Озодлик швед журналистлари билан ҳамкорликда ўтказган суришитирув доирасида Гулнора Каримовага тегишли экани мутахассислар томонидан тасдиқланган дастхатларни ошкор қилган.
Озодлик швед журналистлари билан ҳамкорликда ўтказган суришитирув доирасида Гулнора Каримовага тегишли экани мутахассислар томонидан тасдиқланган дастхатларни ошкор қилган.
Бундан ташқари, Озодлик Швед жамоатчилик телевидениси журналистлари билан ҳамкорликда ўтказган суришитирув доирасида ошкор қилган, Гулнора Каримовага тегишли экани мутахассислар томонидан тасдиқланган дастхат эгаси Швециядаги жиноят иши доирасида ҳам гумонланувчи, деб кўрилмоқда.

Vimpelcom ширкати ҳам Takilant билан олди берди қилгани ҳамда Ўзбекистонда айни усуллар билан ишлагани инобатга олинса, Ҳолландия терговида ҳам айни шахслар гумонланувчи сифатида ўтаётган бўлишини хулоса қилиш мумкин.

Швеция Бош прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бошқармаси раҳбари Гуннар Стеттлер гапиради.

- Vimpelcom ишида ким гумонланувчи сифатида ўтаётганини изоҳлаш менинг вазифам эмас. Лекин бизнинг терговда аниқланган фактлар Takilant TeliaSonera билан ҳамкорлик қилганига ишора қилмоқда. Vimpelcom ширкатининг йиллик ҳисоботида бу ширкат ҳам Takilant билан олди берди қилгани эътироф этилган, дейди швед прокурори.

Бош қароргоҳи Ҳолландияда жойлашган Vimpelcom ширкати улушларининг қарийб 48 фоизи Россиянинг Altima компаниясига, 43 фоизи эса Норвегиянинг Telenor ширкатига қарашлидир.

АҚШ ҳукуматининг Қимматбаҳо қоғозлар ва биржа операциялари бўйича комиссиясининг катта қисми Россияга тегишли Vimpelcom ширкатини тафтиш қила бошлаши Вашингтон билан Москва ўртасида муносабатлар Украина устида чиққан қарамақаршилик боис тарнгалашган пайтга тўғри келмоқда.

Ўтган йили Ўзбекистон солиқ қўмитаси мамалкатнинг энг йирик мобил оператори Beeline эгаси ҳисобланган Vimpelcom фаолиятини тафтиш қилган, лекин ҳеч қандай қонунбузарлик топилмаганини билдирган эди.

Vimpelcom ширкатининг Ўзбекистондаги шўъбаси Beeline операторининг 10 миллиондан ортиқ абоненти бор.
XS
SM
MD
LG