Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:01

Ўшда Навоий ва Бобур ёд этилди


Навоий ва Бобур таваллуд кунлари муносабати билан Ўш театрида ўтказилган тадбирдан лавҳа.
Навоий ва Бобур таваллуд кунлари муносабати билан Ўш театрида ўтказилган тадбирдан лавҳа.

13 февраль куни Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида Мир Алишер Навоий таваллудининг 573 йиллиги ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 531 йиллиги нишонланди. Бобур номидаги Ўзбек академик драма театрида бўлиб ўтган тадбирда 400 га яқин ўшлик қатнашди.


Мир Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд кунларига бағишлаб ўтказилган тадбирда Ўш ўзбек миллий-маданий маркази вакиллари, Бобур номидаги Ўш Ўзбек академик театри жамоаси, Ўш Давлат университети ўзбек филологияси кафедраси ўқитувчи ва талабалари, Ўш шаҳри ва вилоятининг турли жойларидан келган ижодкорлар иштирок этди.

- Алишер Навоийни бутун дунё танийди. Бобурни ҳам шоҳ, ҳам шоир сифатида бутун дунё танийди. Шунинг учун биз Қирғизистонда туриб, шу каби ўзбек даҳоларини элга танитиб, қирғиз, ўзбек халқига сиймоларимизнинг қандай мақсадлар билан яшаб ўтгани, уларнинг тақдирлари борасида гапирмоқчимиз, - деди Ўшдаги Ўзбек академик драма театри бош режиссёри Набижон Сабр.

Тадбирда сўзга чиққан Ўш Давлат университети доценти Саидакбар Махсумхонов ўзбекча бўлмаган мактабларда ўқиётган қирғизистонлик ўзбек ёшлари келажакда ўз она тили ва адабиётидан бехабар бўлиб қолиши мумкинлиги юзасидан хавотир изҳор қилди:

- Мен ўқимасин деёлмайман, ўзимнинг ўғлим ҳам рус мактабида ўқийди. Бу замон талаби. Фарзандларимиз давлат тилини, рус тилини, инглиз тилини билса, қандай яхши. Ҳозирги шароитда она тили ва адабиётини унутмасликнинг бирдан-бир йўли - таълим бошқа тилларда олиб борилувчи синфлардаги ўқувчилар фақат ўзбек болаларидан иборат бўлса, уларнинг ўқув режасига Навоий ва Бобур тилини, ўзбек адабиёти фанини киритишга эришиш зарур, - деди Саидакбар Махсумхонов.

Навоий ва Бобур таваллуд кунлари муносабати билан Ўш театрида ўтказилган тадбирдан лавҳа.
Навоий ва Бобур таваллуд кунлари муносабати билан Ўш театрида ўтказилган тадбирдан лавҳа.
Тадбирда Бобур театри ходимлари ва Ўш Давлат университети талабалари томонидан ҳазрат Навоий ва Бобур қаламига мансуб ғазаллар ижро этилди.

Тадбирда, шунингдек, қирғиз мактабида таҳсил оладиган ҳамда Навоий ва Бобур ижодига қизиқадиган ўқувчилар ҳам қатнашди. Улардан бири Алишер Навоийга бағишланган ўз шеърини, бошқаси эса ҳазрат ижодидан қирғиз тилига қилган таржимасини ўқиб берди.

Ўзбеклар ўз миллатдошлари бўлган ҳазрат Навоий ва Бобурни ёд этиб, уларнинг ижодини ўрганишга жаҳд қилаётганини эътироф этган ўшлик Ҳафиза Маҳмудова “бу алломаларнинг мақбараларини таъмирлаш ишларида ҳам шундай фаоллик кўрсатилса, соз бўларди”, дейди. Узоқ йиллар давомида Ўш вилоятининг Афғонистондаги савдо вакили сифатида фаолият юритган Ҳафиза опа Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Кобулдаги мақбараси имконияти бор ўзбеклар томонидан эмас, балки Оғахон жамғармаси томонидан таъмир этилганини ҳам ҳавас, ҳам бироз ўкинч билан қайд этади.

- Навоий қабридан кўра Бобур қабри ҳақиқатан яхши ҳолатга келтирилган. Бориб кўрсангиз, ҳавас қилгудек зиёратгоҳга айлантирилган. Ўша ерда бизнинг кўплаб сармоядор миллатдошларимиз бор, Афғонистонда бизнинг ўзбек алломаларимиз кўп, шуларнинг ҳам мақбараларига эътибор қаратишса, деб яхши бўлар эди, деб ўйлайман, - деди Ҳафиза Маҳмудова.
XS
SM
MD
LG