Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:15

Швед канали Обид қорига уюштирилган суиқасд ҳақида фильм намойиш этди


Швециянинг SVT телеканали сешанба куни ўзининг "Жиноят хроникаси" теледастурида таниқли ўзбекистонлик имом Обидхон қори Назаровга қарши икки йил аввал уюштирилган суиқасд ҳақидаги фильмни намойиш этди.


“Стромсундда имомга суиқасд” деб номланган филм муаллифи Ўзбекистондаги таъқиблардан қочиб, 2006 йилда Швеция шимолида бошпана олган имомнинг ўққа тутилиши ҳақида ҳикоя қилади.

Ўз ватанида ўзгача фикри учун таъқибга учраган имом нега Швецияда БМТ қочқинлик мақоми бўла туриб ҳимоясиз қолиб кетди?

Филм муаллифи ана шу саволга жавоб топиш учун Швеция шимолидаги Стромсунд шаҳрида ҳозирда кома холатида ётган имомнинг ўғли Довудхон Обидхон ва швед полициячилари билан суҳбатлашди.

Стромсунд полицияси ҳамда Швециянинг SAPO хавфсизлик хизмати ходимлари Обидхон қори Назаровга қарши бу қадар таҳдид мавжудлиги ҳақида маълумотга эга бўлмаганликларини айтишди.

- SAPO ва полиция ўртасида маълумот алмашиш етарли даражада бўлмаган. Стромсунддаги бу жамоага хавф борлиги ҳақида SAPO ходимларига айтилган, лекин улар буни жиддий қабул қилмаган ва маълумотни полицияга тақдим қилмаган,- дея хулосалайди журналист.

Имомнинг ўғли Довудхон Обидхон эса Швецияга 2006 йилда илк келганларида шундай хавф борлиги ҳақида полицияни огоҳлантиришганини эслайди.

- Биз хавф борлигини доим полиция ва хавфсизлик идораларига айтиб келганмиз. Энди бунақа ҳолат аввал Швецияда бўлмагани учун хавфсизлик идоралари хавотирларимизни жиддий қабул қилишмади. Улар бизга ишонишлари керак эди,- дейди Довудхон.

Ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон қори Назаров 2012 йил 22 февралида Швециянинг Стромсунд шаҳарчасидаги ўз уйи йўлагида номаълум қуролли шахс томонидан отиб кетилган эди.

SVT журналисти қотиллик ортида ким турган, деган саволга ҳам жавоб излашга уринади.

Бу ерда тергов ишлари натижалари фақатгина Ўзбекистонга олиб боряпти, бошқа версия бу ерда кўринмаяпти, деган тахмин фильмда илгари сурилади.

Швеция хавфсизлик хизмати ўша куниёқ жиноятчининг изига тушганини маълум қилган. Жиноят жойидан топилган ўқ отар қурол, гувоҳлар кўрсатмалари асосида эҳтимолий жиноятчи Швецияда Ўзбекистон паспорти ва Россия Федерациясида берилган ҳайдовчилик гувоҳномаси билан юрган 34 яшар Юрий Жуковский экани матбуотга маълум.

Тергов бошидаёқ муҳожиратдаги ўзбек имомига уюштирилган бу суиқасд оддий жиноят эмас, балки имомнинг ўтмишдаги диний-сиёсий фаолияти билан боғланган, сиёсий мотивларга асосланган буюртма қотиллик экани ва катта эҳтимолда, буюртманинг Швеция ташқарисидан қилингани айтилган.


Обидхон қори Назаров икки йилдан бери комада қолмоқда.
Обидхон қори Назаров икки йилдан бери комада қолмоқда.
Швеция шимолида яшайдиган яна бир ўзбекистонлик имом Муҳаммадсолиҳ Абутов Обид қори Назаровга уюштирилган суиқасддан икки ойча олдин шахсан шундай хавф борлиги ҳақида полицияни огоҳлантирганини эслайди.

- Полиция биз билан учрашган эди. Ўша ерда Обид қори акани ўзлари ҳам бор эди. Ўшанда мен полицияга "дўстимиз Фуад Рустамхўжаевни Россияда отиб кетишди, ўзбек диктатори араб баҳоридан қўрқаяпти, уни одамлари Швецияга ҳам келиб отиб кетиши мумкин, маълум маънода хавф бор", деб полициячига айтган эдим. Икки ой ўтиб Обид қори акани отиб кетишди, икки йилдан буён қори ака комада ётибди,- дейди Абутов.

22 февраль куни Озодлик студиясида меҳмон бўлган Довудхон Обидхон ўғли ҳозир шифохонада оғир хаста ётган отаси анчагина соғайгани ва баъзи ҳолларда қисман ҳушига келиб, тана аъзолари ҳаракати воситасида оиласи билан мулоқот қилаётганини айтди.
XS
SM
MD
LG