Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:30

“Дангаса”ларни ҳимоя қилган мухолифат фаоллари 11 йилга қамалди


Мамлакат ичкариси ва ташқарисидаги миллионлаб мардикор ҳаққини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келган мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ ҳаракати фаоллари Фахриддин Тиллаев ва Нураддин Жуманиëзовлар 6 март куни Шайхонтоҳур туман суди ҳукми билан одам савдосида айбланиб¸ 10 йилу саккиз ойлик қамоқ жазосига тортилди.

Мамлакат ичкарисида “Ўзбекистон мардикорлар касаба уюшмаси” вакиллари сифатида асосан¸ ҳақсиз-ҳуқуқсиз мардикорлар ҳақларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келган Фахриддин Тиллаев ва Нураддин Жуманиëзовлар Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 135-моддасида кўзда тутилган “одам савдоси”да айбдор деб топилди.

Кейинги икки йил давомида Ўзбекистондаги ишсизлик¸ мардикорларнинг ҳақсиз вазияти ҳақида мустақил ва мухолиф нашрларга мунтазам ахборот бериб келган бу фаолларга мазкур жиноят учун кўзда тутилган энг оғир жазо қўлланилди.

Судланувчилар адвокати Полина Браунергнинг Озодликка айтилишича¸ тергов ва маҳкама жараëни аввалдан белгиланган тартибда¸ жуда тез ўтган:

- Тергов жуда тез якунланди¸ суд фавқулодда тез ўтди¸бор-йўғи икки ярим соат ичида ҳукм ўқиб эшиттирилди. Айблов хулосаси¸ фақат ва фақат жабрланувчилар кўрсатмасига асосланди. Жабрланувчиларнинг ўзи¸ жуда шубҳали одамлар. Ўзбекистонда энг бозорбоп сувоқчи-бўëқчи¸ чилангар каби касб эгалари бўлган бу одамлар¸ гўë¸ иш топа олмай¸ Жуманиëзовдан Қозоғистондан иш топиб беришни сўраган. Ўзининг қулликка солинганини иддао қилаëтган бу одамлар бир ой ўтар-ўтмас Ўзбекистонга қайтиб¸ дарҳол Жуманиëзов устидан шикоят аризаси топширади. Тергов ва судда фақат ана шу шахслар кўрсатмаси инобатга олинди. Уларни Қозоғистонда ишга жойлаган аëл кўрсатмаси эса¸ мутлақ инобатга олинмади¸ дейди судланувчилар адвокати.

Суҳбат давомида Браунерг¸ бу жиноят иши ва маҳкаманинг¸ махсус буйруқ асосида уюштирилган уйдирма эканини эҳтимолдан соқит қилмаслигини таъкидлади.

Марказий Осиë инсон ҳуқуқлари уюшмаси раҳбари Надежда Отаева Фахриддин Тиллаев ва Нураддин Жуманиëзов Ўзбекистондаги энг мазлум қатлам бўлган ҳам ичкари¸ ҳам хориждаги мардикорлар ҳақларини жиддий ҳимоя қилиш билан шуғулланганига шахсан ўзи гувоҳ эканини таъкидлайди:

- Ўзбекистон президенти Россиядаги мардикорларни “дангаса”га чиқарганидан сўнг¸ мардикорлар масаласи иқтисодий-ижтимоий муаммодан сиëсий масалага айланди. Каримовнинг бундай баëнотидан сўнг мардикорларни ҳимоя қилиш¸ бунинг учун мустақил касаба уюшмаси тузишнинг ўзи давлат сиëсати ва режимга қарши ҳаракатга айланди. Бундай сиëсатга қарши чиқишнинг оқибатлари оғир бўлажагидан жамоатчиликни қўрқитиб қўйиш учун Тиллаев ва Жуманиëзов иши тезгина ўйлаб топилди. Улар устидан уюштирилган тергов ва маҳкама жиноят-процессуал кодексининг аксар фундаментал қоидалари бузилган ҳолда ўтди¸ дейди Надежда Отаева Озодлик билан суҳбатда.

Фахриддин Тиллаев ва Нураддин Жуманиëзов устидан жиноят иши уларни ўзларини Қозоғистонга 600 доллар ойлик тўланадиган ишга жўнатамиз деб¸ аслида қулликка юборганини иддао қилган Фарҳод Пардаев ва Эркин Эрдонов деган шахслар кўрсатмаси устига қурилган. Бу шахсларнинг ҳақиқатда мазлум экани тўғрисида тергов давомида Тиллаев ва Жуманиëзов ташаббуси билан тузилган “Ўзбекистон мардикорлар касаба уюшмаси”нинг Жуманиëзов қамалганидан кейин раисига айланган Абдулло Тожибой ўғли кўрсатма берган. Адвокат таъкидича¸ айнан Тожибой ўғли ўз кўрсатмасида иккала судланувчининг мухолифатдаги Эрк партияси фаоллари эканини ҳам айб сифатида қайд этган.

Судланувчилар адвокати¸ қолаверса Тиллаев ва Жуманиëзов билан йиллардан бери инсон ҳақлари ҳимояси борасида ҳамкорлик қилиб келаëтган Надежда Отаева бу кўрсатмалар¸ хусусан¸ ўзи яқинларгача Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ҳақсизликни танқид қилиб келган Абдулло Тожиббой ўғлининг иштирокини махсус уюштирилган деб тахмин қилиш учун жиддий асослар борлигини айтади.

- Биз олган ишончли маълумотларга кўра¸ кечаги суддан кейин Тожибой ўғли Тиллаевнинг яқинларига SMS жўнатиб¸ агар ўзини танқид қилса¸ уларни ҳам қамоққа тиқиш билан пўписа қилган. Ўзини ҳуқуқ фаоли деган шахснинг бундай ҳаракати¸ кескин қораланиши лозим ва бу воқеа¸ хусусан Тожибой ўғлининг ўз ҳамкасбларига қарши кўрсатма бериши жиддий ўрганилиши лозим. Бунинг учун Тожибой ўғлидаан изоҳ кутаяпмиз¸ деди Надежда Отаева.

Озодлик мухбирининг Абдулла Тожибой ўғли билан боғланиш уринишлари ҳозирча натижа бермади¸ унинг телефонини кўтарган одам¸ ўзининг Тожибой ўғлига алоқаси йўқлигини билдириб¸ суҳбатни ўчириб қўйди.

“Ўзбекистон мардикорлар касаба уюшмаси” раҳбарлари Фахриддин Тиллаев ва Нураддин Жуманиëзовлар мухолифатдаги Эрк ва унинг асосида ташкил топган Ўзбекистон Халқ ҳаракати фаоллари ҳамдир. Улар 2012 йилдан бери ҳаракат нашрларида чиқишлар қилиб келган.

Ўзбекистон Халқ ҳаракати етакчиси Муҳаммад Солиҳ¸ улар устидан ўтказилган маҳкама ва чиқарилган жазо¸ жорий режим ўзига ҳақиқий мухолиф бўлганларни халқ олдида жазолаш ва шу билан халқни режимни танқид қилиш оқибатидан қўрқитиш кампаниясининг навбатдаги намунаси эканини таъкидлайди:

- Ўзбекистон ҳукумати ўзининг асл мухолифларини жазолаш учун бугунги замонага монанд бўлган янги уйдирма ўйлаб топди ва энди уларни одам савдосида айблашга ўтди. Бу худди 80-йиллар охири¸ 90-йиллар охирига қадар давом этган ëнидан наркотик моддалар ë тақиқланган адабиëт чиқди деган уйдирманинг айнан ўзидир¸ дейди мухолифат етакчиси.

Марказий Осиëда инсон ҳуқуқлари уюшмаси Тиллаев ва Жуманиëзовларнинг уйдирма айблар асосида жазоланган сиëсий маҳбус эканини халқаро ҳамжамиятга етказиш ва уларни озод қилиш кампаниясини бошлаш режасида.

Айни пайтда¸ улар адвокати Полина Браунерг¸ дастлабки инстанция судининг жиноят-процессуал қоидаларни бузиш асосида ҳукм чиқаргани юзасидан¸ гарчи бир нарсани ўзгартиришига деярли умид бўлмаса-да¸ юқори инстанция маҳкамасига шикоят топширишга ҳозирланмоқда.
XS
SM
MD
LG