Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:29

Швейцария музлатилган пулларни Ўзбекистонга қайтарадими?


Швейцария прокуратураси олиб бораëтган "ўзбеклар иши" доирасида музлатилган пулларнинг 600 миллион Швейцария франкидан иборат экани айтилмоқда.
Швейцария прокуратураси олиб бораëтган "ўзбеклар иши" доирасида музлатилган пулларнинг 600 миллион Швейцария франкидан иборат экани айтилмоқда.
Ўзбекистон Бош прокуратураси 17 февраль куни президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг яқинларидан 10 нафар шахсга нисбатан коррупция ва оғир иқтисодий жиноятлар юзасидан жиноят иши очди. Тўнғич қизнинг фуқаровий эри Рустам Мадумаров¸ унинг шахсий котибаси Гаяне Авакян ва мода лойиҳалари бошқарувчиси Екатерина Клюевалар Швейцария¸ Швеция ва Францияда бораëтган жиноят ишлари фигурантлари ҳам. Айни шахсларнинг айни айблар билан Ўзбекистонда ҳам қарийб икки йил ўтиб терговга тортилиши аксар кузатувчиларда бу жараëннинг Европадаги мазкур шахслар номидаги пул ва кўчмас мулкларни тошкентдагиларга қайтариш уриниши сифатида баҳоланмоқда.

Бу тахминларда қанчалик жон бор? Ўзбекистон ҳукуматининг швед¸ швейцар ва француз (жами 10 Европа давлати) прокурорлари томонидан коррупция ва пул ювиш шубҳаси остига олинган бойликларни мамлакатга қайтариш имкони қандай? Бу пул ва бойликларнинг¸ ҳозирча¸ ҳеч қаерда жиноят ишига тортилгани расман очиқланмаган асл эгаси деб кўрилаëтган Гулнора Каримовага қайтарилиш имкони қанча?

Шу каби саволлар билан Озодлик мухбири Швейцария банкларига қўйилаëтган ноқонуний пуллар тақдирини йиллардан бери кузатиб келаëтган швейцариялик мутахассисга мурожаат қилди.

Olivier Longchamp Швейцариядаги корпорациялар¸ банк ва ҳукумат агентликлари фаолиятини мониторинг қилувчи 20 мингдан ошиқ мутахассисни бирлаштирган Берн декларацияси деб аталган мустақил ноҳукумат ташкилотининг айнан реституция масалалари бўйича эксперти.

Швейцария банкларида очилган ўнлаб¸ балки юзлаб шахсий ҳисобларга қўйилган Ўзбекистондан ўғирланган пулларнинг (айрим тахминларга кўра¸ музлатилган қисми 680 миллион доллардан иборат бу пуллар жами миқдори 12-15 миллиард долларгача бориши мумкин) мамлакатга қайтарилиш истиқболлари ҳақида гапирар экан Longchamp, бунинг узоқ йилларга чўзилиши мумкин мураккаб жараëн бўлишини таъкидлайди:

Olivier Longchamp: Бу ерда икки нарсани бир-биридан ажратиб олишимиз зарур.

Биринчиси¸ прокуратура олиб бораëтган тергов ва бу мураккаб юридик жараëндир. Швейцария прокурорлари терговга тортилган шахсларнинг банк ҳисобларидаги пуллари ноқонуний йўллар билан топилганини исбот қилиши лозим. Швейцария банк ҳисобларидаги пуллар ҳалоллиги шубҳа остига олинса, уларни вақтинча музлатиш бир масала¸ аммо уларни мусодара қилиш¸ иккинчи масала. Кимнингдир банк ҳисобидаги пулни мусодара қилиш учун Швейцария прокуратураси бу пулларнинг ноқонуний йўллар билан¸ масалан¸ коррупция¸ давлат бойликларини ўғирлаш орқали топилганини маҳкамада исбот қилиши шарт.

Биз муҳокама қилаëтган вазиятда¸ Швейцария банкларига қўйилган пуллар Ўзбекистондан келган ва агар улар ноқонуний йўл билан топилган бўлса¸ жиноят Швейцариядан ташқарида¸ яъни Ўзбекистон ҳудудида содир этилган. Бу ҳолатда швейцар прокурорлари хорижий ҳудудда содир этилган жиноятни исбот қилиш каби ўта оғир вазифа қаршисида қолади.

Озодлик: 17 февраль куни Ўзбекистон Бош прокуратураси айнан Швейцария прокуратураси 2012 йил июлидан бери тергов амалиëтлари олиб бораëтган Ўзбекистон фуқароларига нисбатан жиноят иши очилганини эълон қилди. Бу шахсларга ўта оғир иқтисодий ва молиявий жиноят содир этганлик¸ хусусан¸ сохта молиявий тизимлар орқали Ўзбекистон ҳукумати ва йирик корхоналарига қарашли катта миқдордаги пулларни ўзлаштириб¸ уларни хорижга олиб чиқиш айби қўйилмоқда. Ўзбек прокурорларининг бу тергови Рустам Мадумаров¸ Гаяне Авакян ва Екатерина Клюева каби айбланувчиларнинг Швейцария банкларидаги музлатилган пулларини мусодара қилишга ëрдам берадими?

- Албатта¸ ëрдам беради. Чунки Швейцария прокурорлари музлатилган пулларни мусодара қилиш учун уларнинг асл бошдан ҳаром пул экани¸ турли схемалар воситасида ювилиб Швейцария банкларига келиб тушганини исбот қилиши керак. Бу иш қилингандан кейингина¸ жараëннинг учинчи босқичи бошланади – мусодара қилинган бу пуллар кимга ва қайси шартлар билан реституция қилинади¸ яъни қайтарилади. Ўзбекистон Бош прокуратураси Швейцариядаги тергов фигуранти бўлган шахслар устидан бошлаган жиноят ишида айбланувчилар пулларининг ноқонуний топилганини исботласа ва бу далил-исботларни Швейцариядаги ҳамкасбларига тақдим этса¸ бу ҳужжатлар музлатилган пулларнинг мусодара этилишига асос бўлиши мумкин.

Озодлик: Демак сиз¸ Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Мадумаров¸ Авакян ва Клюева каби жами 10 шахсга жиноят иш очиши остидаги асл мақсад бу шахслар номига Швейцария (ва бошқа Европа ) банкларида очилган ҳисоблардаги қарийб 700 миллион АҚШ доллари миқдоридаги музлатилган пулни Ўзбекистонга қайтариш эканига ишонасиз?

- Албатта¸ мақсад пулларни Ўзбекистонга қайтариш эканига ишониш қийин эмас. Тошкентдагилар бу шахсларнинг Швейцарияда музлатилган пулларини қайтариб олишнинг ягона йўли уларнинг ноқонуний эканини швейцар ҳуқуқ тизимларига исботлаш эканини тушунди ва шу боис Ўзбекистонда ҳам уларга жиноят ишлари очилди. Аммо бу жараëн улар ўйлаганчалик осон бўлмайди. “Музлатилган пулларни биз берган исбот-далиллар асосида дарров мусодара қилингу уларни дарров яна ўғирлаган шахсларнинг ўзгинаси ëки яқинлари ҳисобига қайтариб юборинг”¸ деган ҳийла бу ерда ўтмайди. Бу пуллар Ўзбекистон прокуратураси тақдим этадиган ҳужжатлар асосида мусодара қилинган тақдирда¸ уларни кимга¸ қачон ва қайси шартлар асосида қайтариш юзасидан қарор бериш Швейцария тизимлари ваколатидадир ва улар бу ишда ниҳоятда эҳтиëткор бўлишлари лозим. Билишимча¸ улар бу жараëндаги хатарлардан¸ яъни музлатиб¸ мусодара қилинган пулларнинг яна айнан ўғриларнинг ўзига қайтариш эҳтимоли кучлилигидан хабардорлар. Швейцария ҳукумати кейинги йиллар давомида ўнлаб бундай реституция сўрови юзасидан қарор берди ва йўл қўйган хатоларидан ўрганди¸ деб ўйлайман.

Озодлик: Агар Швейцарияда музлатилган “ўзбек пуллари”ни қайтаришнинг ягона йўли уларнинг ноқонуний эканини исботлаш бўлса¸ Ўзбекистон прокуратураси Швейцариядаги ўз ҳамкасбларини бунга ишонтириш учун қандай ҳужжат-далиллар тақдим этишлари керак бўлади?

- Биринчидан¸ улар пулларнинг бирламчи манбасини¸ айнан қаердан олинганини кўрсатишлари лозим. Иккинчидан¸ бу пулларнинг жиноий амалиëтлар орқали ўзлаштирилганини исботлашлари ва бу усулларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишлари керак. Швейцария солиқдан яширилган пулларни жиноят деб тан олмайди. Шунинг учун ўзбек прокурорлари бундан жиддийроқ далилларни кўрсатиши лозим. Масалан¸ бунча миқдордаги пул фалон куни¸ фалон шахс ëки ширкатга бозордаги фалон имтиëзни қўлга киритиш учун тўланган пора¸ ëхуд хизмат ҳаққи деб кўрсатилган мана бунча пул аслида фалон давлат тендерида ютиб чиқиш учун фалончи шахсга берилган откат¸ деган нарсани аниқ исботлаш керак бўлади. Ўзбекистон прокуратураси баҳс бораëтган пулларнинг келиб чиқиш жойи аввал бошдан жиноий эканини исботлай олса¸ бу пуллар дарҳол мусодара қилинади. Аммо мусодара қилиниши билан бу пуллар Ўзбекистон эмас¸ балки Швейцария ихтиëрига ўтади. Швейцария ҳукумати эса пулларни дарҳол Ўзбекистон ҳукуматига бериб қўймайди. Реституция¸ яъни ўғирланган пулларни асл эгасига қайтариш узоқ давом этадиган юридик эмас¸ балки сиëсий жараëндир. Ўзбекистон ҳуқуқ тизимлари швейцариялик ҳамкасбларига бу пуллар жиноий эканини исботлашга ëрдам берган тақдирда ҳам¸ улар бу пулларга қўл узата олишини англатмайди.

Озодлик: Пулларнинг Ўзбекистонга қайтарилиш-қайтарилмаслиги бўйича сўнгги қарорни Швейцарияда ким беради?

- Федерал даражада¸ яъни Швейцария ҳукумати беради бу қарорни. Реституция жараëни ҳам ҳар хил бўлиши мумкин. Кейинги йилларда кўп қўлланиладиган усуллардан бири¸ пул ўғирланган бирламчи мамлакат¸ биз муҳокама қилаëтган ишда¸ Ўзбекистон билан дипломатик келишувга эришиш бўлади. Бундан ташқари¸ пуллар ўз ҳудудида амалга оширилган жиноят асосида Швейцарияга олиб келинганини иддао қилувчи ҳукуматлар кенг кўламли халқаро қонунчилик асосида ҳам улар қайтарилишини талаб этиши мумкин. Шундай асослардан бири¸ 2003 йилда Мексикада имзоланган БМТ нинг Коррупцияга қарши Мерида конвенциясидир. Тахминимча¸ Ўзбекистон ҳукумати масалани икки томонлама келишув асосида ҳал этишга уринади ва бу мустақил жамоатчиликни хавотирга солмай қўймайди.

Озодлик: Ўзбекистондаги бошқарув тузуми табиати¸ хусусан¸ ҳуқуқ-тартибот идораларининг иш услуби халқаро майдонда кескин танқидга учраб келмоқда ва бу вазиятдан Швейцария ҳукумати¸ хусусан Ўзбекистон билан ишловчи дипломатларнинг хабари йўқ деб айта олмаймиз. Бошқа томондан¸ Ўзбекистон ҳукумати халқаро майдонда расман тан олинган ва халқаро қоидаларга кўра¸ дунëнинг исталган ҳукумати расмий Тошкент билан ишлаш¸ ҳамкорлик қилиш мажбуриятида. Мухолифларга кўра¸ Швейцария банкларидаги пуллар аслида Мадумаров¸ Авакян каби шахслар эмас¸ балки президентнинг қизи Гулнора Каримова¸ қисқаси, биринчи оилага қарашли. Бу пулларни Ўзбекистон ҳукуматига қайтариш¸ танқидчиларга кўра¸ пулни яна ўғрининг ўзига қайтариш бўлади. Бундай қалтис вазиятда Швейцария ҳукумати қандай йўл тутади¸ деб ўйлайсиз?

- Албатта¸ вазиятнинг нозик ва қалтис экани аëн ва шу боис биз каби мустақил гуруҳлар Швейцария ҳукуматини пулларни айнан асосий ўғриларга қайтаришдан сақлашга ҳаракат қиламиз. Бу тортишувда Швейцария ҳукумати “биз халқаро қонунларга бўйсунишга мажбурмиз ва расман эътироф этилган ҳар қандай ҳукумат билан ишлаш ана шу халқаро қонунларда белгилаб қўйилган”¸ деган аргументни келтиради. Афсуски¸ бу жуда кучли аргумент ва бизга ëқиш-ëқмаслигидан қатъий назар¸ халқаро муносабатлар шунинг устига қурилган.

Озодлик: Швейцария банкларида музлатилган пуллар¸ муҳрланган қимматбаҳо уйларнинг асл эгаси¸ жиддий иддоаларга кўра¸ Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовадир. Ўзбек мухолифати ва кўплаб мустақил таҳлилчилар¸ Ўзбекистон прокуратураси “а-ля Швейцария” руҳида бошлаган жиноий ишларнинг бош мақсади Гулноранинг пулларини унинг ўзи¸ ëки биринчи оилага қайтариб олиш¸ деган тахминни илгари суришмоқда. Аммо ҳозирча на Европада бораëтган ва на Ўзбекистонда очилган жиноят ишларида Каримованинг бевосита айбланувчи эканини тасдиқловчи расмий маълумот йўқ. Музлатилган пуллар тақдирини ҳал этишда уларнинг Гулнораники эканлигини истботлаш қанчалик муҳим? Швейцария маҳкамаси ëки ҳукумати халқаро матбуотда кенг ëйилган бу шубҳалар тасдиқланиши ëки тарқатилишини талаб қиладими?

- Швейцария¸ қолаверса¸ бошқа Европа давлатларида бу хусусда очилган жиноят ишлари¸ тергов манфаати боис¸ жамоатчиликдан сир тутилмоқда ва шу боис¸ Гулноранинг қайси давлатда бевосита гумонланувчи ëки айбланувчи эканини аниқ билмаймиз. Аммо Гаяне Авакян каби Ўзбекистон¸ қолаверса¸ Швеция ва Швейцария прокуратураси жиддий айблар қўйган шахс иши маҳкамага олиб келинар экан¸ ҳакамда жиддий саволлар туғдириши аниқ. “Қандай қилиб 23 яшар қиз номига очилган банк ҳисобига ярим миллиард доллар пул келиб тушди? Бу ëшгина қиз бу пулни қаердан¸ қандай топди? Бу пуллар унинг ўзиникими¸ ëки бошқа¸ қудратлироқ шахсларга қарашлими” деган саволлар шулардан айримлари¸ холос. Бу саволларга ойдинлик киритиш учун швейцар ҳаками бевосита Авакяннинг ўзини сўроқ қилиши керак бўлади. Фақат угина бу пулларнинг асл эгаси ким¸ деган саволга ойдинлик киритиши¸ ëки киритмаслиги мумкин. Лекин легал жараëнда бу пулларнинг айнан кимкини эканидан кўра¸ уларнинг ноқонуний¸ ҳаром пуллар эканини исботлаш муҳимроқдир¸ аниқроғи¸ энг муҳимдир.

Озодлик: Ўзбекистон прокуратураси¸ энг юқори даражада қарор берилса¸ Швейцария банкларидаги пулларнинг қачон¸ қандай топилгани ва қайси йўллар билан Швейцариядаги ҳисоб рақамларига келиб тушганини тасдиқловчи далил-исботларни осонликча тақдим этиши мумкин. Бундай далиллар¸ ëхуд компроматнинг МХХ ëки прокуратура ғаладонида йиллардан бери тўпланиб ëтганига оид тахминлар бор. Қолаверса¸ ҳуқуқ фаоллари¸ Мадумаров¸ Авакян¸ Клюева каби айбланувчилар¸ босим¸ балки қийноқ остида¸ ҳамма айбга иқрор бўлиб¸ ўзбек томони истаëтган далил-исботларни ўзлари тақдим этишлари ҳақида хавотир билдирмоқда. Бундай вазиятда¸ дейлик¸ Швейцариядаги пуллар гўë Мадумаров¸ Авакян¸ Клюевалар ҳисобидан мусодара қилиниб¸ Ўзбекистонга қайтарилади. Ўзбекистонга қайтарилди дегани эса¸ уларнинг асл эгаси¸ тахминларга кўра¸ Гулнора Каримова¸ëки биринчи оилага қайтарилгани демакдир¸ дейишмоқда мухолифат ва ҳуқуқ фаоллари. Швейцария қайтарадиган пуллар (агар қайтарилса) Каримованинг¸ дейлик¸ Аргентинадаги банк ҳисобларига бориб ўтирмаслигини ким¸ қандай назорат қилиши мумкин?

- Бу масъулият¸ Швейцария ҳукумати зиммасига тушади. Уларда реституция қилинадиган пулларнинг қаерга кетишини кузатиш¸ уларнинг нималарга сарфланишини белгилаш ваколати бор. Албатта¸ бу пулларнинг яна айланиб асл ўғрилар чўнтагига бориб тушиш таҳликаси¸ ҳамиша мавжуд ва ўтмишда бунга кўп гувоҳ бўлдик. Айни пайтда¸ бунинг тескарисини кўрсатувчи мисоллар ҳам бор. Биз каби гуруҳлар¸ пулларнинг ўғрилар чўнтагига қайтмаслигини имкон қадар кафолатлашга ҳаракат қиламиз. Аммо бу осон иш эмас.

Озодлик "Швейцария музлатилган пулларни Ўзбекистонга қайтарадими?" деган савол билан бошқа мустақил мутахассисларга ҳам мурожаат қилди ва улар жавоблари билан сайтимизда яқин кунларда таништиришда давом этамиз...
XS
SM
MD
LG