Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:33

Нақд сўм тақчиллиги энг муҳтож қатламни пулсиз қолдирмоқда



Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги бир гуруҳ пенсионерлар номидан Озодликка мурожаат қилган Авазбек Мусаев Челак шаҳарчасидаги Агробанк бўлими ходимлари “юқоридан кўрсатма келгани” баҳонасида пластик картага ўтказилган пенсияни янги йилдан бери нақд пулда бермаётганидан шикоят қилди. Агробанкнинг Озодлик боғланган расмийси¸ пластик картага тушган пенсияни нақд пулда беришга чеклов йўқлигини билдирди.

Пайариқ туманида яшовчи кўзи ожиз Авазбек Мусаев Челак шаҳарчасидаги Агробанк бўлимига пластик картага ўтказиладиган пенсия пулини янги йилдан бери нақд пулда ололмаётганидан шикоят қилди:

- Ёши улуғ одамлар, 70-80га кирган одамлар, кейин байналмилал жангчилар, бошқа турдаги имконияти чекланган одамлар банкка борса, 200 минг сўм керак бўладими, 300 минг керак бўладими пластик карточкадан ечиб олиб, бефоиз қилиб берарди. 1 январдан то бугунгача шу нарсага блок қўйилган. Бояги айтган қатламдаги одамларга шу ҳам катта жабр бўлди, деди кўзи ожиз пенсионер.

Мусаевнинг иддао қилишича, Агробанк бўлими ходимлари унга пластик картага ўтказилган пенсиянинг нақд пулда берилмаётганини “юқоридан кўрсатма келгани” билан изоҳлаган.

- “Вилоятдан қўйилган бу нарса” деди. Туман Агробанки ҳам шундай деяпти, Халқ банкида ҳам шундай дейишяпти. “Вилоятдан чеклов қўйилган. Ҳозир нақд пул бериш йўқ бўлди” деб айтди, дейди кўзи ожиз пенсионер.

Челак шаҳарчасидаги Агробанк бўлимининг ўзини таништирмаган ходими Озодликка нақд пул билан боғлиқ муаммони эътироф этган ҳолда¸ банк ўз мижозларини нақд пул билан таъминлашга ҳаракат қилиб келаётганини даъво қилди:

- Йилнинг охирида нақд пул муаммо бўлиб қолган бўлиши мумкин. Лекин қўлдан келганча, борича қилиб бериб юбораяпти. Унақа муаммо бўлмайди, деди Челакдаги Агробанк ходими.

Агробанк вилоят бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими Озодликка пластик картага тушган маош ва пенсияларни нақд пулда бермаслик тўғрисида банкларга кўрсатма берилганини инкор қилди:

- Агар ўша фуқаро банкка бориб, пул ололмаган бўлса, агар шунақа ҳолат бўлган бўлса, банкларга илиб қўйилган Республика Марказий банкининг, ўзимизнинг вилоят бошқармасининг ишонч телефонларига қўнғироқ қилишсин. Биз ҳар доим мижозларнинг талабини 100 фоиз қондирганмиз. Мисол учун нақд пулга талаб бўлса, марҳамат, банкдан олинган ҳар доим, деди Агробанкнинг Самарқанд вилояти бошқармаси ходими.

Озодликнинг иккала банк "ишонч телефонлари"га сим қоқиб¸ изоҳ учун банк расмийлари билан боғланиш уринишлари натижасиз қолди.

Ўзбекистонда пластик картага ўтказилган маош, нафақа ва пенсияларни банклардан нақд пулда чиқариб олиш йиллардан бери давом этиб келаётган муаммо.

Банклар ва банкоматларда нақд пул етишмаслиги боис, фуқаролар пластик картага ўтказилган ойлик ва пенсияларини ўртакаш корчалонларга 10 фоиздан 20 фоизгача ҳақ бериб, нақд пулга айлантирмоқда.
XS
SM
MD
LG